Янги марказ бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни назорат қилади

10.07.2020, 15:21

Янги марказ бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни назорат қилади

Тадбиркор – бу ҳақиқий фидойи инсон. Негаки, у нафақат ўзини, балки эл-юртини ҳам боқади, тўплаган маблағини янги иш очишга сарфлайди. Агар одамларнинг тадбиркор бўлишига амалий ёрдам берилса, бунёдкорлик янада кенг қулоч ёзади. Энг муҳими, бу билан минглаб оилаларга барака киради, юз минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, янги иш ўринлари яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти Бу эса ҳудудларда оилавий тадбиркорлик ривожига, ёш тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳаларини рўёбга чиқишига ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 1 июлдаги “Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳеч шубҳасиз, ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. 

Нега деганда, ушбу қарорга мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги “Давлат мулкини ижарага бериш маркази” ДУК негизида Агентлик ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилди.

Эндиликда, Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари бўш турган нотурар бино ва иншоотларни, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини аниқлаб, уларнинг ҳисобини юритади. Ижарага берилган давлат мулки объектларини ва уларнинг ижарасидан тушадиган маблағларни ҳисобини олиш билан бирга, мониторинг қилиб боради. Улардан мақсадли фойдаланиляптими, маблағлар нималарга сарфланяпти, шуларни назоратга олади.

Марказ давлат бошқаруви органи бўлгани боис барча давлат органларидан зарур бўлган маълумотларни олишга ҳақли ҳисобланади. Бўш турган объектлар тўғрисидаги маълумотлар эса Марказнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва ҳар ойда янгилаб борилади.

Баъзан ноль харид қийматида берилган бўш турган объектлардан тўлиқ фойдаланмасдан, унинг бир қисми бўш қолиб кетиш ҳолатлари кузатилади. Янги тузилган марказ бундай ҳолатларга ўрин қолдирмайди.

Қарорда белгилаб қўйилганидек,  бўш турган объектлар рўйхати Марказ томонидан ҳар чоракда Савдо-саноат палатасига ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига киритиб борилади. Марказнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари эса давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилади.

Президентимиз қарорида ўз ифодасини топган яна бир муҳим янгилик  – 2020 йил 1 сентябрдан барча аукцион савдолари натижалари QR-кодни қўллаш орқали расмийлаштирилади. «E-IJRO AUKSION» тизимида эса қуйидаги тартиблар жорий қилинади. Хусусан;

биринчидан, аукционда шахсини идентификациялаш имконини берувчи мобиль иловалар орқали иштирок этилади;

иккинчидан, давлат мулкини ижарага бериш шартномалари электрон шаклда икки томонлама тузиш орқали расмийлаштирилади;

учинчидан, савдоларда мавжуд бўлган лотлар ҳақида батафсил маълумотларни ўз ичига олувчи доимий янгиланиб турадиган ва Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган электрон каталог яратилади.

Хулоса қилиб айтганда, давлатнинг ҳеч бир биноси, ери бўш турмаслиги керак. Ахир бугун ҳар бир нарсадан унумли фойдаланиш, шу орқали тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, одамларимизни ишли қилиш муҳим вазифадир. Ушбу қарорнинг изчил ижроси, шак-шубҳасиз, фаолият кўрсатмаётган, фойдаланилмасдан турган нотурар объектлардан оқилона ва самарали фойдаланишга хизмат қилади.

 

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари, 

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1105
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+