O‘zLiDeP фаоли яхши ташаббус билан чиқди! Мутасаддилар эса негадир лойиҳанинг амалга оширишга бефарқ қараяпти

23.10.2019, 16:05

O‘zLiDeP фаоли яхши ташаббус билан чиқди! Мутасаддилар эса негадир лойиҳанинг амалга оширишга бефарқ қараяпти

Дунё миқёсида глобал ўзгаришлар туфайли юзага келаётган сув муаммоси республикамизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Юртимизнинг айрим чўл зоналари, тоғли-дашт ҳудудларига бу муаммо яхши таниш.

O‘zLiDeP фаоли, профессор Пирназар Давронов ушбу муаммони баратаф этиш, дашт зоналарининг катта қисмларини ўзлаштиришнинг иложи бор, дейди.

Унинг фикрича, тоғли ҳудудларда ёмғир ва сел сувларини сақлашга мўлжалланган сув омборларининг қурилиши мамлакатимизда баҳор, куз, қиш ойларда содир бўладиган табиий офатларнинг олдини олибгина қолмай, гектарлаб ерларни ўзлаштиришда қўл келади.  

Гап шундаки, 2012 йилда кучли ёғингарчилик туфайли Самарқанд вилояти Нуробод тумани “Жом” қишлоғидаги 6 та кўприкни сел ўпириб кетди. Натижада Жом сойи ва унинг ирмоқлари 2 метргача чуқурлашиб, ерлар кучли эрозияга учради.

Тўғри, янги кўприкларни қуриш учун Республика бюджетидан 2013-2015 йилларда 2 миллиард 271 млн сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, 2016 йилнинг 15-16 май кунлари селдан катта миқдорда жабр кўрган фуқароларнинг зарари қоплаб берилди.  

Шундан келиб чиққан ҳолда, партия фаоли П.Давронов ушбу табиий офатларнинг олдини олиш учун ҳудудда табиий тоғ дараларидан ҳосил бўлган жарликларда арзон сув омборлари қуришни лозим, деб ҳисоблайди.  Унинг таъкидлашича, селдан кўрилган зарарнинг бир йиллик қопланган зарарга ҳудудда 1та сув омбори қўриш мумкин.

“Ҳар йили миллиардлаб маблағлар селдан кўрилган зарар учун қоплаб берилмоқда. Бир йиллик кўрилган зарар пулига битта сув омбори қуриш мумкин. Шу омборда тўпланган сувлар 80 гектар ерни ўзлаштиришга етади. Бунинг орқасидан қанча ишчи ўринлари яратилади”, – дейди П.Давронов.

O’zLiDeP фаоли профессор Пирназар Давронов ҳудудда 8 та ёмғир ва сел сувлари тўпланадиган омборларини қуриш лойиҳасини тайёрлаган. Унинг фикрича, ушбу лойиҳалар амалга ошса, Нурободда қарийб 40.000 гектар ер ўзлаштирилади.

Маълум қилинишича, П.Давроновнинг O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Тоштемир Останақулов билан биргаликда “Келажак сув захираларини ҳосил қилиш имкониятлари” Нуробод тумани мисолида  яратган иқтисодий лойиҳаси 2018 йил 27 март куни халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи мажлисида муҳокама қилинган. Шундан сўнг, мазкур лойиҳани жойига бориб ўрганиш учун халқ вакиллари Б.Хўжаёров, Т.Остоноқулов бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, Жом қишлоғида ташкил этилиши лойиҳалаштирилган сув омборлари қурилиши кўзда тутилган майдонлар билан танишган. Аммо...

Партия Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлим мудири Нодир Тўраевнинг айтишича, бу таклифни амалиётга татбиқ этиш бўйича 2018 йилда O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига, Самарқанд вилоят Гидрометеорология бошқармаси, вилоят Ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармаси, вилоят Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда бошқа тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови чиқарилган. Лекин ҳалигача ижобий жавоб олинмаган.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу таклиф бўйича бугун бирор бир амалий қадам ташланмаган бўлса-да, П.Давронов мутасадди ташкилот раҳбарлари билан учрашишдан тўхтагани йўқ. У лойиҳаси амалга ошиб туманда бир қатор муаммолар бартараф этилишидан умидвор.

Ўйлаймизки, вилоят мутасаддилари бу масалага бефарқ қарамайди, муаммо ечимига астойдил киришади. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.

 Бахтигул  ҚАРШИЕВА,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят

Кенгаши  матбуот котиби

  • Кўрилди
    1257
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+