Пальма ёғи инсон саломатлиги учун хавфли(ми?)

18.09.2019, 13:08

Пальма ёғи инсон саломатлиги учун хавфли(ми?)

Мамлакатимизда аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, соғлом овқатланишни йўлга қўйиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу нуқтаи назардан аҳоли саломатлигини сақлашда озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги масалалари энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Таъкидлаш жоиз, Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан фуқароларимиз томонидан мамлакатимизга олиб кирилаётган пальма ёғи ва унинг асосида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон саломатлигига таъсири юзасидан тегишли давлат органларига маълумотлар сўраб сўровлар юборилди ҳамда ўрганишлар олиб борилди. Бу ўрганишлар депутатларнинг ўз сайловчилари билан учрашувларида, улар кундалик истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибида трансёғлари, хусусан, пальма ёғи миқдори белгиланган меъёридан юқори эканлиги ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, охирги уч йилда мамлакатимизга ўртача 50 минг тоннадан ортиқ пальма ёғи импорт қилинган. Бу, ўз навбатида, жорий йилнинг ўтган қисқа даврида пальма ёғи импорти ўтган йилларга нисбатан кескин ўсаётганлигидан далолат бермоқда.

Масалан, маргарин ва пишлоқ маҳсулотларида ёғ кислоталаридаги трансизомерлар миқдор кўрсаткичи бўйича 4 фоизгача этиб белгиланган бўлса-да, харид қилинган намуналарда уларнинг миқдори 8,8 фоиз, яъни ушбу маҳсулотлар таркибида бегона ёғларнинг миқдори 2 баробардан юқорилиги қайд этилди. Бу амалдаги “Сут ва сут маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент”да сут маҳсулотлари таркибида сут ёғларидан ташқари бегона ёғларнинг бўлмаслиги шартига зид бўлмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хулосасига кўра, пальма ёғи инсон саломатлиги учун хавфлилиги тиббиётда аниқланган бўлиб, ҳатто, эркакларнинг бепуштлигини ҳам келтириб чиқариши мумкин экан. Шу боис, бугунги кунда Ўзбекистонда амалдаги санитария қоидалари ва меъёрларига асосан болалар озиқ-овқати маҳсулотлари ишлаб чиқарилишида пальма ёғидан фойдаланиш таъқиқланган.

Таъкидлаш жоиз, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг парламент олдидаги ҳисоботида мазкур масала Ҳукумат вакиллари олдига қўйилган эди. Депутатлар таклифи бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат махсус Ишчи гуруҳи ташкил этилиб, масалани чуқур ўрганиш ва тегишли хулосалар чиқаришга келишилди.

Сўнгра, 2019 йил 19 август куни Вазирлар Маҳкамаси раёсати мажлисининг баёнида Давлат дастурининг ижроси юзасидан импорт қилинаётган пальма ёғининг озиқ-овқат саноатида ишлатиш билан боғлиқ вазиятни ўрганиш бўйича манфаатдор вазирлик ва идораларга вазифалар юклатилиб, тегишли муддатлар белгиланди.

Бироқ, мамлакатимизга кириб келаётган катта миқдордаги пальма ёғи қайси мақсадларда ишлатилиб, уни қандай назорат қилиш тартиби бўйича амалга оширилаётган ишлардан депутатлар ўз вақтида хабардор қилинмаяпти.

Бундан ташқари, Ҳукуматнинг ушбу масала бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар режасида белгиланган импорт қилинаётган пальма ёғининг озиқ-овқат саноатида ишлатиш билан боғлиқ қонун ҳужжатларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш натижаси бўйича 16 сентябргача деб берилган топшириғининг ижроси ҳам номаълумлигича қолмоқда.

Бундан кимдир манфаат кўраётгани аниқ.

Пальма ёғи — импортми? У валюта ҳисобига олиб келинадими? Нима, унинг ўрнини босувчи маҳсулот ўзимизда йўқми? Буни қайсидир идора ўйлаши керакми-йўқми?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги нега бонг урмаяпти?

Аҳоли соғлини сақлаш учун биз бюджетдан катта-катта пул сарфлаяпмизми? Пальма ёғи зарарининг олдини олсак, турли хасталикларнинг олдини олган бўламиз-ку. Пировардида, бюджет маблағлари иқтисод бўлади...

Халқ вакиллари томонидан олиб борилаётган ўрганишлар натижадорлигини таъминлаш мақсадида Ҳукумат бу борада тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг масъулиятини оширишига умид қиламиз.

 

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1084
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+