“Сайлангунча фаол, сайлангандан сўнг депутатларни топиб бўлмайди...”

13.02.2020, 17:09

“Сайлангунча фаол, сайлангандан сўнг депутатларни топиб бўлмайди...”

Истаймизми, истамаймизми, одамлар онгида ҳали ҳам шундай фикрлар мавжуд. Ҳалиям одамлар орасида депутатлар у қилиб беради, бу қилиб беради, деб ўйлайдиганлари бор. Аслида-чи?..

Бугун Қарши шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар учун ўтказилган сиёсий ўқув-семинарда айнан шу масалаларга оид фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўқув-семинарни O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Турсунов очар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган асосий хулосалар ҳамда устувор вазифалар ҳақида фикр юритди, партиянинг депутатларга ишончи, депутатлик мақоми, одамлар кўтариб чиқаётган муаммолар ечимига масъул ташкилот ҳамда депутатлар вазифалари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Шу ўринда ўқув-семинар қизғин-савол жавоблар асосида ўтганини, унда депутатлик мақоми, депутат сўрови, депутатлик гуруҳлари ва бугунги депутат илгаригиларидан фарқли ўлароқ ишчан ва сайловчилари олдида масъулиятни чуқур ҳис қиладиган сиёсий фаол бўлиши зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Депутатларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди ва муҳокама қилинди. Энг муҳими, бугунги депутат “Депутатлик мақоми тўғрисида”ги қонун асосида фаолият олиб бориши, сайловчилар билан тез-тез учрашиб, муаммоларни ўрганиб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари билан чиқиши лозимлиги айтиб ўтилди.

-Ўқув-семинар биз каби илк бор депутатликка сайланган ёшлар учун жуда фойдали бўлди, - дейди халқ депутатлари Қарши туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Дилфуза Жўраева. – Семинарда сиёсий билимларимизни оширдик, депутат зиммасидаги энг муҳим вазифалар ҳақида тушунчаларга эга бўлдик. Менинг назаримда бу каби семинарлар тез-тез ўтказиб турилса, депутатларнинг ҳам сиёсий билими юксалади, ҳам уларда масъулият ҳисси ошади.

Маълумки, бу йилги сайловлар “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтди ва  халқимиз O‘zLiDePга ишончи юксаклигини амалда намоён этди. Партиянинг парламентда энг кўп овоз олгани эса депутатлар учун катта масъулият ва шараф эканини билдиришди.

Сиёсий партиялар орасида вилоятда биринчи бор ўтказилган бу сиёсий ўқув-семинар депутатлар фаолиятини мувофиқлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

 O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    224
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+