Глобал иқтисодий инқирозни фавқулодда юзага келишининг салбий таъсирини Ҳукуматимиз юмшата олади

20.03.2020, 15:35

Глобал иқтисодий инқирозни фавқулодда юзага келишининг салбий таъсирини Ҳукуматимиз юмшата олади

2019 йил якуни, 2020 йил бошидан буён глобал саломатлик фавқулодда ҳолатда қолмоқда. Биламизки, жаҳон иқтисодиёти молиявий инқирозларни бошидан кечирган даврларда халқаро молия ташкилотлари ва турли ҳукуматлар томонидан макроиқтисодий мувозанатни таъминлашга қаратилган зарурий чора-тадбирлар амалга оширилган.

Bloomberg ёзишича, вирус таъсири натижасида жаҳон ЯИМ 2020 йилда 2,7 трлн. АҚШ доллари миқдорида йўқотишга дуч келади. Шунингдек, йирик иқтисодиётлар (масалан, G20)нинг аксарият қисмида вирус билан касалланиш ҳолатлари аниқланди, айримлари вирус ўчоғига айланди. 2020 йилда Евроҳудуд 1,2 фоизга, АҚШ иқтисодиёти эса, 0,6 фоизга камайиши мумкинлиги башорат қилинди. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти таҳлиллари эса, жаҳон иқтисодиёти 2 баробарга секинлашиб, иқтисодий ўсиш 1,5 фоизга тенг бўлиши мумкин. Зотан, 2020 йил 8 январда Жаҳон банкининг 2020 йил учун прогнозларида ривожланган иқтисодиётлар 2,5 фоиз, ривожланаётган иқтисодиётлар 4,1 фоиз иқтисодий ўсишга эришишини назарда тутиб маъруза-ҳисоботларини эълон қилган эди. Лекин, ушбу маъруза прогнозларида вируснинг кенг кўламли таъсири инобатга олинмаган эди. Жаҳон банки томонидан 2019 йил якуни бўйича иқтисодий ўсишнинг пасайиши АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо санкцияларининг жорий этилиши  ва халқаро инвестиция оқимининг пасайиши билангина боғлиқ ҳолда асосланган эди. Шундай бўлишига қарамасдан, вируснинг иқтисодиётга таъсирини фавқулодда баҳолаш муҳим ҳисобланади.

Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, дунё иқтисодиёти 2009 йилдан буён ўзининг дастлабки юқори иқтисодий ўсишига эриши бошланганда вирус таъсирининг юзага келиши глобал иқтисодиётни яна хавф остига қўйди.

Бу ҳолат, биринчидан, халқаро савдонинг ярмини ташкил этувчи глобал қўшимча қиймат занжирини камайишига таъсир этиши; иккинчидан, вирус аниқланган мамлакатлардан молиявий капиталнинг қочиши; учинчидан, инсонлар уйларида қолишлари сабабли ишлаб чиқаришга йўналтирилган завод (фабрика)лари “бўш ёки ишсиз” қолмоқда. Тўртинчидан, ривожланаётган мамлакатларда транспорт ва туризм соҳасининг етакчилиги ушбу иқтисодиётларга салбий таъсирининг инобатга олиниши билан акс этади.

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан тезкор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этилди. Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “​Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши айни муҳим тадбир бўлди. Ушбу ҳужжатга кўра, макроиқтисодий мувозонатни барқарорлаштиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилаб берилди. Натижада, белгиланган йўналишларда вазифаларни амалга ошириш қуйидаги макроиқтисодий мувозонат кўрсаткичларини таъминлашга пойдевор бўлиб хизмат қилади:

– инқирозга қарши жамғарманинг тузилиши пандемия оқибатларини аниқ молиялаштириш манбасининг белгиланиши;

– кам таъминланган аҳоли қатламларига моддий ёрдам бериш ҳажмини ошириш орқали ички истъемолни рағбатлантириш ва иқтисодий ўсиш суръатини сақлаш;

– экспорт билан шуғулланувчиларнинг айрим харажатларини тўлаб берилиши, ушбу турдаги корхоналарнинг тўловга қобиллигини сақлашга ёрдам беради;

– иқтисодий қийинчиликка учраётган корхоналарга уч йилгача бюджет ссудалари берилиши тўловсизликнинг макроиқтисодий мултипликацион таъсирини олдини олади;

– ижтимоий солиқ ва шу каби солиқ, бошқа мажбурий тўловларнинг кечиктирилиши ёки маълум фоизда камайтирилишини жорий этилиши тадбиркорларга барқарор “молиявий таътил”га чиқишини англатади. Натижада, макроиқтисодий талаб ва таклиф мувозанатига эришишга шароит юзага келади;

– жалб этилиши назарда тутилган ташқи қарз маблағларини истеъмол яратувчи соҳаларга йўналтирилиши узоқ муддатли ялпи иқтисодий қийматни яратишга ёрдам беради.

Бир сўз билан айтганда, фавқулодда юзага келган вируснинг таъсирини кенгайиб кетмаслиги учун ўз вақтида чораларни, жумладан, иқтисодий вазифаларни ишлаб чиқилиши ва ҳаётга тадбиқ этилиши иқтисодий инқироз оқибатларини юмшатишга ва бартараф этишга тўлиқ шарт-шароит яратиб беради, деб ҳисоблаймиз.

Нодир Жумаев,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати.

Дилшоджон Рахмонов,

 Банк-молия академияси

 кафедра мудири

  • Кўрилди
    1034
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+