Сирдарёлик фермер ёшларни ҳамкорликка чорлади

20.06.2019, 16:59

Сирдарёлик фермер ёшларни ҳамкорликка чорлади

“Меҳнат шуҳрати” ордени ҳамда “Шуҳрат” медали соҳиби, кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Бегматов ёшларни ҳамкорликка чорлаб шундай деди:

- Ким биз билан ишлашни хоҳласа келсин. Биз билан ишлайдиган ёшлар керак. Ер ҳам берамиз, ишлаб чиқаришнинг қайси соҳасида ишлашни хоҳласа ёрдам ҳам берамиз, зарур бўлса маблағ билан ҳам таъминлаймиз. Келинглар ҳамкорликда иш ўрганинглар, ҳунарли бўлинглар, умрингиз бекор ўтмасин. Алоҳида фаолият юритишларига ҳам шароит яратиб берамиз. Ҳудудларимизда қанча унумдор ерлар мавжуд ...”

O‘zLiDeP   Сирдарё вилоят Кенгаши, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, Ёшлар иттифоқи ҳузуридаги Ёш фермерлар Кенгаши ҳудудий бўлинмаси, ИИБ  ҳамкорлигида Гулистон туманидаги “Орол неъматлари” кўп тармоқли фермер хўжалигида “Фермер – мулкдор, тадбиркор, ишбилармон” мавзуида ёшлар саёҳати уюштирилди.

- Фермерликни биринчилардан бўлиб 25 ёшимда бошлаганман, - деди Баҳодир Бегматов. - Ўшанда биттагина “Алтай” тракторини сотиб олишга қурбимиз етган. Аммо ерни олишга олганману  бошда қийналганман. Лекин кўпчилик олдида уялиб қолмаслик учун тиним билмай ишладим, ҳаракат қилдим. Вақти келса ухламаган кунларим ҳам бўлди. Фақат ишни ривожлантиришга, нимаики янгиликни кўрсам шуни ҳаётга татбиқ этишга интилдим. Бугунги кунда ҳамма техникамиз мужассам. Тумандаги барча фермер хўжалигига хизмат кўрсатиш имкониятига эгамиз. Ундан кейин йилқичилик, балиқчилик, ўрдакчилик каби бир қатор соҳаларга қўл урдик. Ҳалол меҳнат, тинимсиз изланиш туфайли ишларимиз олға силжиб бораверди. Ғалла, пахтадан ҳар йили йиллик режани мунтазам 150-180 фоиз қилиб уддалаб келаяпмиз. Буни ҳозир осонгина гапириб ўтаяпману буларнинг барчасининг замирида  машаққатли, ҳалол меҳнат ётибди. Ерга меҳрингни бериб ишласанг, унга сарфлаган маблағингни беш-ўн баравар қилиб қайтариб оласан. Мен буни ўз фаолиятимдан олиб айтаяпман.

Минг марта эшитгандан кўра бир марта кўрган афзал ақидасига амал қилган Баҳодир Бегматов ёшларни икки йил аввал ташкил қилган 1,5 гектарлик узумчилик хўжалигига бошлади. Бир қатор қилиб кўтарилган, деҳқон меҳридан баҳра олиб яшнаб ривожланаётган узум кўчатлари ҳозирдан нишона берган. Баҳодир Бегматовнинг таъкидлашича, ҳали узум ниҳолларининг новдаси пишиб етилмаган, узум асосан уч йилдан сўнг ҳосилга киради. Узумнинг сара - ҳусайни, қора ҳусайни, мерседес каби 6 хилдан зиёд нави экилган бу узумзордан келгусида катта даромад олиниши кутилмоқда.   

Фермернинг 1,5 сотихлик боғига ташриф буюрганлар ғарқ пишиб ётган, новдалари ҳосилини кўтара олмай эгилган боғни кўриб ҳавасларини яшира олишмади. Айни ширага кирган қароли, олма, ўрикларни дарахт шохидан узиб ейишнинг гашти ўзгача бўлди.

40 гектар ерга экилган чигитнинг султон нави гулга кирган. Гўза ниҳолларига учинчи маротаба ишлов берилаётган майдонннинг ҳар гектаридан бу йил 50 центнердан пахта ҳосили олиш режалаштирилган.

Шундан сўнг ёшлар фермернинг 3 мингдан зиёд 2 ва 5-6 ойлик ўрдак-ғоз, ҳамда 50 дан зиёд курка парваришланаётган хўжалигида бўлишди. Меҳмонларни кутиб олган иш юритувчи Акрам Салимов уларни парваришлаш сирлари, парҳез гўшт етиштириш ва бу тармоқнинг афзалликлари хусусида гапириб берди. Тармоқни оилавий ривожлантиришга кўмаклашаётган Акрам Салимов балиқчилик хўжалигининг фаолияти билан ҳам таништирди. 20 гектар ерда ташкил қилинган сунъий кўлда 29 мингта балиқнинг сазан, толсталоб, амур турлари етиштирилаётган экан. Кузда балиқчиликдан ҳам халқ дастурхонига 50 тоннадан зиёд балиқ  маҳсулоти етказиб бериш мақсад қилинган.

Бу фермер, мулкдор, тадбиркор ва ишбилармон Баҳодир Бегматовнинг ҳамма қирралари эмас. У савдо, қурилиш соҳаларида ҳам самарали иш олиб бормоқда. Турк ҳамда хитойлик ишбилармонлар билан 3 та йўналиш бўйича мақсадли фаолият йўлга қўйилди. Дастлаб пайпоқ тўқиш цехи ишга туширилган бўлса, бугунги кунда турли ёшдаги аҳоли учун крассовкалар, темирга нақш ўйиш соҳаси ҳам олиб кирилди. Биргина турк ҳамкорлари билан ишга туширилган тўқимачилик корхонасида 500 дан зиёд хотин-қизлар ишга жалб қилиниб, уларга барча шароитлар яратиб берилди. “Зиннур лак-бўёқ” ишлаб чиқариш корхонаси ҳам ўзининг сифатли қурилиш маҳсулотлари билан танилиб қолди. Туман марказида ташкил қилинган “Grand study” ўқув марказида инглиз, она тили, корейс тиллари билан бир қаторда математика, физика каби бир қатор фанлар бўйича мукаммал машғулотлар олиб бориляпти.

Саёҳатдан сўнг яна дала шийпонида жамулжам бўлган ёшлар ўз саволларига атрофлича жавоблар олишди.

Тиниб-тинчимас фермер, мулкдор доимо изланишда. Эронлик ҳамкорлар билан 10 миллион долларлик лойиҳани амалиётга татбиқ этиш ҳамда Белорус тадбиркорлари билан янги-янги лойиҳаларни олиб кириш тараддудида.

Дилором ЭСОНОВА,

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

  • Кўрилди
    738
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+