“Миллий тикланиш” оилавий овоз бериш ўрнига корхонавий “ёппасига” овоз беришни тарғиб қилмоқчими?

17.10.2019, 16:02

“Миллий тикланиш” оилавий овоз бериш ўрнига корхонавий “ёппасига” овоз беришни тарғиб қилмоқчими?

Хабарингиз бор бу йилги парламент сайловлари “Янги Ўзбекистон янги сайловлар” шиори остида старт олди. Айни пайтда очиқлик, шаффофлик тамойиллари асосида партиялар ўртасидаги ўзаро рақобат чин маънода ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда.

Кўпчиликда бу йилги сайловларнинг олдингиларидан фарқи борми деган савол туғилиши табиий ҳол. Энг аввало шуни айтиш керакки, илк маротаба сайловлар Сайлов кодексида акс этган принциплар асосида ўтказилади. Унда кўплаб янги нормалар киритилди. Уларни ҳозир бирма-бир санаб ўтмоқчи эмасмиз. Деярли ҳар куни ОАВ орқали Сайлов кодексининг афзалликлари хусусида материаллар бериб борилаяпти.

Асосий жиҳатлардан бири, бу йил сайловчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилаётганлиги. Яъни электрон сайлов тизимини яратиш орқали сайловларнинг шаффофлигини таъминлаш бўйича ҳам амалий ишларга дадил қўл урилди. Мазкур тизимни жорий қилиш “бир сайловчи – бир овозга эга” принципини қатъий амалга ошириш учун киритилмоқда. Ушбу тизим жорий этилиши билан биринчидан, рўйхатнинг холислиги ва изчил янгиланиб бориши таъминланади. Иккинчидан сайловчилар яшаш манзили ўзгарганда онлайн тарзда мурожаат қилиб, сайлов участкасини ўзгартириши осон бўлади. Учинчидан, ҳар бир сайловчи тегишли маълумотлар базаси билан танишиш имкониятига эга бўлади. Тўртинчидан, округ ва сайлов участкаларида овозларни санаб чиқиш, якунларини умумлаштириш ишларини енгиллаштиради.

Очиғини айтиш керак, шу кунга қадар, битта сайловчи бир нечта рўйхатга кириб қолиши ҳолатлари яъни пропискаси бир жойда, яшаш жойи бошқа ерда каби ҳолатлар кузатилганди. Бундан ҳам ёмони мисол учун бир оилада беш киши сайлаш ҳуқуқига эга бўлса, уларнинг номидан бир киши сайлов участкасига бориб қолганларга ҳам овоз бериши каби хунук ҳолатлар афсуски кўп учраган. Масаланинг жиддийлиги шундаки, у демократик сайловларнинг асосий принципларидан бири - ҳар бир сайловчининг ўз ҳохиш-иродасини эркин рўёбга чиқариш хуқуқини амалга оширишига моънелик қиладиган, демакки сайловларнинг моҳиятини йўққа чиқариши мумкин бўлган салбий характерга эга ҳолатдир. “Бир сайловчи – бир овоз”га эга деган принципга айрим жойларда риоя этилмаганлиги халқаро кузатувчилар томонидан ҳам танқид қилинган. Шу боис сайлов жараёнига АКТни жорий қилиш бўйича хорижий тажриба ҳам батафсил ўрганилди. Ривожланган демократик давлатларнинг сайлов қонунчилиги ва амалиёти, хусусан 20 дан зиёд нафақат Ғарбий Европа, балки Шарқий Осиё ва МДҲ мамлакатларининг тажрибаси ҳам таҳлил қилинди.

Ана шундай бир вазиятда “чўққига чиқишни орзу қилаётган” “Миллий тикланиш” “Артел” компанияси заводига бориб ишчилар билан тайёрлаган ва ОАВ орқали оммага қайта-қайта кўрсатиб, видеоролиги орқали тарғиб қилаётган ғоя бироз ғалати. Унда компания ишчиларини халқ тилида айтадиган бўлсак “ихтиёрий-мажбурий” равишда бошлиқ “фатвоси”га кўра бўлажак сайловда ёппасига Миллий тикланиш партияси номзодларига овоз беришга “саф тортиб” кетаётгани кўрсатилган.  Мана сизга Янги Ўзбекистон, мана сизга янги сайловлар. Агар 21 асрда Ўзбекистонда очиқчасига шу усул тарғиб қилинаётганини хорижий кузатувчилар кўрса буни қанақа баҳолар экан? Барча жойда Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Сайлов кодексининг тарғиботи кетаётган, фуқароларга унинг талаблари, хусусан сайловчиларнинг ўз сайлаш ҳуқуқларидан ўзлари фойдаланиши лозимлиги, бу уларнинг конституциявий хуқуқи бўлиб, унга хоҳ маҳаллада бўлсин, хоҳ корхонада ҳеч ким таъсир қила олмаслиги тушунтирилаётган бир вақтда очиқчасига ушбу ҳаракатларга “тупуриш”ми, ёки “Миллий тикланиш” партиясида ушбу сайловлар жараёнида бот бот кузатилаётган оддий қонун нормаларини билмаслик ҳолатими?

Ушбу муносабат охирида айтар сўзимиз: “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўрганишларига кўра бугун сайловчилар ишончини қозониш даражасига кўра энг охирги ўринлардан бирида (фақат Экопартиядан сал тузукроқ аҳволда ва бошқа партиялардан анча орқада) бўлган МТДП ўзини ҳар мақомга солиб сайловчилар эътиборини тортишга ҳаракат қилмоқда. Лекин, ушбу интилишлар фуқароларни билиб билмасдан қонун бузишга чақириққа айланиб кетмаслиги, бугун Ўзбекистон ўз сайлов тизимида бартараф қилишга астойдил ҳаракат қилиб, қутилишга ҳаракат қилаётган “оилавий”овоз беришлар ўрнига, ундан баттар усул – кимнидир кўрсатмаси билан “корхонавий” овоз беришни тарғиб қилишга ўтмаслик керак. Бундай ёндашувлар янгича асосда ўтказилаётган бутун сайловлар жараёнига тескаридир.  

ҚЎРҚМАС БАҲОДИРОВ

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    2215
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Хожаниязова Лола Ачиловна 2019-10-17 16:56:06

Сайловларга таёргарлик жараёнида ҳиссиётларга берилиб, ўринсиз фикрлар айтиш партиянинг обрўсини оширмайди, аксинча халқ олдидаги шундоғам аранг эришилган нуфузни тушириб юборади. Қолаверса, жимжимадорлик, қуруқ гап сайловчининг, оддий халқнинг ғашига тегади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+