Муаллим – инсон маънавияти меъмори

30.09.2019, 17:44

Муаллим – инсон маънавияти меъмори

O`zLiDeP Сирдарё вилоят ҳамда Сайхунобод туман Кенгаши ва Маърифатпарварлар жамияти томонидан “Устозларга эҳтиром” номли тадбир бўлиб ўтди. 8-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган анжуманда соҳада 40-50 йил меҳнат қилган, халқ таълими тизимининг ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган юз нафардан зиёд фахрий ўқитувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Туманда халқ таълими тизимида узоқ йиллар самарали ва ибратли меҳнат қилган, бугунги кунда номлари тарихга айланган устоз ўқитувчиларнинг тарихий  суратлари, меҳнат фаолиятлари бирма бир ёдга олинди. Бир вақтлар улар билан бирга елкама елка меҳнат қилган бугунги кунда эса номлари тарихда ҳамкасблари, устозларининг сиймосини кўрган муаллимларнинг кўзларида соғинч ёшлари қалқиди.

Устозларни 1-октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан O`zLiDeP Сайхунобод туман Кенгаши раиси Улуғбек Ниязов, дастлаб туманда партия фаолиятини ташкил қилишга бош-қош бўлган меҳнат фахрийси Гўзал Мамедова, туман “Маърифатпарварлар” жамияти раиси раиси Иброҳим Османовлар табриклашди.

Улар таъкидлаганидек, педагог халқи борки, бутун умрини халқимиз фарзандлари тарбиясига бағишлайди. Уларнинг ютуқларидан қувонади. Камчиликларидан куюнади. Ёш авлодни тўғри йўлга бошлашга ҳаракат қилади. Бир сўз билан айтганда устоз-муаллимлар умрининг бир дақиқасини зое кетмасликка интилади. Зиммасидаги юкни, масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда мазмунли яшайди.

Шундан сўнг Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг “Таъзим Сизга, устозлар” деб номланган мусиқали концерт дастури намойиш этилди. Устоз ва мураббийлар жажжи болажонлар томонидан тайёрланган куй-қўшиқ ва рақсларни, тумандаги Темурбеклар мактаби томонидан намойиш этилган қизиқарли чиқишларни мириқиб томоша қилдилар.

Тадбирда сўзга чиққан фахрий ўқитувчилар Бозорбой Болтаев, Каромат Қўзиева, Ҳамро Хайруллаев ва бошқалар тадбирда жам бўлган ҳамкасбларини устоз ва мураббийлар куни билан муборакбод  этишди.

-Мен бу тадбирни “Дийдор ширин” деб номлаган бўлардим, - дейди соҳада қирқ йилга яқин меҳнат қилиб нафақага чиққан устоз педагог Саодат Бозорова. - Негаки, бугун  йиллар давомида кўришмаган ҳамкасбларимиз билан кўришдик, дийдорлашдик. Дилдан суҳбат қурдик. Ўтган даврларимиз гоҳ кулишиб, гоҳ кўзларимизда ёш билан ёдга олдик.

Бозоровлар оиласини Сайхунобод туманида педагоглар оиласи сифатида эъзозлашади. Саодат опанинг  турмуш ўртоғи Алижон Бозоров ҳам  педагог. Кўп йиллар 2-умумтаълим мактаби директори, туман халқ таълими бўлими мудири вазифасида ишлаган. Уларнинг беш нафар фарзанди ҳам бугунги кунда ўқитувчилик касбини эъзозлаб келишяпти.

40 йилдан зиёд ўқувчиларга таълим-тарбия берган, бошланғич синф ўқитувчиси сифатида фаолият юритган, биринчи даражали “Соғлом авлод учун” ордени нишондори, Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси Хосият Шодмонова, иккинчи даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Бозорбой Болтаев ва бошқалар ҳақида ҳам илиқ фикрларни билдириш мумкин.

Тадбир сўнгида ҳар бир устозга эҳтиром кўрсатилди. Улар партия вилоят, туман кенгашининг эсдалик совғалари ҳамда “Ташаккурнома” билан тақдирланишди.

Куй-қўшиқларга дилдан рақсга тушган, ҳассага таяниб бўлса-да тардбирга ташриф буюриб  суҳбат қурган устозларнинг ширин дийдордан ажралишлари қийин бўлди. Бир-бирларини маҳкам бағрига босиб, катта таассуротлар билан хайрлашаётган фахрий устозларнинг хайрлашиш онлари янада ҳаяжонли кечди...

Ота фарзандига ҳаёт бағишласа, устоз унинг хат саводини чиқаради, ҳаётдан ўз ўрнини топишига кўмаклашади. Шу боис биз доим ўлмас касб соҳиблари бўлмиш устозларимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишни ўз бурчимиз, деб биламиз.             

Дилором ЭСОНОВА,

                   O`zLiLeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

  • Кўрилди
    2024
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+