Депутатлар малакасини ошириш – электорат манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омили (+ВИДЕО, ФОТО)

18.01.2018, 18:39

Депутатлар малакасини ошириш – электорат манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омили (+ВИДЕО, ФОТО)

Ҳаммамизга маълумки, ўтган йилнинг 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловлар ўтказилиб, ушбу сайловда O‘zLiDePдан кўрсатилган номзодларнинг 137 нафари туман Кенгаши депутати деган мақомга эга бўлди.

Албатта партиямиз бу борада етакчиликни қўлга киритгани барчамизни бирдек руҳлантиради. Лекин айни муваффақият, сайловдаги ғалаба, халқимиз ишончи ортида жуда катта масъулият турганлигини бир сонияга бўлса-да, унутишга ҳаққимиз йўқ. Зеро, ўтган йилнинг 22 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тарихида илк бор янги амалиёт сифатида Олий Мажлисга Мурожаатнома шаклидаги дастурий маърузасида ҳам ислоҳотларимиз самарасини оширишда парламент, депутат, сенаторларнинг ўрнига алоҳида тўхталиб, халқ вакиллари, хусусан, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига танқидий баҳо бердилар.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Президентимиз билдирган танқидлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига партиядан сайланган депутатларнинг малакасини оширишга қаратилган ўқув-семинар ташкил этилди. Ўқув O‘zLiDePдан сайланган депутатлик гуруҳи раҳбари ҳамда аъзоларини, ижрочи котибларни партия соҳасидаги кўникмасини шакллантириш, сиёсий фаоллиги ва билимини ошириб бориш мақсадида ўтказилмоқда. Шунингдек, ўқув орқали партиямиз ижрочи котиб ва давлат маҳаллий вакиллик органларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари ҳамда аъзоларининг малакасини ошириш билан партия ва электорат манфаатларини давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида уюшқоқлик билан ифодалай оладиган, сайловчиларнинг ишончини қозониб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурларда белгиланган вазифалар  ижросини назоратга олишда ҳушёр ва бевосита мулоқотларда ўз сайловчиларини ўйлантираётган муаммоларга ечим топа оладиган, партия билан мустаҳкам алоқада бўлган сиёсий етук депутатлар корпусини шакллантириш ҳам асосий вазифалардан биридир.

Ушбу тизимли ташкил этилаётган ўқув-семинарлар партиянинг сиёсий майдонда эркин рақобат қилишини таъминлашда бугунги куннинг ўткир талабларига жавоб берадиган, партиянинг эртанги кунини таъминлаш йўлида хизмат қиладиган сиёсий жиҳатдан етук билим ва салоҳиятга эга,  замон билан ҳамнафас фаолият олиб борадиган депутатларни тайёрлаб беради.

Мазкур ўқув-семинарнинг биринчи босқичида Халқ депутатлари Бектемир, Миробод, Мирзо Улуғбек, Сергели, Яккасарой, Яшнобод туман Кенгашларига сайланган депутатлар иштирок этди.

Уч кун ташкил этилиши режалаштирилган навбатдаги ўқув-семинарнинг иккинчи босқичида Халқ депутатлари Чилонзор, Учтепа, Олмазор, Шайхонтоҳур, Юнусобод туман Кенгашларига сайланган депутатлар малакаси оширилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасидан келиб чиқиб, O‘zLiDePнинг устувор вазифалари ва уларнинг ижроси ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳияти борасида маърузалар тингланди.

Ўқув-семинар нафақат маъруза балки, амалий машғулотлар шаклида ўтказилмоқда. Иштирокчиларга маърузаларда олган назарий билимларини амалиётда гуруҳлар билан ишлаш орқали синаб кўриш имконияти яратилган.

Семинар иштирокчилари гуруҳларга бўлиниб амалий машғулот олиб боришди. Машғулотлар давомида “Депутатнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари”, “Депутат фаолиятининг асосий кафолатлари”, “Депутатнинг иш режаси”, “Депутатнинг сайловчилар олдида ҳисоботи” каби мавзулардаги қизғин баҳс-мунозаралар депутатларнинг билим ва кўникмаларини янада оширди.

Шунингдек, депутатларнинг асосий ваколати бўлган маҳаллий бюджетнинг шаклланиши ва қабул қилиниши, унинг ижроси устидан назорат механизмлари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва инвестиция дастурлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, Дастурлар ижроси бўйича депутатлик назорати ўрнатиш бўйича назарий билимлар орқали амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил қилишнинг янгича шакллари, депутатнинг нотиқлик санъати ва нутқ маданияти мутахассислар томонидан амалий жараёнларда кўрсатиб берилди.

Таъкидлаш керак, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳи аъзолари малакасини доимий равишда ошириб бориш бўйича чора-тадбирлар режасини белгилиб олган. Шундан келиб чиққан ҳолда бу каби ўқувлар жойларда тизимли ташкил этиб борилади.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2006
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+