O‘zLiDeP депутатлари ва фаоллари қашқадарёлик сайловчилар ҳузурида бўлишди

20.02.2020, 10:20

O‘zLiDeP депутатлари ва фаоллари қашқадарёлик сайловчилар ҳузурида бўлишди

Жорий йилнинг 19-22 февраль кунлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш, аҳоли томонидан сайловолди жараёнларида кўтарилган масалаларни мақбул ечимларини топиш, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия гуруҳи фаолиятини жонлантириш, партия аъзолари сонини кўпайтириш, уларни партиявий топшириқлар билан қамраб олинишини яхшилашга амалий ёрдам бериш, одамларнинг турмуш шароити, бандлиги ва ижтимоий аҳволини ўрганиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ҳамда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг масъул ходимлари Қашқадарё вилоятига ташриф буюрдилар. Улар гуруҳларга бўлинган ҳолда воҳадаги корхона, ташкилот, муассаса ва аҳоли хонадонларида бўлишиб,  сайловчилар билан юзма-юз мулоқотда бўляпти.  

Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси cпикери ўринбосари Актам Хаитов  ташрифи доирасида Деҳқонобод тумани хокими қабулига келган юздан ортиқ фуқаролар билан мулоқот қилди. Учрашувда Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида айтиб ўтилган устувор вазифалар ҳақида сўз юритар экан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан пировард мақсад аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга қаратилганлигини алоҳида қайд этди. Хусусан, ўтган давр мобайнида тумандаги ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида томорқа хўжалиги, чорвачилик, иссиқхона ва ҳунармандчиликни ривожлантириш мақсадида 1 млрд. 200 млн. сўм кредит ажратилганлиги, 200 ўринли жунни қайта ишлаш корхонаси ишга туширилганлиги, лалмикор майдонларга экиш учун Кореядан узум кўчати, Хитойдан картошка уруғи келтириш борасида амалий ишлар бошланганлиги, бу  йил туманда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида юзга яқин хонадонга томчилатиб суғоришга асосланган замонавий иссиқхонани ишга тушириш режалаштирилганлигини айтиб ўтди.

Деҳқонободликлар ёшларни ишсизлик қийнаётганлиги, аҳолининг табиий газ таъминоти қониқарсиз эканлиги, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда бюрократик тўсиқларга дуч келаётганликлари, тоғолди қишлоқ йўллари яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар талабга жавоб бермаслигини билдирдилар.

Шундан сўнг туман аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг аҳволини ва тиббиёт бирлашмаси фаолиятини ўрганиш мақсадида бирлашма бўлимларида бўлди. Тизимда хизмат қилаётган ходимлар билан ўтказилган учрашувда малакали шифокорлар етишмаслиги, бирлашмада коррупцияга чек қўйиш, тиббиёт коллежларини битираётган ёшларнинг билим ва малакаси етишмаслиги сабабли ишга жойлаша олмаётганлиги, Белибойли ва Обод маҳалла фуқаролар йиғинларида қишлоқ врачлик пунктлари йўқлиги  туфайли  аҳоли узоқ масофага қатнаб, касалликка ташҳис қўйиш ва даволаниш учун сарсон бўлаётганлиги айтиб ўтилди. “Моҳмирза” фермер хўжалиги раиси Бозоргул Каримова чорвачилик билан шуғулланиши, аммо туман ҳокимлиги унга чорва молларини боқишга яйлов ажратишни пайсалга солаётганлигини билдирди. Депутатдан шу масалада амалий ёрдам беришини сўраб, акс ҳолда озуқа етишмаслиги учун тез орада чорва молларини сотиб юборишга мажбур эканлигини билдирди. Тиббиёт коллежини битирган Меҳринисо Намозова халқ қабулхонасига қатнайвериб чарчаганлиги, аммо иш тополмаётганлиги, Сабоҳат Бозорова эса фарзандлари учун узоқ вақтдан буён алимент пулларини ололмаётганлиги, бу борадаги мурожаатлари эътиборсиз қолаётганлигини айтиб ўтди.

