“Ғурумсарой” ва “Кенагас” обод масканга айланмоқда

04.06.2019, 11:14

“Ғурумсарой” ва “Кенагас” обод масканга айланмоқда

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши вакиллари ва маҳаллий кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ жойларга тушиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилмоқда, мавжуд муаммоларни ўрганиб ҳал этиш чораларини кўрмоқда.

“Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида жойларда ўтказилаётган учрашув ва очиқ мулоқотларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир.

Ишчи гуруҳ аъзолари бу галги ташрифини Поп туманида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурига киритилган  “Ғурумсарой” ва “Кенагас” МФЙда амалга оширилган ишлар билан танишишдан бошлади. Шунингдек, мазкур дастурлар доирасида ҳаётга татбиқ этилган лойиҳалар билан танишиш баробарида хонадонма-хонадон юриб, одамлар билан мулоқот қилди, муаммоларини ўрганди.

Учрашувлар давомида партия вакиллари ҳар бир мурожаатчининг арзи-ҳолини диққат билан тинглаб, уларда норозилик кайфиятини келтириб чиқарган ҳолатларни тегишли ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирокида чуқур таҳлил қилган ҳолда бартараф этиш чораларини кўрди. 

 “Ўрганишлар давомида 79 та хонадонда бўлиб, 100 дан ортиқ муаммоларни аниқладик, – дейди халқ вакили З.Арслонов. – Аксарият муаммолар жойида ҳал этилиб, мурожаатчиларнинг талаби қондирилди. Маълум муддат, яъни атрофлича ўрганиш тақозо этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли мутасаддиларга депутатлик сўрови чиқарилди. Сўровлар бўйича мансабдорларнинг асослантирувчи жавоблари олиниб, бевосита мазкур ташкилотлар ҳамкорлигида масалалар ижобий ҳал этилиб келинмоқда”.

З.Арслоновнинг қўшимча қилишича, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида “Ғурумсарой” МФЙдаги 4 километр ички йўлларга қум-шағал ётқизилиб, 2 км йўл асфальт қилинган. “Кенагас” МФЙда ҳам 2 километр ички йўлларга  шағал ётқизилиб, 1 км йўл асфальт қилинган. Айни пайтда ҳудудда ичимлик сув узатиш тармоғи тортилиб, янги замонавий маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилмоқда.

Мухтасар айтганда, Поп туманида “Обод қишлоқ” дастури асосида олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларидан тобора чирой очаётган ҳудуд қиёфаси одамлар турмушида акс этмоқда.

 Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    402
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+