Акшагул Тулегенова: сифатли таълим – муваффақият пойдевори

11.03.2020, 17:32

Акшагул Тулегенова: сифатли таълим – муваффақият пойдевори

Охирги уч йилда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, педагог кадрлар тайёрлаш сифатини илғор халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ҳамда  олий педагогик таълим билан қамров даражасини ошириш борасида улкан ишлар қилинди.

Юртимизнинг барча ҳудудларида, шаҳарлардан тортиб чекка-чекка қишлоқларгача кўплаб замонавий мактаблар барпо этилди. Деярли барча умумий ўрта таълим муассасалари капитал реконструкция қилиниб, илғор ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминланди. Қувонарлиси, бу борадаги саъй-ҳаракатлар самараси ёшлар ҳаёти, уларнинг дунёқараши ва маънавий олами бойиб бораётгани мисолида яққол намоён бўляпти. Энг муҳими, таълим ислоҳотлари шарофати билан ўғил-қизлар халқаро танловлар, фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, санъат фестивалларида иштирок этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётир.  

Шуни айтиш жоизки, таълим ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш борасидаги ишлар келгусида ҳам жадал давом эттирилади. Боиси, давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида олий маълумот оламан, деб ўз устида ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликлар яратилишини айтиб, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2020 йилда камида 25 фоизга, келгусида эса 50-60 фоизга етказилишини алоҳида таъкидлаган эди. Орадан қисқа вақт ўтиб, Президентимиз “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Мазкур ҳужжатда педагогик таълим соҳасини янада такомиллаштириш, замонавий билим ва педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшувчи юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун профессионал педагог кадрлар етказиб бериш, соҳага илғор таълим технологияларини жорий қилиш назарда тутилган.

Ушбу ҳужжатнинг энг муҳим жиҳати шундаки, қарор билан тарбия ва ўқитиш усуллари, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда хорижий тилларни пухта ўзлаштирган, таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга профессионал педагог кадрлар тайёрлаш, педагогик касбга қизиқиши юқори бўлган ёшларни аниқлаш ҳамда уларни мақсадли тайёрлаб ва тарбиялаб боришнинг узлуксиз тизимини жорий қилиш, соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлигини таъминлаш орқали таълим сифатини яхшилаш бўйича муҳим вазифалар белгиланмоқда.

Шунингдек, мазкур қарор билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг ўқув дастурлари ҳажмини инобатга олган ҳолда олий маълумотли педагог мутахассислар тайёрлаш жараёнини оптималлаштириш мақсадида педагогик таълим соҳасининг айрим таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлашни ўқиш муддати 3 йил бўлган бакалавриат таълим дастурлари доирасида амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Бундан ташқари, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб кадрлар тайёрлаш ўқиш муддати 3 йил бўлган бакалавриат таълим дастурлари асосида амалга ошириладиган педагогик таълим соҳасининг айрим бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати тасдиқланди.

Фармонда яна бир муҳим масала ечими кўрсатиб ўтилгани катта амалий аҳамиятга эгадир. Унга кўра, ҳудудларда педагогик таълим инфратузилмасини яхшилаш, таълим соҳаси учун мутахассис тайёрловчи олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш ва бошқарув фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Самарқанд давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Самарқанд давлат университетининг Педагогика институти, Андижон давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Андижон давлат университетининг Педагогика институти, Бухоро давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Бухоро давлат университетининг Педагогика институти, шунингдек, Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали ҳамда Термиз давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Термиз давлат университетининг Педагогика институти, Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиали ҳамда Қарши давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Қарши давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилмоқда. Бу – олий ўқув юртида таълим олиб, юрт тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш ниятида юрган минглаб ёшларимизнинг олқишига сазовор бўлди.

Умуман олганда, таълим соҳада амалга оширилаётган ишларнинг барчаси ёш авлоднинг пухта ва сифатли билим олиши, ўзи қизиққан йўналиши бўйича касб-ҳунар эгаллашига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган катта эътиборнинг амалдаги ифодасидир. Зеро, сифатли таълим – муваффақият пойдеворидир.

Акшагул ТУЛЕГЕНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1241
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+