Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш устувор вазифа

05.10.2020, 15:50

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш устувор вазифа

O`zLiDeP Cирдарё вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти”нинг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда “Ёшлар қаноти” фаолиятининг ўтган даврдаги фаолияти атрофлича сарҳисоб қилинди.

-Мамлакатимиз раҳбари томонидан ёшларга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда, - деди ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Абдулло Аслонов. - Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида ҳам ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим омили эканини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳам ёшлар масаласига эътибор қаратиб, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилиш ташаббусини илгари сурганди. Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш зарурати ҳақида яна бир бор таъкидлаб ўтгани ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди. Ўзбекистон ёшлари бу ғамхўрликларни ҳар қадамда ҳис қилиб шунга яраша жавоб бермоқлари лозим.

Конференцияда алоҳида таъкидланганидек, келгусида ёшларнинг илмий, касбий салоҳиятининг ривожланиши, саломатлиги, иқтисодий имкониятларининг кенгайиши, қолаверса, технология ва инновацияларни ривожлантиришга ажратиладиган сармоялар мамлакатимизнинг юқори иқтисодий тараққиётга эришишига замин яратади.

Ҳисобот даврида вилоят таркибида 26 445 нафар аъзолар бўлиб, шундан 15477 нафар аъзоларни 34 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Бу жами партия аъзоларининг 58 фоизига тенгдир. 648 та бошланғич партия ташкилотларининг 175 тасига 34 ёшгача бўлган ёшлар етакчилик қилишмоқда. 2019 йилда бўлиб ўтган сайловларда  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 1 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига 19 нафар депутатлар сайланди. Энг кўп сайланган ёш депутатлар Сирдарё туман Кенгашида бўлиб, улар 20 нафар депутатнинг 5 нафарини ташкил қилади.

Афсуски, коронавирус пандемияси туфайли аҳоли, ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси ўсиши кузатилди. Шунга қарамай, ёшларнинг кучли ижтимоий таъминоти, меҳнат муҳофазасини ташкил этиш, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди. Ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бандлик, таълим имкониятларини яхшилаш, салоҳиятини юзага чиқариши учун шарт-шароит яратиш  ва турмуш фаровонлигини таъминлаш кун тартибидаги масалага айланди. “Ёшлар қаноти”нинг ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ва фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар Йўл харитасини муҳокама қилиш ва тасдиқлаш жараёнида “Ёшлар қаноти” фаоллари ҳам ўз таклиф ва фикрларини билдириб ўтишди.

Конференцияда, шунингдек, “Ёшлар қаноти” Жамоатчилик Кенгаши таркиби тасдиқланди ҳамда республика “Ёшлар қаноти” Жамоатчилик Кенгаши Конференциясига делегатлар сайланди.

Конференция савол-жавоблар, қизғин мунозаралар остида якун топди. Иштирокчилар конференциядан сўнг “Мили текстил Сирдарё” МЧЖга ташриф буюриб корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, партия сафига қабул қилинган янги ёш аъзоларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Ҳусан ЖАББОРОВ,

O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

 

  • Кўрилди
    1226
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+