Мирзачўлдаги муаммоларга ечим борми?

08.11.2019, 19:03

Мирзачўлдаги муаммоларга ечим борми?

ёҳуд масъуллар ҳоким топшириғини қачон бажаради?   

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгашига Мирзачўл тумани “Янги дала” МФЙ “Саодат” кўчасида яшовчи Ширинбой Қудратовдан мурожаат келиб тушди. 

Маълум бўлишича, жорий йил 29 июнь куни Жиззах вилояти ҳокими Э.Салиев ўтказган сайёр қабулда фуқаро Ш.Қудратов маҳаллада электр таъминотидаги доимий узилишларни айтиб, электр энергияси таъминотини яхшилашда ҳокимдан ёрдам сўраган. Э.Салиев эса “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарига бу муаммони тезда ҳал қилиб беришга топшириқ берган. 

“Электр таъминотидаги узулишлар бизни кўп йиллардан буён қийнаб келмоқда. Муаммо шундаки, биз фойдаланаётган трансформаторга “Янги дала” маданият саройи рухсатсиз уланган. Бунинг ҳисобига тез-тез узилишлар кузатилмоқда. Маҳалламизда ўтказилган сайёр қабулда вилоят ҳокими Э.Салиев мурожатимизни тинглаб, муаммони ҳал этиб берамиз деганида жуда хурсанд бўлган эдик. Афсуски, қувончимиз узоққа чузилмади. Ваъда ваъдалигича қолиб кетди, натижа бўлмади”, – дейди  Ш.Қудратов.

Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида халқ вакили, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси С.Азимова билан бирга “Янги дала” МФЙга бордик, фуқаролар билан суҳбатлашдик. Фуқароларнинг эътирозлари асосида маҳалла ҳудудини кўздан кечирдик.

Ҳақиқатдан ҳам аҳолининг айтганича бор, маҳалладаги ҳолатлар ачинарли. Айниқса, симёғочларнинг ҳолатига “маймунлар йиғлайди”. Сабаби, ушбу симёғочларни фуқароларнинг ўзи ўрнатган. Ҳаттоки, электр симларини ҳам ўзлари ўтказган.

 “Тўғриси, электр таъминотидаги доимий узилишлардан жуда чарчадик. Электр энергияси бўлганда ҳам чироқлар хира ёнади. Бу эса фарзандларимизни дарс тайёрлаши ва аҳолининг ўзи учун ҳам қатор ноқулайликларни туғдирмоқда”, – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, ҳоким топшириқ берган бўлса, нега унда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Янги дала” МФЙга трансформатор ўрнатмаяпти? Нега ҳар гал ишлар ортга сурилмоқда?

Умид қиламизки, мутасаддилар мирзачўлликларни ўйлантириб келаётган муаммога ечим топади ва кейинчалик бундай ҳатоларга қайта йўл қўймади.  

   O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1027
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+