- Қишлоғимиз кўчалари лой бўлганлиги учун фарзандларимиз мактабга қатнашга қийналар эди, - дейди касбилик Камол Яхшибоев. – Бу ҳақда маҳаллий ҳокимиятга бир неча қилган мурожаатларимиз бесамар кетганди. Олий Мажлис ва маҳаллий кенгаш депутатлари келганидан сўнг, муаммолар барҳам топди.  Майманоқ маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Пахтазор, Юксалиш ҳамда Муҳаммад Юсуф кўчаларига партия фаоллари бўлган тадбиркорлар ва ҳашар йўли билан шағал-қоплама тўкилиб, йўллар таъмирлаб берилди. Бунинг учун депутатлардан миннатдормиз.  Қанийди, улар тез-тез келиб туришса, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар бартараф этилган бўларди.

Косон туман марказий шифоатхонаси травматологи Боймурод Бўроновнинг таъкидлашича, олийгоҳни битириб келган ёш шифокорлар ойлик маоши камлиги учун ишни ташлаб кетаётганлиги боис туманда малакали шифокорлар етишмаяпти, айниқса, онколог мутахассислигини эгаллаган мутахассислар йўқлиги туфайли нафақўр шифокорлар хизматидан фойдаланишга мажбур бўлишаяпти. Туман шифохона ва шифоатхоналаридаги мавжуд тиббий ускуналар, лаборатория жиҳозлари  маънан эскирган, талабга мутлақо жавоб бермайди. Натижада беморлар касалликни аниқлаш ва малакали ташҳис қўйдириш учун қимматли вақти ва маблағини сарфлаб Қарши шаҳрига боришга мажбур бўлишаяпти.

Учрашувлар давомида ишчи гуруҳ вакиллари Ғузор туманидаги ишбилармон ва тадбиркорлар муаммоларини ҳам ўрганишди.

- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва партия вакиллари билан жонли мулоқот қизиқарли тарзда ўтди, - дейди Эрон Ислом Республикасидан ташриф буюрган инвестор-тадбиркор, “POUA POLIMER”  фирмаси раҳбари Музсабо Аскарий -  Улар кўмагида симёғочлар ўрнатилиб, электр таъминоти йўлга қўйилди. Йўл ва бошқа инфратузилмалар ишга туширилди. Биз томчилатиб суғориш технологиялари учун қувурлар ишлаб чиқарамиз. Лента ва трубалар учун хом ашёни эса Эрондан олиб келишимиз керак. Аммо давлат божининг юқорилиги сабабли маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўя олмаяпмиз. Агар бож тўловда бизга бироз бўлса-да имтиёз берилса, воҳадаги фермер ва тадбиркорларга иссиқхона ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш учун зарур бўлган ускуналар ва қувурларни арзон нархларда етказиб берган бўлар эдик. Депутатлар бизни қийнаб турган муаммоларни қисқа фурсатда бартараф этишга сўз беришди.  Мақбул ечим топилса, тез кунларда ўз фаолиятимизни йўлга қўйиб, 200 нафар ғузорлик ёшларнинг бандлигини таъминлашни режалаштираяпмиз.  

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари Китоб туманида ҳам бўлиб, қатор муаммоларни ўрганди, уларга ечим топишга кўмаклашилди.

- Туманимизда буйрак касалликлари учраган беморлар сони жуда кўплиги учун гемодиализ аппарати етишмаяпти, - дейди Китоб туман тиббиёт бирлашмаси сунъий буйрак бўлими бошлиғи Мусохон Амиров. - Ҳозирда бундай аппаратдан 2 дона мавжуд бўлиб, 10 та аппаратни вазифасини бажаришга мажбур. Биз депутатимиз Қаҳрамон Эргашевдан 8 та ана шундай аппарат олишимизга амалий ёрдам беришларини  сўрадик.

Депутатлар ва партия масъул ходимлари билан бўлган мулоқотларда экспортёрлар, музлаткичли камера эгалари, бозорлардаги элга хизмат дўконлари, агрофирмалар, маҳсулот сотиб олувчилар билан бирга маҳаллаларда уйма-уй юриб маҳсулот етиштириш бўйича шартномалар тузиш, аҳоли ўртасида деҳқончилик маданиятини ривожлантириш борасида тушунтириш ишларини олиб бориш, агрономлар ва тажрибали деҳқонлар билан томорқада маҳсулот етиштиришни тадбиқ қилиш бўйича тавсиялар бериш учун “мастер-класс”лар ташкил қилиш, солиқ ва бюджет қонунчилигидаги ўзгаришлар мазмун-моҳиятини тадбиркорларга тушунтириш борасида тавсиялар берилди.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва партия вакилларининг сайловчилар билан мулоқотлари давом этмоқда.

  • Кўрилди
    148
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+