Ёшлар масаласи яна бир бор БМТ минбаридан янгради

28.09.2020, 18:35

Ёшлар масаласи яна бир бор БМТ минбаридан янгради
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўп томонлама халқаро ҳамкорликни ривожлантириш барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим омили эканини таъкидлади.
 
Президентимиз шу мақсадда 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Конвенция лойиҳаси ёшлар сиёсати бўйича миллий ва хорижий экспертлар, соҳа мутахассислари, халқаро ташкилотлар вакиллари, кенг жамоатчилик ва ёшлар ҳамкорлигида пухта ишлаб чиқилиб, 2017-2020 йилларда ўтказилган турли халқаро форум ва конференцияларда кенг муҳокама қилинди.
 
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шафелигида ўтказилган “Терроризм ва экстремизмга қарши курашда ёшларнинг роли” мавзусидаги халқаро конференция, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги 6-семинари, « Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ўтказилаётган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми шулар жумласидан. Мазкур халқаро анжуманларда дунёнинг барча минтақаларида истиқомат қиладиган мингдан ортиқ ёшлар иштирок этиб, конвенция лойиҳасига ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.
 
2018 йилда ўзбекистонлик ёшлардан иборат делегация илк бор БМТ Бош қароргоҳида ЭКОСОС (Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш)нинг Ёшлар форумида иштирок этган пайтда Президентимизнинг ушбу ташаббуси форум кун тартибига қўйилиб, хорижий давлатлар ёшлари, шунингдек, БМТ Бош котибининг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича вакили Жаятма Викраманаяке хоним томонидан қўллаб-қувватланган эди.
 
Конвенция лойиҳасини ишлаб чиқишда 50 дан ортиқ мамлакатнинг ёшлар сиёсатига оид қонунчилиги, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлари, 20 дан ортиқ минтақавий тузилманинг битим ва ҳужжатлари (Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Иттифоқи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқалар), 30 дан ортиқ халқаро ташкилотнинг умумий норматив ҳужжатлари (БМТ, ЖССТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, Парламентлараро кенгаш ва бошқалар) ўрганилди.
 
Ҳозирда конвенция лойиҳаси Ўзбекистоннинг БМТдаги ваколатхонасига кўриб чиқиш ва аъзо мамлакатлар билан келишиш учун юборилган.
 
Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш зарурати ҳақида яна бир бор таъкидлагани катта аҳамият касб этади.
 
Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг ўртача ёши 27,6 ёшни ташкил этади. Минтақа аҳолисининг 50 фоизга яқини Ўзбекистонга тўғри келади.
 
Мамлакатимиз демографик кўрсаткичларига кўра “эрта демографик дивиденд” босқичига мансуб давлатлар қаторига киради. БМТнинг 2017 йилда ўтказилган “Дунё аҳолишунослиги истиқболлари” мавзусидаги тадқиқотига кўра, 2048 йилга келиб Ўзбекистон аҳолисининг энг катта қисмини (27,6 миллион нафар) меҳнатга лаёқатли фуқаролар (15-64 ёш) ташкил этади.
 
Келгуси беш йилликда ёшларнинг илмий, касбий ривожланиши, саломатлиги, иқтисодий имкониятларининг кенгайиши, технология ва инновацияларни ривожлантиришга ажратиладиган сармоялар “демографик дивиденд”га эга бўлишга, яъни мамлакатнинг қисқа муддатда юқори иқтисодий тараққиётга эришишига замин яратади.
 
Афсуски, коронавирус пандемияси туфайли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси ўсиши кузатилмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида бутун дунёда иш ўринлари 14 фоизга (400 миллион) қисқарди. Натижада ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси кескин ошмоқда.
 
Ёшларнинг кучли ижтимоий таъминоти, меҳнат муҳофазасини ташкил этиш, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш барча давлатлар кун тартибида турган муҳим вазифалардан бири. Шу жиҳатдан, дунё ёшларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бандлик, таълим имкониятларини яхшилаш, салоҳиятини юзага чиқариши учун шарт-шароит яратиш нафақат ҳар бир мамлакат, балки бутун дунёнинг иқтисодий, ижтимоий барқарорлиги ва турмуш фаровонлигини таъминлашга замин бўлиб хизмат қилади.
 

Дилнозахон КАТТАХОНОВА,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси,

Ўзбекистон Республикаси

Ёшлар ишлари агентлиги

директори ўринбосари

  • Кўрилди
    455
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+