Шаҳрихонлик тадбиркор 100 иш ўрни яратмоқчи. Аммо...

15.11.2019, 19:04

Шаҳрихонлик тадбиркор 100 иш ўрни  яратмоқчи. Аммо...

Жорий йил март ойларида Шаҳрихон тумани “Бувайда” МФЙда “Зарра зар” номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси ўз фаолитини бошлаган эди. Тадбиркор Мансурбек Мамаюсупов томонидан барпо этилган бу икки қаватли замонавий маскан 300 ўринга мўлжалланган.

Машғулотлар ўтказиладиган хоналар, ётоқхона, ошхона бугунги кун талаблари асосида жиҳозланган. Бу ерда тарбияланувчи болажонлар учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Ранг-баранг ўйинчоқ, кўргазмали ўқув қуроллари, зарур қўлланмалар мавжуд.

Ҳозирги кунда муассасада 40 нафарга яқин ишчи-ходим фаолият юритмоқда. Кундалик машғулотлардан ташқари рус, инглиз тили, шахмат, шашка тўгараклари ҳам бор. Энди тадбиркор туман чеккасидаги 60 сотих ер майдонида 800 ўринли хусусий мактаб қурмоқчи. Агар бу лойиҳа ҳаётга татбиқ этилса яна 100 та иш ўрни яратилади.

“Бундан етти ой аввал “Зарра-зар” номли давлат-хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасасини очган эдик. Уч юз ўринга мўлжалланган МТМда айни пайтда 200 нафар кичкинтой тарбияланмоқда. Муассасамизга болаларни қабул қилишда маҳалладаги кам таъминлаган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари учун бироз чегирмалар жорий қилинган. Шу кунларда эса болажонлар учун барча қулайликларга эга замонавий мактаб очиш ҳаракатида юрибмиз”, – дейди М.Мамаюсупов.

Маълум қилинишича, тадбиркор бу истиқболли лойиҳасини амалга ошириш учун 9 млрд 600 млн сўм маблағ сарфлаши керак. Аммо М.Мамаюсуповнинг жамғарган пули атиги 3 млрд сўмни ташкил қилади. Қолган пулни тижорат банкларидан кредит асосида олмоқчи.  

“Банклар кредит берамиз дейишяпти, фақат 3 йилга ва 24 фоиз асосида. Лекин биз бу вақт ичида кредитни қайтара олмаймиз. Белгиланган муддатда қайтаришим учун тўлов пулини қимматроқ қилишимиз керак. Агар тўловларни оширсам ота-оналарга қийин бўлиб кетади”, –  дея қўшимча қилди тадбиркор.  

Халқ депутатлари Шаҳрихон туман Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Ш.Отабоев ушбу мурожаатни жойига чиқиб ўрганди ва масалани тегишли ташкилотлар иштирокида ҳал қилишини маълум қилди.

Ватанимизнинг эртанги тақдири кўп жиҳатдан бугун ёшларимизга берилаётган таълим-тарбияга боғлиқ. Буни яхши билган масъуллар эса бу масалага алоҳида эътибор қаратишади.

 Мафтуна ЖАЛОЛДИНОВА,

O`zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    1321
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+