O'zLiDeP депутати раҳбарлик қилиб келаётган “Art soft tex” кластери уч минг оилани оталиққа олади

24.04.2020, 11:25

O'zLiDeP депутати раҳбарлик қилиб келаётган “Art soft tex” кластери уч минг оилани оталиққа олади

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 апрель куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида бу борада жойларда амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб, карантин чекловлари сабабли вақтинча ишсиз қолган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш масаласи Самарқанд ва Наманган вилоятларида амалга оширилаётган ишлар мисолида муҳокама қилинди. Мисол учун, Намангандаги “Art soft tex” кластери таъсисчилари Наманган шаҳри, Поп, Мингбулоқ ва Янгиқўрғон туманларида уч минг нафар оилага ёрдам бериш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” мухбири Қудратилла Нажмиддинов хабар қилди. 

Айтиш лозимки, мазкур кластер мажмуаси таркибидаги корхоналар карантин кунларида ҳам санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилган ҳолда фаолият кўрсатиб, ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтаб қолишига йўл қўймади. Момиқ сочиқ ва кўплаб турда тайёрланаётган трикотаж маҳсулотлари ички бозордан ташқари экспортга ҳам жўнатилмоқда. Деҳқончиликдаги ишлар ҳам авжида. Бултур қишлоқ хўжалигини бошқаришнинг кластер усулига ўтиб, Мингбулоқ ва Поп туманлари аграр соҳаси билан ишлай бошлаган “Art soft tex” 51247 гектар ерни тасарруфига олган. Янгича усул дастлабки йилиёқ афзаллигини кўрсатди, узоқ йиллардан буён пахтачилик соҳасида оқсаб келаётган Мингбулоқ тумани шартномани вилоятда биринчи бўлиб бажарди. Попда ҳам ишлар анча силжиган. Айни чоғда бутун дунёга ёйилган коронавирус пандемияси туфайли оғир келган бу йилги экиш мавсумининг одатдагидан кечиктирмай ўтказилиши деҳқончиликнинг маромида боришини таъминламоқда. Хусусан, 23218 гектар майдонга экилган чигит тўла униб чиқди. Айни кунларда дастлабки экилган майдонларда ниҳолларга биринчи ишлов беришга киришилган. Далаларда 460 та культиватор, 8000 дан ортиқ меҳнатчилар ҳаракатда.

- Карантин даврида бир қатор корхоналарда ишлаб чиқаришнинг сусайиши, кўплаб фуқароларнинг ишсиз қолиши натижасида қатор оилаларнинг моддий аҳволи пасайгани кузатиляпти, — дейди кластер корхонаси ташаббуси ҳақида гап бошлаган ахборот-таҳлил бўлими раҳбари Равшан Шамсиддинов. – Бундай пайтда бир четда томошабин бўлиб туриш ярашмайди. Ўша гап-гап. Уч минг оилани уч ой давомида озиқ-овқат ва бошқа зарур кундалик буюмлар билан таъминлаб турамиз. Ҳозир маҳаллий ҳокимиятлар томонидан бизга бириктириладиган хонадонлар рўйхати шакллантирилмоқда. Яқин кунлар ичида уларга дастлабки ёрдам маҳсулотлари кириб боради.

Кластер корхонаси бундан ташқари жойларда вужудга келиши мумкин бўлган ишсизлик даражасини юмшатиш бўйича ўз режаларини белгилаб олган. Ҳозирданоқ вилоят марказидаги корхоналарга қўшимча ишчилар қабул қилиш ҳақида эълон берилди. Ҳисоб-китобларга кўра, 700 га яқин фуқаро айни меҳнат жамоалари сафига кириб боради. Янгиқўрғондаги трикотаж фабрикасида эса 100 дан зиёд янги ишчи ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилади.

Халқимизга хос олижаноблик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш фазилатлари эл бошига иш тушган мана шундай кунларда янада ёрқин намоён бўлмоқда. Имкониятини эзгу ишларга йўналтирган “Art soft tex”нинг бу борадаги хайрли ҳаракатларига ҳам тасанно айтса арзийди.

Маълумот ўрнида, “Art soft tex” кластери раҳбари Олимхон Бабаханов O'zLiDePдан Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган. 

  • Кўрилди
    1405
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+