Ҳар бир мурожаат ўз ечимини топиши керак

03.11.2019, 18:26

Ҳар бир мурожаат ўз ечимини топиши керак

Кейинги йилларда мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, хусусан, наслли қорамол зотларини кўпайтириш ва маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳатто наслдор чорва молларини кўпайтириш ва маҳсулдорлик сифатини ошириш мақсадида хориждан зотли қорамоллар келтирилмоқда.

Айтиш жоиз, бу борада жойларда бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам тизимли ишлар амалга ошириляпти. Аммо олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай шундай ҳолатлар ҳам учраб турадики, кишини ўйлантиради, дилини ғаш қилади.
Гап шундаки, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Наманган вилоят Кенгаши ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзоларига Косонсой туманида фаолият юритаётган “CHASHMAI SAFED” фермер хўжалиги раҳбари Х.Муйдинхўжаевдан мурожаат келиб тушди. Унинг мурожаати партия фаоллари томонидан жойида ўрганилди ва муаммони ҳал этиш чоралари кўрилди.

Маълум бўлишича, чорвачилик билан шуғулланиб келаётган фермер фаолиятини ривожлантириш учун хориждан 192 бош наслли қорамол олиб келган. Жами қорамол бош сони эса 961 бошдан ошган. Аммо фермер хўжалигидаги наслли чорва қорамолларни боқиш учун ем-хашак йўқ, кучли озуқа йўқ.

“Бу масалада туман ҳокимлигига кўп маротаба мурожаат қилдик. Лекин мутасаддилар томонидан на амалий ёрдам кўрсатилди, на ер ажратиб берилди. Менга сув таъминоти оғир бўлган ва чорвачилик фермамиздан 30-40 км узоқликда жойлашган ер майдонидан беришмоқчи бўлишди. Бу ер майдонида эса экинларни суғориш учун сув олиб боришнинг имкони йўқ. Чунки ерлардан электр тармоғи ўтмаган,” – дейди фермер.

Таъкидланишича, фермер ҳокимиятдан сўраётган ерлар ҳам у даражада яхши ерлар эмас. У жойларга ҳам ишлов бериш, техника, ишчи кучи жалб этиш керак. Фақат ер ажратиб беришса бас, фаолиятини ҳам ривожлантиради, туманни ҳам обод қилади.

Фермер эътирозини тинглаган ишчи гуруҳ аъзолари мурожаат бўйича туман ҳокимлиги вакиллари билан учрашди, масалага ойдинлик киритди ва туман ҳокимлиги томонидан фермерга қўйилган талаб бекор қилинди.
“Фермер ва тадбиркорлар фаолиятига бефарқ бўлмаган, муаммойимизни ҳал этишда кўмак берган партия фаолларидан миннатдормиз.Шукурки, бизни ўйлайдиган, биз учун қайғурадиган партия фаоллари бор экан. Бўлмаса яна қанча вақт сарсон-саргардон бўлиб юрардик, билмадим. Энди бор имкониятимизни ишга солиб юртимиз ривожи учун астойдил меҳнат қиламиз,” – дейди Х.Муйдинхўжаев.

  • Кўрилди
    146
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+