Спикер ўринбосари бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Сўх туманида ўрганишлар олиб бормоқда

04.06.2020, 11:33

Спикер ўринбосари бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар  Сўх туманида ўрганишлар олиб бормоқда

Маълумки, Чашма булоғи Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси аҳолисини ичимлик ва суғориш суви билан таъминлайди. Ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида келишув ҳам мавжуд.

Бироқ шунга қарамай жорий йилнинг 31 май куни Ўзбекистон –Қирғизистон давлат чегараси “Чашма” участкасида Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси ўртасида маҳаллий даражадаги ҳодиса юз берди.

Воқеа сабабларини икки томон расмий шахслари ўрганиши шуни кўрсатдики, Чашма булоғининг ариқларини биргаликда тозалаш пайтида юзага келган баҳслашув натижасида икки мамлакатнинг айрим фуқаролари ўртасида можаро келиб чиққан.

Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов зудлик билан воқеа жойига етиб келди ва Қирғизистон Республикаси ҳукумати раҳбари в.б. К.Боронов билан учрашув ўтказди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.

Айни дамда ҳукумат комиссияси ҳудуддаги муаммоларни ўрганиб, вазиятни барқарорлаштириш, ижтимоий-сиёсий ҳолатни яхшилаш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш борасида манзилли бирламчи вазифалар дастурини ишлаб чиқяптилар.

Таъкидлаш жоизки, бу воқеа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, айниқса, парламент қуйи палатасидаги O'zLiDeP фракцияси аъзоларини ҳам бефарқ қолдирмади.

Спикер ўринбосари А.Хаитов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар, тадбиркор ва фермерлар бир тан-у бир жон бўлиб, ҳудуддаги мавжуд муаммоларни аниқлаган ҳолда, уларни бартараф этиш борасида фаоллик ва фидойилик кўрсатмоқда.

Аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим  манбаи  бўлган томорқачиликни ривожлантириш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб‑қувватлаш орқали ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш ва тадбиркорларни барқарор фаолият юритиб кетиши зарур шароитларни яратиш  чораларини кўрмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари ҳамда “Томорқа хизмати” МЧЖлари қайси турдаги экинларни экиш, парваришлаш, маҳсулотни йиғиб олиш ва уни сотиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатаётир.

Бугунги кунда туманда 47 та фермер хўжаликлари мавжуд бўлиб, уларга 692 гектар экин ер майдонлари бириктириб берилган. Шундан 37 та фермер хўжалиги боғдорчилик йўналишида, 6 таси чорвачилик, 4 та хўжалик эса паррандачилик ва тутчилик йўналишида фаолият юритади.

Лекин айни пайтда туманда аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни кичик бизнес субъектларига жалб этиш, уларнинг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга эътибор етарли даражада эмас. Ваҳоланки, уларда кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш имконияти мавжуд. Ушбу муаммога фақат тумандаги сув таъминотини яхшилаш ва томорқадан самарали фойдаланиш орқали ечим топиш мумкин.

Учрашувлар давомида “Томорка хизмати” корхоналарини техника таъминотини яхшилаш учун молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланиб, халқимиз орасида томорқасидан юқори ҳосил олаётган омилкор инсонлар тажрибасини оммалаштириш, томорқаларда бозорбоп экинлар экилишини ташкил этиш бўйича зарур тавсиялар, маслаҳатлар берилди.

Эндиликда тумандаги мавжуд фермер ва ширкат хўжаликлари учун ажратилган ер майдонларида ҳудуддаги ишсиз фуқаролар бириктирилиб, уларни бандлигини таъминлашга эришилади.  

Шу билан бир қаторда туман депутатларига, тадбиркорларига амалий ёрдам бериш мақсадида партиянинг доимий ҳамкорликда ишловчи ишчи гуруҳи тузилиб, пандемия шароитида юзага келган долзарб муаммоларни, жумладан, карантин чекловлари сабабли  вақтинча ишсиз  қолган фуқароларни бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.   

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари А.Ҳаитовнинг Фарғона вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.

  • Кўрилди
    1868
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+