Депутат сўровига жавоб йўқ. “Сирдарёавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти раҳбари бугунги ислоҳотлардан бехабарми?

21.10.2019, 16:46

Депутат сўровига жавоб йўқ. “Сирдарёавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти раҳбари бугунги ислоҳотлардан бехабарми?

Халқ депутатлари Ховос туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик  гуруҳи аъзоси Ж.Ғаниевга “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда Боёвут ва Ховос туманлари чегара қисмида жойлашган икки туманни боғлаб турувчи М-2 канали кўпригининг кўпдан буён носозлиги баён қилинган. Шунингдек, кўприкнинг носозлиги фуқаролар учун бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётгани таъкидланган.

“Боёвут тумани марказидаги деҳқон бозорига келиш ёки қариндош-уруғларнинг тўй-маъракаларга бориш учун яқин манзил – кўприкдан фойдалана олмай, айланма йўллардан фойдаланяпмиз. Бу масалада кўп маротаба тегишли ташкилотларга мурожаат қилганмиз, лекин саъй-ҳаракатларимиз зое кетди. Ҳеч қандай натижа бўлмади”, – дейилади ушбу мурожаатда.   

Ушбу ҳолатни жойида ўрганиш мақсадида халқ вакили Ж.Ғаниев жорий йилнинг 28 июнь куни “Соҳибкор” МФЙга борди ва мурожаатда билдирилган эътирозларга ойдинлик киритди. Шу куннинг ўзида бу масала бўйича “Сирдарё автойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти раҳбари З.Суюновга депутатлик сўрови юборди.

Аммо мутасаддилар орадан тўрт ойга яқин вақт ўтганига қарамай депутат сўровига жавоб бермади. Икки туман аҳолиси эса ҳамон ўз муаммоларининг ечимини кутишмоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 8-моддасига асосан, депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутатлик сўрови юборишга ҳақли. Қолаверса, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига жавобни мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим.  Аммо...

“Сўровнома матнида депутат сўровига қанча муддатда жавоб қайтариш лозимлиги ва мазкур ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйилса, жавобгарлик белгиланганини эслатма тариқасида кўрсатиб ўтган эдик. Лекин З.Суюнов мурожаатимизни умуман кўриб чиқмаган ёки ўз ишига совуққонлик билан қараб, халқ вакиллари кўтариб чиқаётган долзарб масалаларнинг ечимига етарли даражада аҳамият бермаяпти”, – дейди Халқ депутатлари Ховос туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик  гуруҳи аъзоси Ж.Ғаниев.

Депутатлик сўровларида кўтарилаётган ҳар бир масала ортида, аввало, инсон тақдири, унинг манфаатлари туради. Умид қиламизки, мансабдор шахслар эндиликда ўз вазифасига масъулият билан ёндашиб, бундай муаммоларга қайта йўл қўймайди. Кўп йиллик муаммо эса яқин кунларда ижобий ҳал бўлади.

Холжигит ОРТИҚБОЕВ,

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят

Кенгаши бўлим мудири 

  • Кўрилди
    279
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+