Кўп болали оила хорижда қандай?

16.06.2020, 17:21

Кўп болали оила хорижда қандай?

“Кўп болали оила” тушунчаси 21 та қонун ҳужжатида, жумладан, 5 та қонунимизда қўлланилган. Айрим мавҳумлик­лар сабабли кўп болали оилаларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш зарурати вужудга келмоқда.

Хорижий давлатлар қонунчилигида бу тушунчанинг ягона таърифи мамлакатнинг демографик хусусияти, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси, миллий ва маданий қадриятларидан келиб чиқиб аниқ белгиланган.

Масалан, Россия Федерацияси Президентининг “Кўп болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан “кўп болали оила”лар тоифаси ҳар бир ҳудуднинг миллий ва маданий, ижтимоий-иқтисодий ва демографик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда федерация субъектлари томонидан белгиланади.

Украинанинг “Болаликни муҳофаза қилиш тўғрисида” ва  “Кўп болали оилалар тўғрисида”ги қонунларида эса никоҳдаги эр-хотин ёки эр ёхуд хотиндан бири билан бирга яшайдиган 3 ва ундан ортиқ болали оила тушунилади. Шунингдек, кўп болали оила таркибига умумий ўрта, профессионал (профессионал-техник), олий таълимдан олдинги профессионал ва олий таълимнинг кундузги
ёки дуал шаклида таълим олаётган болалар (таълим муассасасини тугатгунга қадар, бироқ 23 ёшга тўлмагунича) киради. Қозоғистонда асосан ўз таркибида тўрт ва ундан ортиқ бирга яшайдиган вояга етмаган болалари бўлган, шунингдек, ўрта, техник
ва профессионал, олий ёки олий таълимдан ке­йинги таълимнинг кундузги шаклида таълим олаётган болалари вояга етгандан сўнг таълим муассасасини тугатгунга қадар (бироқ 23 ёшдан ошмаган) болали оила англанади.

Хўш, мамлактимизда бу тушунчанинг мақоми қай даражада эди ва айни кунда унинг ҳуқуқий мақомини ошириш нима учун зарур?

Юқоридаги давлатлар ҳужжатлари ўрганилганда улардан бир қадар андоза олиш кераклиги кўринди. Жумладан, чет давлатларда кўп болали оила таркибига таълимнинг кундузги шаклида таҳсил олаётган болалар таълим муассасасини тугатгунга қадар (ёш чегараси – 18-26 ёшгача) киритилганини ва республикамизда таълимнинг кундузги шаклида узлуксиз таҳсил олаётган бола таълим муассасасини тугатгунга қадар ўрта ҳисобда 22 ёш бўлишини инобатга олган ҳолда, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида кўп болали оила тушунчасига ушбу ёш чегарасида таълим олаётган болалар киритилди.

Албатта, меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда хориж тажрибасини ўрганиш ва татбиқ этиш фойдадан холи бўлмайди.

Мадинахон БАРАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    752
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+