Меҳнат бозори талабидаги касб-ҳунар эгалари асло камбағал бўлмайдилар

08.07.2020, 16:33

Меҳнат бозори талабидаги касб-ҳунар эгалари асло камбағал бўлмайдилар

Яқин-яқингача таълим хизматлари бозори меҳнат ва инновациялар бозоридан алоҳидалашгани боис таълим соҳаси меҳнат бозори ўзгаришларига мослашишда кеч қолмоқда эди. Натижада бир вақтнинг ўзида бўш иш ўринлари ҳам ишсизлик ҳам сақланиб қолди. Меҳнат бозоридаги бундай номутаносиблик ўз-ўзидан ижтимоий муаммоларни, хусусан камбағаллик муаммосини келтириб чиқарди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳақли равишда таъкидлаганидек,: “Ҳайрон қоласиз, жойларда оддий қурувчи, тракторчи ёки механизатор йўқ. Ишнинг кўзини биладиган ер тузувчи ёки сувчи топиш амримаҳол. Кўп жойларда коллежларни битирган болаларни керакли касбга қайта ўқитишга тўғри келмоқда. Қани, касб тарбияси? Қани, меҳнат бозорини ўрганиш?”, деган эдилар.

Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни асосан ишчи касблари ташкил этиши боис умумтаълим мактабларида ва оилада ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш ишларини жонлантириш, бунда «оила–мактаб–касб-ҳунар мактаби» тизимини ривожлантириш, ёшларни ҳунар эгаллашга йўналтириш, касб-ҳунар мактабларида ёшларга жаҳон меҳнат бозорига чиқадиган даражада билим бериш, уларни нафақат ички, балки ташқи меҳнат бозоридаги талабни ўрганган ҳолда тайёрлаш ишларини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Чунки меҳнат бозоридаги номутаносиблик меҳнат ресурсларига тўйинганлик юқори даражада бўлган шароитда содир бўлганда, кўплаб ёшлар ўзларининг доимий турар жойидан ташқарида, миграция йўли билан иш излай бошлайди. Бу ички меҳнат бозорининг ташқи меҳнат бозори билан боғликлигини кўрсатади.

Шу ўринда уюшган миграция тизимини яхшилаш, бунда мигрант кетадиган давлат қонунчилиги доирасида зарурий ҳужжатларни масофавий равишда рўйхатдан ўтказиш, дарҳол иш бошлашига ҳамда шу давлатнинг қонунларини бузилиши ҳолатларининг олдини олишга хизмат қиладиган рухсатноманинг дастлабки вариантини олишни ўзида мужассам этувчи Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, ички меҳнат бозорида янги иш ўринлари яратишда уларнинг қиймати ва самарадорлиги катта аҳамиятга эга. Яратилаётган бир янги ишчи ўрнининг қиймати аҳолини иш билан таъминлашнинг асосий йўналишлари бўйича турлича бўлиб, энг қиммат янги иш ўринлари ижтимоий инфратузилма объектлари йўналишига, энг арзони бўлса касаначилик, хусусан ўзини ўзи банд этиш йўналиши ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ҳолат аҳолини иш билан таъминлашнинг эгилувчан (ноанъанавий) шаклларидан фойдаланиш самарали эканлигидан далолат беради. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 майдаги “Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4716-сон ҳамда 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги” ПҚ-4742-сон қарорлари асосли ва ўринли қабул қилинганини кўрсатади.

Хабарингиз бор, Президентимиз ташаббуси билан ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш ва тайёрлаш тизимида таълим шакли ҳам, мазмуни ҳам, принциплар ҳам мутлақо ўзгарди. 

Эндиликда аввалги уч йиллик таълим стандартидан воз кечилиб, икки йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанлари интеграциялашган таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда. 

Бугун касб-ҳунар мактабларида ўқиган ёшлар аниқ иш ўрнига, ўз йўналиши бўйича зарур билим, кўникмага эга бўлиши керак. Шу мақсадда янги тизимнинг асосий принципи – аввал иш ўрни аниқланади, сўнг иш берувчи ўзининг малака талабларини, шу касб-ҳунарнинг илмини, ўқитиш технологиясини беради, шундан кейингина мутахассис тайёрланади.

Бу тизим мазмуни 2005 йилда Дания давлатининг Архус техника коллежида малака оширган дамларимни ёдимга солди. Уларда ҳам худди шундай тизим. Демак, биз жаҳон андозаларига мос, меҳнат бозори талаблари асосида ишчи кадрлар тайёрлашга ўтмоқдамиз.

Зеро, меҳнат бозори талабидаги касб-ҳунар эгалари асло камбағал бўлмайдилар!

Ҳа, айтганча, азиз ёшлар, мамлакатимиздаги касб-ҳунар мактабларига қабул бошланди. Жорий йилнинг 5-20 июль кунлари касб-ҳунар эгаллаш истагида бўлган 9-синф битирувчиларининг ҳужжатлари онлайн тарзда kasb.edu.uz электрон платформаси орқали қабул қилинади. Келажагингиз ўз қўлингизда! 

Айтадиларку, инсоннинг камбағал бўлиб туғилиши айб эмас, балки унинг камбағал бўлиб яшаши ва дунёдан камбағал бўлиб ўтиши айбдир!

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    756
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+