O‘zLiDeP фракцияси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини маъқуллади

02.08.2019, 09:47

O‘zLiDeP фракцияси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини маъқуллади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастурининг жорий йил биринчи ярмидаги ижроси юзасидан ҳисоботини тўлиқ маъқуллади. Бу ҳақда фракция аъзоси Шуҳрат Шарафутдинов маълум қилди. 

"Айтиш жоизки, Вазирлар Маҳкамаси Давлат дастурининг жорий йил биринчи ярмидаги ижроси юзасидан ҳисоботни парламентга тақдим қилиши ҳокимият тармоқларидаги ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни сақлаш тизими амал қилишининг яққол намунаси сифатида парламентнинг ҳукумат фаолияти устидан самарали назоратни амалга ошириш, Ҳукумат ва парламентнинг ўзаро конструктив мулоқотини таъминлашга хизмат қилади.

Тузилиши бўйича яхлит ушбу ҳужжатни таҳлил қилар эканмиз, тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, уларнинг қонуний талабларини рўёбга чиқариш, муаммоли масалаларни ҳал этиш мақсадида 2019 йил 14 майда Президентимизнинг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилингани ҳамда у билан Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилгани Давлат дастурининг ижроси таъминланганини энг муҳим тадбирлардан бири сифатида баҳолаш мумкин, деган хулосага келдик.

Муҳокамаларда Давлат дастурини самарали амалга оширишда божхона, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғи имтиёзларини тақдим этишга бўлган амалдаги ёндашувни қайта кўриб чиқиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдик.

Тадбиркорликни ривожлантириш, давлат дастурларини амалга оширишда маҳаллий ҳокимият органларидаги мавжуд бюрократик тўсиқ ва субъектив омилларни бартараф этиш юзасидан Ҳукумат алоҳида кўрсатмадан иборат норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиб, қатъий назоратни амалга ошириши, зарур ҳолларда депутатлар билан бу соҳада фаол ҳамкорликни йўлга қўйиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шу билан бирга, жорий йилнинг иккинчи чорагида дастурнинг айрим бандлари ижроси давом этаётгани, баъзи бандлар ижроси муддати белгиланган тартибда узайтирилганини объектив ҳолат сифатида қабул қилиб, ушбу чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш борасида фракциямиз тегишли вазирлик ва идоралар билан яқиндан ҳамкорлик қилиши мақсадга мувовиқ, деб ўйлайман.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ҳаракатлар дастурида мамлакатда қабул қилинаётган Давлат дастурларининг, қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси устидан таъсирчан ва самарали назоратни амалга ошириш  бўйича белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ЎзЛиДеП фракцияси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини тўлиқ маъқуллайди", - деди депутат. 

  • Кўрилди
    888
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+