Боланинг бегонаси бўлмайди

18.10.2019, 15:03

Боланинг бегонаси бўлмайди

Сир эмас, мамлакатимизда болалар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган, манфаатлари муҳофаза қилинган. Ўзбекистон бола ҳуқуқларига оид бешта халқаро конвенцияга қўшилган. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясида назарда тутилган мақсад ва вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этиляпти. Конституциямиз ва бошқа қатор қонунлар асосида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари таъминланмоқда. Жумладан, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари юртимизда навқирон авлодни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, турли таҳдид ва маънавий хуружлардан асраш, мажбурий меҳнатга жалб этмасликка хизмат қиляпти.

Жорий йилнинг 10 октябрь куни Президентимиз топшириғига биноан “Меҳр-2” номли инсонпарварлик операцияси доирасида ўзбекистонлик 64 нафар бегуноҳ бола махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келингани ҳам ана шу ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.

Эндиликда бу болалар барча қулайликларга эга соғломлаштириш муассасасига жойлаштирилди. Мутахассислар уларга ҳар томонлама тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатади. Болалар учун иссиқ овқат ташкил этилиб, янги кийим-кечак билан таъминланади. Уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳомийлар ва васийларга бириктириш, боғча, мактабга жойлаштириш масалалари ҳам ҳал этилади.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбари бошчилигидаги бу хайрли ишни қанча гапирсак, қанча олқишласак шунча кам. Шуниси аниқки, узоқ, нотинч жойларда қийналиб юрган ўзбек фарзандларига ватанига қайтиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиш учун сифатли таълим олиш, ёш қалбидаги орзу-истакларини амалга ошириш имконияти яратилди. Бу эса давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар инсонпарварлик тамойилига асосланганлигини, мамлакатимиз тақдири соғлом ва теран фикрли ёшлар қўлида эканлигини кўрсатувчи яна бир ёрқин далилдир. Инсон ҳаёти, қадр-қиммати баланд, фарзандларига ғамхўрлик юқори бўлган юрт эса асло кам бўлмайди.

Давлатимиз раҳбарининг бағрикенглик сиёсати асосида амалга оширилаётган “Меҳр” инсонпарварлик амалиёти тўхтаб қолмайди, аксинча фаол давом этади.

Дилрабо Сайдуллаева,

O'zLiDeP фаоли

  • Кўрилди
    110
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+