Aйт, бўлсин юртига хизматкор...

28.03.2020, 16:00

Aйт, бўлсин юртига хизматкор...

Айни пайтда бутун дунёда коронавирус инфекцияси тарқалиб, пандемияга айланган вазият моҳиятини тушуниб етмаслик ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб турибди. Энг ёмони, айрим кишилар бу офатни фуқароларимиз соғлигига хавф солаётганини ҳамон англаб етмаяпти. Шу нуқтаи назардан муҳтарам Президентимиз коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масаласида халқимизга яна бир бор мурожаат қилди.

Йиғилишда аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Соғлиқни сақлаш ва молия вазирликларига 300 мингта экспресс-тест ва 500 та сунъий нафас олдириш аппарати харид қилиш, хавф юқори бўлган аҳоли пунктларида кўчма лабораториялар ташкил этиш вазифаси қўйилди. Аммо мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларга қарамай,  одамларимиз шифокорлар тавсиясига амал қилмаса, тартиб-интизомли бўлиб, карантин қоидаларига риоя этмаса, барча саъй-ҳаракатлар беҳуда кетиши мумкин.

Шуни қайд этиш жоизки, давлатимиз раҳбари шундай вазиятда ҳам бизнес вакилларининг фикрини инобатга олган ҳолда, уларга яна қўшимча енгилликлар бериш зарурлигини таъкидламоқда. Карантин муддати давомида тадбиркорлик субъектлари фойдаланаётган 3 минг 600 дан ортиқ давлат мулки объектлари бўйича ижара ҳақларини ундириш тўхтатиляпти. Демак, бугунги синовли кунларда тадбиркорлар ҳам халқимизга елкадош, Президентимизга қанот бўлиши керак. Бир эсланг, Барчинга эсон-омонлик тилаб, тасалли бериб, Алпомиш фарзандига етказишини сўраб, айтган сўзларини:

Бойликка бўлма де харидор,

Бойликдан баландда эл-юрт бор.

Айт, ёвни қақшатган алп бўлсин,

Айт, бўлсин юртига хизматкор.

Президентимиз фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона хизматларини эътироф этган ҳолда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаган бир пайтда, O‘zLiDeP ҳам шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шифокор ва аҳоли ўртасидаги муносабатларнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш, шифокорларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини ошириш ва уни қонун даражасига кўтариш тарафдоридир. Чунки масалага Ибн Сино бобомиз сингари ёндашиб, халқимиз шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилиб, касалликнинг илк белгилари аниқланганда уни яширмай, шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилсалар ва улар томонида бўлсалар, касаллик албатта енгилади.

Бунинг учун озгина ҳафсала, дахлдорлик ҳисси ва ватанпарварлик туйғуси керак, холос. Ўқиганмисиз? Алпомиш ўз ёрига айтган қуйидаги илоҳий сўзларни:

Оламда кўп эрур ибора,

Бир сўз бор оғриқдан иборат.

У – Ватан! Барчиним, у – Ватан!

Боламга Ватан де илк бора.

 Карантин даврида уйда қолиб, фарзандларингиз билан яна бир бор “Алпомиш” достонини ўқиб чиқишингизни тавсия қиламиз. Зарурат туфайли кўчага чиққанингизда эса албатта, ниқоб тақиб чиқишингизга ишонамиз!

 Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

 

  • Кўрилди
    897
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Gafurova Madinaxon Zokirjonovna2020-03-29 19:36:52

Bu kabi qiziqarli va mazmunli maqolalar xalqning ushbu sinovli va mas'uliyatli damlarida ham ma'naviy saloxiyatini qolaversa tibbiy madaniyatini oshirishga xizmat qiladi.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+