Биз ёшлар ташаббускор, фаол, ватанпарвар бўлсак, Ўзбекистон учинчи ренессанс даврига дадил қадам қўяди

07.09.2020, 12:46

Биз ёшлар ташаббускор, фаол, ватанпарвар бўлсак, Ўзбекистон учинчи ренессанс даврига дадил қадам қўяди

Мана қарийб ярим йилдан буён барчамиз карантин шароитида яшаяпмиз. Бу мураккаб даврда нафақат бизнинг мамлакатимизда балки, ҳамма давлатларда ҳам энг асосий муаммо аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, даромад билан таъминлаш бўлиб қолмоқда.

Айниқса ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш ҳар қачонгиданда муҳим масалага айланган десак хато бўлмайди.

Бу борада биринчи галда ёшларни бирор касбни эгаллашига кўмаклашиш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш айни муддаодир. Лекин очиғини айтиш керак, ҳозирча касб-ҳунар таълими мамлакатимиз таълим тизимидаги энг заиф нуқталардан бири бўлиб қолмоқда. Шу боисдан ўқувчи ёшларда турли касбларга қизиқишни мактаб пайтидаёқ ривожлантириш, уларни жамиятимизда талаб юқори бўлган касбларга ўргатиш зарур. Қолаверса, ўқувчиларнинг дастурчи, дизайнер, таржимон каби истиқболли касблар учун пойдевор бўладиган билим ва кўникмаларни эгаллаши учун бор куч-имкониятларни сафарбар қилиш лозим. Шунингдек, робототехника, дастурлаш каби талаб юқори бўлган касбларга ўргатиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки, глобаллашув шиддат билан давом этмоқда ва у ортга қайтмайди. Хоҳлаймизми йўқми барча соҳаларга замонавий ахборот технологиялари ва техникалари кириб бораверади.

Шу ўринда яна бир гап. Сир эмас бугунги кунда мамлакатимизда катта кўламда қурилишлар бўлаяпти. Табиийки бу шароитда билимли ва малакали қурувчиларга бўлган талаб ҳам кучайиб бормоқда. Статистик маълумотларга қараганда, ҳозир йилига камида 50 минг нафар профессионал қурувчига эҳтиёж сезилаяпти. Шунинг учун қурилиш йўналишида касбга тайёрлаш ишларини тубдан яхшилаш, бу борада самарали таълим тизими яратиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Албатта кейинги 3 йилда мамлакатимизда бу масалаларни ҳал этиш бўйича тизимли ва тўғри ишлар амалга ошириб келинмоқда ва ушбу ислоҳотларнинг натижаси тез орада юзага чиқади. Аввало аҳоли бандлигини таъминлашда меҳнат бозоридаги талаб ўрганилиб, шу асосида мутахассислар тайёрлашга урғу берилаётгани энг тўғри йўлдир. Зеро, касбларга бўлган реал ички эҳтиёж аниқланиб, шу асосида ёшларга касб-ҳунар ўргатилса, эртага уларнинг ишга жойлашиш имконияти шунча кафолатли бўлиши шубҳасиз.

Юртимиздаги миллионлаб ёшларнинг бир вакили сифатида шуни алоҳида айтишим керакки, Президентимиз бошчилигида ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик соҳасига рағбат ва энг асосийси мотивация уйғотиш учун жуда кенг кўламли амалий ишларга қўл урилмоқда. Хусусан, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси қошида Венчур фонд ташкил этилаётганидан кўпчилик яхши хабардор. Ушбу жамғармага дастлаб 1 миллион АҚШ доллари йўналтирилади. Шунингдек, ёш тадбиркорларга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, банк ва бошқа соҳалар бўйича консалтинг хизматлари харажатлари ҳам қопланади.

Бундан ташқари, стартап лойиҳалар танловини ташкил этиш орқали жорий йилда ҳар бир вилоятда камида 10 та, келгуси йилдан бошлаб йилига камида 20 та энг яхши стартап лойиҳаларга 50 миллиондан 200 миллион сўмгача грант ажратилиши белгиланган. Шу билан бирга, қудуқ қазиш, суғориш воситалари харид қилиш, иссиқхона ўрнатиш, уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун ёшларга субсидиялар берилади.

Умуман олганда, мамлакатимизда келажакка шу зайлда сармоя киритилаяпти ва бу орқали ёшларга жуда катта ишонч билдирилаяпти, десак тўғри бўлади. Биз ёшлар эса аввало зиммамиздаги ана шу масъулиятни теран ҳис этиб, учинчи ренессанс даврига қадам қўяётган жонажон Ўзбекистонимизнинг равнақи айнан ёшларнинг ташаббускорлиги, фаоллиги, ватанпарварлигига боғлиқ эканлигини асло унутмаслигимиз керак.

Шозафар Шоаҳмедов

“ECO VIRIN AGRO” МЧЖ директори,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси ҳузуридаги

 “Ёшлар парламенти” аъзоси

  • Кўрилди
    1192
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+