Эндиликда маҳаллий давлат ҳокимияти тизимида ҳокимиятлар бўлиниши тамойилининг амалий рўёбга чиқарилишини таъминлаш учун дадил қадам ташланади

16.09.2020, 17:34

Эндиликда маҳаллий давлат ҳокимияти тизимида ҳокимиятлар бўлиниши тамойилининг амалий рўёбга чиқарилишини таъминлаш учун дадил қадам ташланади

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Бу билан янги тартиб жорий қилиндими?

Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 21 август куни қабул қилинган, Сенат томонидан эса 11 сентябрь куни маъқулланган мазкур қонун аслида Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, 2004 йил 2 декабрда қабул қилинган “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиришлар киритиш асосида қабул қилинди.

Ушбу меъёрий ҳужжатнинг биз учун аҳамияти нимада? Биринчидан, маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудлар кесимида муҳим қарорлар қабул қилиш, маҳаллий давлат органлари фаолиятини назорат қилиш бўйича ролини янада оширишда уларни ташкилий, техникавий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминловчи бўлинмаларни ташкил этиш заруратига барҳам беради. Айни кунга қадар маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини таъминлашга кўмаклашувчи бўлинмалар мавжуд эмас эди, бу эса табиийки, ҳокимликларнинг аппарати (Ташкилий-назорат гуруҳлари) томонидан ўзига хос бўлмаган функцияларнинг амалга оширилишига сабаб бўлаётган эди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 17 августдаги фармонига асосан халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгашлари котибиятлари фаолияти бўйича йўлга қўйилган эксперимент муваффақиятли амалга оширилган эди. Бу эса ҳудудларда ҳам шундай самарали тизимни жорий этиш зарурлигини тақозо этганига ўзимиз гувоҳ бўлдик.

Эндиликда мазкур қонун билан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш тегишли Котибият томонидан таъминланади. Шунингдек, котибият юридик шахс ҳисоблангани учун унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджетлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Албатта, котибият тузилмаси, низоми, штатлари ва моддий-техника таъминоти, шу билан бирга, уларнинг ишлаши учун зарур харажатлар тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан тасдиқланиши ҳам қонун билан қатъий белгиланди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Қонуннинг қабул қилиниши қандай натижаларни тақдим этади? Аввало, маҳаллий давлат ҳокимияти тизимида ҳокимиятлар бўлиниши тамойилининг амалий рўёбга чиқарилишини таъминлаш учун дадил қадам ташланади. Маҳаллий Кенгашлар аъзолари томонидан давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармаларининг фаолияти, шунингдек Давлат дастурларининг ҳудудлар кесимида ижро этилиши устидан таъсирчан депутатлик назорати таъминланиши учун зарур шароитлар яратилади. Маҳаллий ижро органи аппаратлари (Ташкилий-назорат гуруҳлари) маҳаллий вакиллик органларига ташкилий масалалар бўйича хизмат кўрсатиш каби ўзига хос бўлмаган вазифалардан соқит қилинади.

Бу имкониятлар қабул қилинган қонунда мустаҳкамланар экан, ваколатларимиз, вазифаларимиз масъулияти зиммамизда эканлигини унутмаймиз. Депутат ана шу котибиятнинг бир бўлаги экан, унинг юксалиши,самарадорликка эришиши учун янада шижоатли бўлишга интиламиз.

Абдулла Рузметов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати. 

  • Кўрилди
    478
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+