Наманганлик O'zLiDeP фаоллари томонидан 25 млрд. сўмлик ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди

22.05.2020, 13:43

Наманганлик O'zLiDeP фаоллари томонидан 25 млрд. сўмлик ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди

Хабарингиз бор мамлакатимизда коронавирус эпидемиясига қарши ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида кўплаб ҳудудлар бу хавфдан сақлаб қолинди. Шунга қарамай, аксарият вилоят ва туманларда корхоналар ўз ишини тўхтатган ёки тўлиқ қувват билан ишламади. Бу ҳолат ҳудудлар иқтисодиёти ва ижтимоий соҳага, оддий қилиб айтганда, аҳоли ҳаётига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмади албатта.

Ана шулардан келиб чиққан ҳолда вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш масаласи кун тартибига қўйилди. Президентимиз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурдилар.

Ушбу хайрли ташаббус халқимиз томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди. Айниқса тадбиркорлар ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлашга киришганлиги алоҳида эътирофга лойиқ.

Уларнинг орасида O'zLiDeP фаоллари бўлган маҳаллий Кенгаш депутатлари, тадбиркорлар, фермерлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Улар ҳам ушбу хайрли ишдан четда турмасдан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига турли ҳомийлик ёрдамлари беминнат кўрсатиб келмоқдалар.

Биргина Халқ депуталари Наманган вилоят кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ва тадбиркорлар томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати фондларига ҳамда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга 25 млрд сўмга яқин ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди.

Хусусан, “ART SOFT HOLDING” компанияси раҳбари, O'zLIDePдан Наманган вилоят Кенгаши депуталикка сайланган Олимхон Бабаханов Поп, Мингбулоқ, Янгиқўрғон туманлари ва Наманган шаҳридаги 3 минг 70 нафар оилага ҳар ойда 1 млн сўмдан, 3 ой давомида 3 млн. сўмдан ортиқ жами 10 млрд сўмлик хайрия ёрдамини амалга оширди.

O'zLiDeP Тўрақўрғон тумани Кенгаши фаоли, “Денгиз Тулпори” фермер хўжалиги раҳбари Алимардон Бозоров 1100 та хонадонни уч ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб келишни йўлга қўйди.

Шу қаторда партиямиз фаоли Косонсой туманидаги момиқ сочиқлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Barkas teks” корхонаси синовли кунларда қўл остидаги ишчи-ходимларнинг моддий таъминотини тўлиқ ўз зиммасига олди. Айни дамда корхона раҳбари, Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати Анвархон Абдулхаев томонидан 1000 нафар ишчилар оталиққа олинган. Депутат ушбу оилаларни 3 ой давомида моддий ёрдам кўрсатиб келишни мақсад қилган.

Шунингдек, Наманган шаҳридаги “ISTIQLOL TEKSTIL DIZAYN” корхонасида ҳам иш жараёни қизғин давом этмоқда. "IDEAL" савдо белгиси остида тикувчилик маҳсулотларини тайёрлашга ихтисослашган мазкур корхона 500 нафар ишчи ходим фаолият юритиб, айни кунларда 200 нафардан ортиқ аҳолинининг бандлиги таъминлаган. Корхонанинг 300 нафар ишчи ходимлари уйда қолганлиги сабабли уларга тўлиқ ёрдам кўрсатиб келиняпти. Шу билан бирга аҳолининг эҳтиёжманд оилалари аниқланиб, шу кунга қадар 1000 дан ортиқ оилаларга хайрли ишлар амалга ошириб келинди.

Наманганлик “МЕХМАШ” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зокиржон Ходжаев томонидан ҳам “Тадбиркорлар саховат жамғармаси”га 130 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда Давлат санитария эпидемиология марказига 86 миллион сўмлик дезинфекция мосламалари хайр-эҳсон қилинди ҳамда “Саховат ва кўмак” ҳаракатига 350 миллион сўм миқдорида пул маблағлари ажратилди.

Умуман олганда, партиямиз фаоллари томонидан бу каби эҳсон ва хайриялар барча вилоятларда амалга ошириб келинмоқда.

  • Кўрилди
    1276
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+