O‘zLiDeP фракцияси қонун лойиҳаларига ўз муносабатини билдирди

11.02.2020, 12:14

O‘zLiDeP фракцияси  қонун лойиҳаларига  ўз муносабатини билдирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси муҳокамасига киритилиши режалаштирилган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Дастлаб йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари қонуннинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш партия депутатлик корпусининг дастурий вазифаси эканини таъкидлади. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. 

Йиғилишда шунингдек, “Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Депутатлар томонидан таъкидлаб ўтилганидек, амалдаги “Геодезия ва картография тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида бир қатор камчиликлар мавжуд. Ушбу Қонун 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган бўлиб, ишлаб чиқариш ва бошқариш технологиялари ривожланишнинг ҳозирги тенденцияларига, шунингдек, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда қонунчилик техникаси талабларига жавоб бермайди. Шу сабабли Геодезия ва картография соҳаси бўйича Россия, Украина, Белорусь, Козоғистон, Венгрия, Корея давлатларининг ва бошқа давлатларнинг Қонун ҳужжатлари ўрганиб чиқилди.

Янги Қонун лойиҳасида 33 та янги модда, 12 та моддага қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган. Таклиф этилаётган Қонун лойиҳасида ҳаволаки нормалар олиб ташланмоқда. Бунинг натижасида қонуности ҳужжатларига мурожаатлар камайиб, амалиётда қонуннинг тўғридан-тўғри ишлаши таъминланади.

Йиғилишда фракция аъзолари “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонун лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар. Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ушбу Қонуннинг мақсади инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Шу сабабли ушбу Қонун инновацион фаолият субъектлари, инновацион фаолият инфратузилмаси ҳамда хизмат кўрсатувчи инновацион субъектларга нисбатан қўлланилади. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши инновациялар ва инновациён фаолият соҳасида ҳуқуқий майдонни шакллантириш имконини беради.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш хақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуси билан тизимда йўл қўйилаётган камчиликлар, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалаларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилди. Бироқ фармацевтика, дори воситаларини ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш борасида айрим муаммолар борки, бу аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси эса юқоридаги масалаларни ижобий ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Депутатлар соҳадаги муаммоларни айтиш баробарида, тиббиёт тизимини янада ривожлантириш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар бериб, муҳокамага киритилган масалаларни киритиш зарурлигини билдиришди.

Фракция йиғилишида кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам партия ғояларидан келиб чиқиб, принципиал тарзда муҳокама этилди. Йиғилиш сўнггида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

  • Кўрилди
    791
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+