O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашининг сайловолди мажлиси видеоконференция тарзида ташкил этилди

28.09.2019, 16:43

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашининг сайловолди мажлиси видеоконференция тарзида ташкил этилди

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашининг кенгайтирилган XIII мажлиси бўлиб ўтди. 

Видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилишда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда муносиб иштирокини таъминлаш, партиянинг янгиланган дастури ва Сайловолди (платформаси) дастурида ҳаётий ва муҳим масалаларни акс эттириш ҳамда партиянинг навбатдаги Съездини чақириш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, бу йил парламент қуйи палатасига ҳамда маҳаллий кенгашларга депутатлик сайловлари бўлиб ўтади. Унда муваффақият қозониш эса кўп жиҳатдан партиянинг янгиланган дастури ва Сайловолди дастури қанчалик халқчил ва долзарб масалаларни қамраб олганлигига бевосита боғлиқ. Шу мақсадда O‘zLiDeP жойларда Ҳаракатлар стратегиясига мос тарзда янгиланган дастури ва Сайловолди дастури лойиҳасини кенг муҳокама қилмоқда. Ўтган тўрт ой давомида сайловолди дастури нафақат тадбиркорлар, фермерлар, партия фаоллари, экспорт ва мутахассислар балки, аҳоли кенг қатлами иштирокида муҳокама қилинди. Мақсад билдирилган таклиф ва тавсияларни дастурда акс эттириш орқали унинг ҳаётийлигини таъминлашдан иборатдир.

Мажлисда Партия дастури ва сайловолди дастури лойиҳаси Ҳаракатлар стратегиясига ҳамоҳанг тарзда бешта йўналишни қамраб олганлиги алоҳида эътироф этилди.

Партия давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш йўналишида «Электрон парламент» ва «электрон Халқ кенгаши депутатлари» концепцияларини амалга ошириш, Ўзбекистоннинг давлат бошқаруви сифатининг юқори даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига киришини таъминлаш, ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни жорий этиш, иқтисодиётнинг давлат томонидан тартибга солинишини янада қисқартириш, бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, “Электрон ҳукумат” концепциясини амалга ошириш масалаларига усутувор аҳамият қаратмоқда.

Йиғилишда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, аҳолининг адолатли судловга ишочини ошириш масалалари ҳам партиянинг диққат марказида эканлиги таъкидлаб ўтилди. Унга кўра суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд тизимини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимояланишини, адолатли судлов кафолатларини такомиллаштириш ҳамда “электрон ва рақамли суд” концепцияси, “халқ судьялари” “ҳакамлик суди” институтларини ташкил қилинишида фаоллик кўрсатади.

Мажлисда партия дастурининг Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Партия қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк ҳуқуқ ва кафолатларининг ишончли ҳимояланишини таъминлаш, тадбиркорлик ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш, «Бизнесни юритиш», глобал рақобатбардошлик, инновациялар, саноатнинг рақобатбардошлиги индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50 та мамлакати қаторидан Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш ва етакчи халқаро ва хорижий молия институтлари билан алоқаларни кенгайтиришнинг истиқболларига қаратилган аниқ вазифаларни қамраб олган. Зеро, O‘zLiDeP Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибардорлигини ошириш – бу мамлакатнинг жадал ва барқарор ривожланиши, иқтисодиётни рақобатбардошлигининг энг муҳим ва зарур шарти эканига ишонади.

Аҳамиятлиси, шу кунга қадар тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи юзлаб қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Партия миллий қонунчилигимиз ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда маҳаллий тадбиркорлар ва инвесторлар учун тушунарли бўлган ягона Инвестиция ва Тадбиркорлик кодексларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғоясини илгари сурмоқда.

O‘zLiDeP дастурида ўз аксини топаётган масалалардан бири 2020 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиётини ривожлантириш Стратегиясини ишлаб чиқишдир. Айни соҳадаги муҳим йўналиш Ўзбекистонни жозибали жаҳон туризми марказига айлантириш, мамлакатни дунёнинг сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган 10 та давлатлари қаторига киритишдан иборат.

Мажлисда шунингдек, партия дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишидаги вазифалар хусусида ҳам сўз юритилди. Бу борада соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида хусусий секторни жадал ривожлантириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли учун арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш масалаларига эътибор қаратилган.

Йиғилишда партия дастурини янада такомиллаштириш, уни давр талабларини акс эттирган халқчил дастурга айлантириш бўйича партия Сиёсий Кенгаш аъзолари томонидан таклиф ва тавсиялар билдирилди ва бўлажак сайловларга қизғин тайёргарлик кўриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек йиғилишда партиянинг навбатдаги IX Съездини чақириш ва шу муносабат билан ҳудудий партия ташкилотларининг конференцияларини ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Мажлисда кун тартибидаги муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    425
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+