O‘zLiDeP ташаббуси: Хорижда вақтинча меҳнат қилаётган фуқаролар ижтимоий қўллаб-қувватланади

23.09.2019, 18:19

O‘zLiDeP ташаббуси: Хорижда вақтинча меҳнат қилаётган фуқаролар ижтимоий қўллаб-қувватланади

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши Президентимизнинг 2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармони тарғиботига бағишланган давра суҳбати ўтказди.

Тегишли соҳа вакиллари, Самарқанд вилоят Бандлик бош бошқармаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят филиали вакиллари иштирок этган тадбирда O‘zLiDeР томонидан илгари сурилган бир қатор таклифлар мазкур фармонда ўз аксини топгани қайд этилди.

–Партиямиз таклифига кўра меҳнат мигрантларига бир йил муддатга сўраладиган ҳужжатлар минимал пакети (паспорт, ариза ва меҳнат органининг илтимосномаси), гаров таъминотисиз, уни тезлаштириб бир банк иш куни давомида беришни расмийлаштириш маъқулланди, – дейди партия вилоят Кенгаши бўлим мудири Қ.Шойимов. –Шу билан бирга хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ бўлган харажатларни тўлаш учун 2 миллион сўм миқдорида микроқарзлар бериш тизими жорий этилмоқда. Эътиборли жиҳати, ушбу фармон билан ҳар бир суғурталанган меҳнат мигрантига йилига бир маротаба 50 минг сўм миқдорида хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида ҳаёти ва соғлиғи ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун суғурта компанияларига бирйўла субсидия тақдим этиш тартиби ишлаб чиқиладиган бўлди.

Тадбирда шунингдек, фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар ҳақида ҳам фикр алмашилди.

 Бахтигул ҚАРШИЕВА,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят

Кенгаши матбукот котиби

  • Кўрилди
    1195
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+