O’zLiDeP “Ёшлар қаноти” фаолларининг таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда

14.09.2020, 16:46

O’zLiDeP “Ёшлар қаноти” фаолларининг таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда

Мустақиллик йилларида таваллуд топган, бунёдкорлик руҳи билан суғорилган истиқлол ғоялари асосида таълим-тарбия олган йигит-қизлар бугун жамиятимизнинг етакчи кучига айланиб улгурди. Сўнгги йилларда шахсан Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг билим олишлари, санъат, спорт, адабиёт, тадбиркорлик билан шуғулланишлари, бир сўз билан айтганда, ўз олдиларига қўйган мақсадларига етишишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши таркибидаги бошланғич партия ташкилотлари сафида 40 466 нафар аъзолар бўлиб, уларнинг 60 фоизга яқини ёшлар ҳисобланади. Агар соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, маслакдош ёшларимиз деярли барча жабҳаларда фаолият кўрсатаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Очиғини айтиш керак, номига ҳисобот учун ўтказиладиган, мажлисбозликдан иборат тадбирлар вақти аллақачон ўтди. Ҳозирги ёшлар ҳар бир масалага ноанъанавий ёндашуви билан ажралиб туради. Шундай экан, уларга қилинадиган таклифлар ҳаётий бўлиши билан бирга амалий натижалари билан ҳам ёшларни қизиқтира олиши керак.

 Ўз самарадорлигини исботлаган ва  ёшлар ўртасида оммалашиб улгурган, бир неча йиллар давомида  партия “Ёшлар қаноти” томонидан ташкил этиб келинган  истиқболли лойиҳалар - “Диплом билан бизнесга”, “Ёш фермер” каби республика кўрик-танловларини янги форматда янада жонлантириш алоҳида аҳамият касб этиши шубҳасиз. Чунки, бундай кўрик-танловлар давомида ёшлар ўз тенгдошлари билан мулоқотда бўлиш билан бир қаторда, банк, солиқ ва бошқа тадбиркорлик соҳалари билан доимий равишда иш олиб борадиган   бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан ҳам бевосита алоқада бўлиш имконияти яратилади.

Айни пайтда жойларда ёшларни қийнаётган энг катта муаммо – бандлик масаласидир. Бу йил  Жиззах  вилоятидаги умумтаълим мактабларини 21 мингдан зиёд ёшлар битириб чиқади. Вилоятдаги  мавжуд 9 та Олий таълим муассасалари ҳузуридаги техникумларга 34 та мутахассислик  бўйича 2525 нафар, Вазирлик ва идоралар тасарруфидаги 9 та коллежларга 40 та мутахассислик  бўйича 2860 нафар ва касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси тасарруфидаги 16 касб-ҳунар мактабларига эса 34 та мутахасссислик бўйича 3180 нафар ёшларни қабул қилиш режалаштирилган. Демак, Олий ўқув юртларига, техникум ва касб-ҳунар мактабларига қамраб олинмаган ёшлар бандлигини таъминлаш доимий назоратда бўлмоғи керак.

Жойларда фаол тадбиркорлар, депутатларимизнинг бу борада амалга ошираётган хайрли ташаббусларини ҳар томонлама оммалаштириш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Мисол учун, халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати, “Холмўминов Зоҳид” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Шарофат Нориева  “Олмачи” маҳалласида “Ёш фермерлар” мактабини ташкил қилиб, ёшларга бепул гулчилик, чорвачилик, боғдорчилик соҳалари сир-асрорларини ўргатмоқда. Айни пайтда мазкур ўқув курсини    20 нафар йигит-қиз битириб чиқди. Тадбиркор уларга ўз фермер хўжалигидан ер ажратиб, уруғлик билан таъминламоқда ҳамда улар етиштирилган маҳсулотларни ҳам бозор нархида сотиб олмоқда. Бундай хайрли ташаббуслар жойларда қанчалик кўп қулоч ёйса,  нур устига аъло  нур бўларди.

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгашида Депутатлик гуруҳлари, Бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлимлари, “Аёллар қаноти” гуруҳи аъзолари, депутатлар,  иштирокида видеоконференцияда кўрилган “Ёшлар қаноти” фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар “Йўл харитаси” қизғин муҳокама қилинди. Таклиф ва мулоҳазалар ўрганилиб, ўзаро ҳамкорлик режалари ишлаб чиқилди.  Мақсад – “Йўл харитаси”да илгари сурилган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаб, ёшлар билан ишлашни давр талаблари даражасига кўтаришдан иборатдир.

Холмат ТЎРАЕВ,

 O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири.

  • Кўрилди
    621
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+