“Миллий тикланиш” ДПнинг Конституцияга зид таклифи

29.11.2019, 17:26

“Миллий тикланиш” ДПнинг Конституцияга зид таклифи
Ҳар қандай жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлга бўлган муносабати билан белгиланади, десак муболаға бўлмайди. Шу боис хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг яшаши, меҳнат қилиши, қобилиятларини рўёбга чиқариши, жамиятда ўз ўрни ва мавқеига эга бўлиши учун зарур шароитларнинг яратилиши OʻzLiDePнинг сайловолди дастуридаги муҳим йўналишлардан саналади.
 
Мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқларида хотин-қизлар улуши 50 фоизни ташкил қилиши, айниқса, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш соҳаларида бу кўрсаткич 70-80 фоиздан ошгани эътиборлидир. 
 
Шундай бир пайтда сайловолди ташвиқоти баҳонасида “Миллий тикланиш” ДП аъзолари томонидан 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор аёлларнинг маошларига таъсир қилмаган ҳолда, иш вақтини қисқартириш таклифи илгари сурилаётгани турли мунозараларга сабаб бўлмоқда. Албатта, уй юмушлари зиммасига юкланган аёлларнинг муайян қисмига бундай таклиф жуда ёқиши ва бу билан мазкур партия сайловларда ўзига хайрихоҳ бўладиган инсонларни кўпайтиришни кўзлагани ҳеч кимга сир эмас.
 
Аммо, таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқларининг асосий тамойилларидан келиб чиқилган, аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини таъминлаш, оналикни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг камситилишига йўл қўймасликка қаратилган қатор халқаро ҳужжатларга Ўзбекистон Республикаси қўшилганини унутмаслик даркор. Мазкур ҳужжатлардаги қоидалару меъёрлар эркаклар ва аёлларнинг оиладаги вазифаларига оид эскича қарашлар, аёлларни фақат уй юмушларига ипсиз боғлаб қўйган, яъни бу каби тараққиётни чекловчи иллатларга барҳам берувчи нормалар миллий қонунчилигимизга ҳам сингдирилган.
 
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, Оила кодексининг 19-моддасида эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгалиги белгиланган.
 
Шунингдек, Оила кодексининг 21- ва 22-моддаларида болалар тарбияси ва оилавий турмушнинг бошқа масалаларини эр ва хотин биргаликда ҳал қилиши, уларнинг ҳар бири машғулот, касб тури ҳамда яшаш жойини танлашда эркли экани мустаҳкамланган. Меҳнат кодексининг 16-моддасига кўра эса ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин иш танлаш ҳуқуқига эга.
 
Амалдаги қонунчиликда ишлаётган аёллар учун қатор қулайлик ва имтиёзлар белгиланган. Меҳнат кодексининг XIV бобида “Аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча кафолатлар” ҳақида бир қатор нормалар мавжуд. Жумладан, ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди (МК, 228-модда). Шунингдек, мазкур кодекснинг 229-моддасида аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга тўлиқсиз иш вақти белгилаш асослари кўрсатилган. Ҳомиладор ёки ўн тўрт ёшга тўлмаган фарзанди бор аёлнинг илтимосига кўра, иш берувчи уларга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилашга мажбурдир, деган қоида мустаҳкамланган. Бундан ташқари, меҳнат қонунчилигимизда фарзанд кўрган аёлларнинг болани парваришлаш учун олган таътиллари даврида уларнинг иш жойи (лавозими) сақланади ҳамда бу таътиллар меҳнат стажига, хусусан, мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилиши белгиланган (МК, 234-модда).
 
Ҳозирги вақтда миллий қонунчилигимизда аёлларимиз учун яратилган ҳуқуқлар ва имкониятларнинг кафолатланишини мустаҳкамлаш баробарида, давлатимиз ва жамиятимиз хотин-қизларга нисбатан камситувчи қарашларни бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошираётган бир пайтда, аёлларнинг иш вақтини қисқартириш таклифи билан чиқилиши ривожланган мамлакатлар қаторида ўрин олишга юзланган Ўзбекистон шароитида қанчалик ўринли? Ўйлаб кўрайлик-чи, масаланинг бундай қўйилиши жамиятимиз ҳаётига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
 
Биринчидан, бундай ёндашув Конституциямизга зид бўлиб, барча қонунларимизда мустаҳкамланган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилига риоя қилинмаслигини келтириб чиқаради. 
Иккинчидан, иқтисодиётда, давлат ва жамият ҳаётида фаол аёлларнинг бор имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқаришларига салбий таъсир кўрсатади.
 
Учинчидан, бозор иқтисодиётига асосланган жамиятда иш берувчилар томонидан ходимларга қўйиладиган талаблар тобора ошиб боришини инобатга олсак, аёлларнинг иш вақтини қисқартиришнинг жорий этилиши келгусида хотин-қизларнинг ишга қабул қилинишида бир қатор муаммоларни юзага келтириши мумкин.
 
Давлат-хусусий шерикчиликни қўллаган ҳолда мактабгача ёшдаги болаларга таълим ва тарбия беришга мўлжалланган фаолиятнинг янада кенгайтирилиши рақобат муҳитида тўловларни арзонлашишига сабаб бўлиши мумкинлиги партия томонидан илгари сурилмоқда. Шунингдек, ҳозирги вақтда аёлларнинг меҳнат ҳуқуқи рўёбга чиқарилиши баробарида уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги масалаларда ҳам замонавий талаб ва тамойиллардан келиб чиққан ҳолда Меҳнат кодексини янгилаш зарурати вужудга келган. Бу масалалар дунёда мавжуд илғор тажрибани қонунчиликка киритиш мақсадида OʻzLiDeP томонидан ўрганилган ва келгуси ҳаётда қўллаш учун қатор амалий таклифлар ишлаб чиқилган.
 
Дилором ФАЙЗИЕВА,
 
Олий Мажлис Қонунчилик
 
палатасидаги OʻzLiDeP
 
фракцияси аъзоси
  • Кўрилди
    1623
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+