Энди популизм қонун лойиҳалари муҳокамасига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди...

23.10.2019, 11:17

Энди популизм қонун лойиҳалари муҳокамасига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди...

Қонунчилик палатасида, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига судлар фаолиятида ахборот-коммуникция технологияларидан самарали фойдаланишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 19-моддаси (Судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) тўққизинчи қисмини ...“шунингдек суд мажлисини тарафларнинг мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда радио, телевидение ва Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали онлайн трансляция қилишга” деган сўзлар билан тўлдириш таклифи бир қатор депутатлар эътирозига сабаб бўлди...

Депутатлар ўз эътирозларини суд мажлисларини онлайн трансляция қилиш менталитетимизга тўғри келмайди, айбсизлик презумпциясига мос эмас, суд мажлисида шахсий, оилавий ёки бошқа сирлар билан боғлиқ масалалар бўлиши мумкин деб асослашган.
Ваҳоланки:

- давлат сири, хизмат сири, тижорат сири каби ҳолатларда суд мажлиси ёпиқ ёки судга раислик қилувчининг рухсати билан чегараланган шахслар иштирокида кўрилади. Шахсий ва оилавий сирлар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам шундай тартибда кўрилади. Бунда суд мажлисларини нафақат онлайн трансляция қилишга балки, видеоконференц алоқа режимида ўтишига ҳам йўл қўйилмайди;

- бугун амалиётда суд мажлисларини онлайн трансляция қилиш тизими жиноят ишлари бўйича 70 та судларда ишга туширилган ва бунга ҳеч бир қонунда тақиқ ўрнатилмаган. Яъни, сирлардан ташқари суд мажлислари ҳозирда онлайн трансляция қилинмоқда;

- демоқчиманки, агар қонун лойиҳаси билан киритилаётган юқоридаги таклиф матни диққат билан ўқилса, унда суд мажлисини онлайн трансляция қилиш “ТАРАФЛАРНИНГ МУЛОҲАЗАЛАРИНИ ИНОБАТГА ОЛГАН ҲОЛДА” амалга оширилиши кўрсатилган. Амалдаги тартибда бу норма мавжуд эмасди. Амалда фақатгина судда раислик қилувчининг рухсати билан амалга оширилади деб белгиланганди (тақдим этилган таклифда раислик қилувчи сўзини “судья” сўзига алмаштириш назарда тутилган);

-тарафларнинг мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда ҳамда судьянинг рухсати билан йўл қўйиладиган онлайн трансляция айбсизлик презумциясига таъсир этмай балки, судьяни адолатли ҳукм чиқаришдаги масъулиятини оширади. Судьяни маслаҳатхонага кирганда унинг хулосасига қонун билан бирга кенг жамоатчиликнинг нигоҳи тушиб тургандек бўлади. Чунки, онлайн трансляция дегани, ўша суд мажлисида жамоатчилик назорати тўғридан-тўғри ўрнатилди деганидир;

Фикримча, таклиф этилаётган ушбу нормада “ТАРАФЛАРНИНГ МУЛОҲАЗАЛАРИНИ ИНОБАТГА ОЛГАН ҲОЛДА” деган сўзларни “ТАРАФЛАРНИНГ РОЗИЛИГИ БИЛАН” деган сўзларга алмаштириш лозим холос.

Албатта, ҳар бир қонун лойиҳасининг асосий вазифаларидан бири бу - профилактика, яъни фуқароларга ёки айрим шахсларга “ҳой кўзингни оч, бу ҳуқуқбузурлик, бу жиноят”- деб огоҳлантириш ҳамда ҳуқуқбузарликни олдини олишдир.

Ушбу қонун лойиҳасини асосий мақсади расмий ҳужжатларда “одил судлов ошкоралиги ва очиқлигининг тубдан янги даражасига эришишга, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ва сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш” эканлиги қайд этилади...

Лекин, менимча, содда, халқчил қилиб айтганда, мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсадларидан бири, судья ёки бошқа процессуал шахсларга ҳой кўзингни оч, адолатсизлик, коррупция, таъмагирлик, мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш каби ёмон иллат эканлигидан яна бир бор огоҳлантириш бўлса керак...

PS: Юқоридаги фикрлар шахсий таҳлил ва мулоҳазалар асосида ёзилди.

Нуриддин Муродов,

ҳуқуқшунос

  • Кўрилди
    1030
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Самидилло2019-10-23 12:28:40

Ҳеч қиси йўқ ҳурматли Баёноф ҳар ким ўз билми ва дунёқараши доирасида тушунади. Нуриддин Муродовни ёзганини тушунмаслигингиз табиий албатта....


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+