O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Давлат бюджети ижросини қандай баҳолайди?

27.08.2019, 17:50

O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Давлат бюджети ижросини қандай баҳолайди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджет-ларининг 2019 йил I ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Ахборотда қайд этилганидек, 2019 йилнинг I ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 52,9 фоизга ўсиб, белгиланган режа 108,9 фоизга бажарилди, унинг ялпи ички маҳсулодаги улуши эса 22,8 фоизни ташкил қилди. Мамлакат ЯИМ қарийб 222,0 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 5,8 фоизга ўсди. Хусусан, тармоқлар таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг улуши 27,3 фоиздан 24,3 фоизга камайган бўлса, саноатнинг улуши 27,1 фоиздан 30,3 фоизга, қурилишнинг улуши 7,3 фоиздан 7,6 фоизга ўсди. Аҳоли умумий даромадлари 153,3 трлн. сўмни ташкил этди ва 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 121,7 фоиз номинал ўсишига эришилди.

– Ўтган даврда 85,8 трлн. сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлашти-рилиб, уларнинг 70 фоизи жалб этилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилган бўлса, корхона, ташкилот ва аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан 30 фоиз молиялаштирилди. Бунда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан салкам 60 фоизга ўсиш қайд этилганини кўришимиз мумкин, – дейди O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Муродулла Турсунов. – Жорий йилда 604 та лойиҳани амалга ошириш орқали 9,1 млрд АҚШ доллари ҳажмида инвестиция маблағларининг 3,5 млрд. АҚШ доллари ўзлаштирилди, бунда ижтимоий соҳа, туризм, фармацевтика соҳаларига 63,2 млн., қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасига 203,5 млн. доллар миқдорида инвестиция маблағлари жалб қилинди. Республика бўйича 1779 та янги корхона ишга туширилиб, уларни жалб қилган ҳолда 605 млн. АҚШ доллари қийматидаги экспорт маҳсулотлари чиқарилди. Импорт таркибида энг катта улуш машина ва асбоб-ускуналар, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобига тўғри келди.

O‘zLiDeP фракцияси йиғилиши давомида марказлаштирилган инвестиция-ларни молиялаштириш харажатларига Давлат бюджети жами харажатларининг 5,6 фоизи сарфланиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 бараварга ортганлиги таъкидлаб ўтилди. Давлат бюджетининг марказлашган капитал қўйилмалари ҳисобидан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, хусусан ҳудудий аҳамиятдаги инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, давлат бошқаруви органлари, сув хўжалиги, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, автомобиль йўллари, кўприклар ва йўл ўтказгичлар қуриш ва реконструкция қилиш, ижтимоий соҳа, ичимлик суви ва оқава сув тармоқлари ишлари шулар жумласидандир.

– Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янгиланган талқини ишга туширилиши ўз самарасини бермоқда, чунки бугунги кунда порталга 141 та давлат хизмати жорий қилинган бўлиб, шулардан 50 таси инсон қатнашувисиз амалга оширилади, шунингдек аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу хизматлардан фойдаланиш учун 7,1 млн. дан ортиқ мурожаат келиб тушган, аҳоли учун 34 та, тадбиркорлик субъектлари учун 30 та ва улар биргаликда фойдаланиши учун 77 та давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда, – дейди O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Полянте Свешников. – Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш борасида 43,7 мингдан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорлар мустақил тарзда, 333,3 минг якка тартибдаги тадбиркорлар давлат хизматлари марказларида рўйхатдан ўтказилди.

Тадбиркорлик субъектларга энг оммапоб учта давлат хизматлари кўрсатилмоқда, хусусан Товарларни электрон декларациялаш, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини автомобиль транспортида олиб ўтишда юк ташувчилар томонидан Давлат божхона хизмати органларига олдиндан электрон маълумот тақдим этиш, ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига темирйўл транспорт воситаси орқали олиб кирилаётган юк ҳақида маълумот олиш, шулар қаторидан ўрин олган.

Йиғилиш давомида Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 6,6 млрд. сўмни ташкил этганлигини, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 58,7 фоизга ўсиб, ўтган даврда соҳадаги айрим тадбирларни амалга ошириш учун режалаштирилган маблағлар ўзлаштирилиши таъминланмаганлиги ҳам депутатлар томонидан қайд этилди. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ўқув-лаборатория, илмий, ишлаб чиқариш, диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш, Оналар ва болалар саломатлигини ҳимоя қилиш, шунингдек соҳанинг айрим тадбирларини амалга ошириш учун марказлаштирилган маблағлар тўлиқ ўзлаштирилмаганлиги шулар жумласидандир.

Тадбирда сўз олган фракция аъзолари Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижросини кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш амалиётидан самарали фойдаланиш Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сиёсий платформасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлиш билан бирга, иқтисодиётимизни либераллаштириш ва бозор муносабатларини янада чуқурлаштириш – халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилганлиги ҳамда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида парламент назоратини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтдилар.

Йиғилиш якунида фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджет-ларининг 2019 йил I ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар. Кун тартибидаги масала юзасидан O‘zLiDeP фракциясининг позицияси ишлаб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

  • Кўрилди
    774
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+