Сирдарёда O'zLiDeP депутатининг ташаббуси билан томорқалардан фойдаланиш учун ариқ қазиб берилди

26.04.2020, 16:05

Сирдарёда O'zLiDeP депутатининг ташаббуси билан томорқалардан фойдаланиш учун ариқ қазиб берилди

Бугунги синовли кунларда сирдарёлик тадбиркор ва фермерлар аҳолига ўз ёрдамларини бериб келишмоқда.

Хусусан, Халқ депутатлари Сирдарё туман кенгаши депутати Даврон Нуруллаев Сирдарё тумани  “Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, қаровчиси бўлмаган хонадонларга мунтазам равишда ҳомийлик ёрдами кўрсатиб келмоқда. Айниқса, бугунги иқтисодий мураккаб вазиятда аҳолининг бу қатламини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ишларида ибрат кўрсатяпти. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига биринчилардан бўлиб қўшилган Д.Нуруллаев 50 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёлғиз хонадон эгаларини бир ҳафталик гўшт маҳсулоти билан таъминлади.

Шунингдек, депутат бир неча йилдан буён оғир хасталик билан курашиб келаётган  фуқарони ўз ҳомийлигига олган. Яқинда партия фаолининг кўмаги билан фуқарода жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

- Биз оиламиз билан Д.Нуруллаевдан беҳад миннатдормиз,- дейди фуқаро. - У доимо бизнинг ҳолимиздан хабар олиб керакли дори-дармонлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб турибди.

“Инсоф” МЧЖ раҳбари, Сирдарё туман Кенгаши депутати  Зарпулла Ҳакимов ҳам ўз ҳудудидаги аҳолини қўллаб-қувватлаш, мавжуд томорқаларидан унумли фойдаланишларида амалий кўмак бериб ибратли фаолият олиб бормоқда.

У “Деҳқонобод” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини арзон озиқ-овқат, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига кундалик озиқ-овқат маҳсулотларини бепул етказиб бериш баробарида катта савобли ишга қўл урди. Аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш мақсадида ариқ қазиш ишларини олиб борди. Эски, ўз муддатини ўтаган трансформаторни янгиси билан алмаштиришга бош-қош бўлди.

- Коронавирус пандемияси туфайли юзага келаётган бугунги синовли кунларда Юртбошимиз ёнида туриш, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат тадбирларида қатнашиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарз,- дейди “Деҳқонобод” БПТ раиси Зарпулла Ҳакимов.- Эҳтиёжманд оилаларнинг холидан хабар олиб, уларни қўллаб- қувватлаб турамиз.

Ҳеч шубҳа йўқки, бу синовли кунларда ҳам  Ўзбекистон ўзининг қудратли давлат эканлигини яна бир бор намоён этади.

                            Дилором ЭСОНОВА,

O'zLiDeP  Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

 

  • Кўрилди
    1056
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+