Табиатга қандай муносабатда бўлсак, у ҳам бизга шундай жавоб қайтаради

10.11.2020, 16:13

Табиатга қандай муносабатда бўлсак, у ҳам бизга шундай жавоб қайтаради

Бугун дунё қанчалик тараққиётга юз тутмасин, мислсиз кашфиётлар бўлмасин, сайёрамиз экологиясининг қалқони бўлган ўрмонларни асраш, яшил майдонларни кенгайтириш давримизнинг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Боиси ўрмонлар кун сайин қисқариб, маълум қисми бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Бу эса ер юзидаги барча мамлакатларни бу ҳақда чуқурроқ ўйлашга мажбур этмоқда. Жаҳон ёввойи табиат (WWF), Global Footprint Network жамғармалари ва Лондоннинг зоологик жамияти мутахассислари ҳамкорликда ўтказган тадқиқот натижаларига кўра ҳар йили 11 миллион гектар тропик ўрмон кесилмоқда. Йўқотишлар  ўрмонларни  тиклаш ишларига нисбатан 10 баробар кўпдир.

Табиийки бу инсониятга катта ташвиш туғдириши мумкин. Бинобарин, ўрмонларнинг йўқ қилиниши ёхуд улардан пала-партиш фойдаланилиши табиатда биологик хилмахилликнинг издан чиқишига, сув тошқинлари, эрозия ва қурғоқчиликлар юзага келишига сабаб бўлиши соҳа мутахассислари томонидан таъкидланаяпти.

Мамлакатимизда ҳам шундан келиб чиқиб масалага жиддий эътибор қаратилаяпти. Ўрмонлар ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳар йили минглаб гектар майдонда ниҳоллар экилаяпти. Ноёб ўсимлик ҳамда ҳайвон турларини кўпайтиришга мослаштирилган, алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар ва қўриқхоналар майдони кенгайтирилмоқда. Чунки, иқтисодиётнинг ресурс базасини кенгайтириш, доривор табиий ўсимликларни етиштириш, аҳоли бандлигини таъминлашда ўрмонларнинг муҳим ўрни бор. Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда мамлакатимизда ушбу соҳага эътибор янада кучайди ва ўрмон фонди ерлари 12 миллион гектарга етказилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу масалада жорий йилнинг сентябрь ойида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги таъкидланиб, келгусидаги устувор вазифалар белгиланганди. Хусусан, ўрмон фонди ерларини ўзлаштиришга ҳам субсидия ва имтиёзлар жорий этиш, соҳага хусусий секторни жалб қилиш орқали суғориш насослари харид қилиш, қудуқлар қазиш ишларини молиявий қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилганди.

Маълумот учун айтиб ўтиш керакки, бу йилдан бошлаб оборотда бўлмаган ўрмон фонди ерларини ижарага бериш тартиби жорий қилинди. Ҳозирги кунда 20 минг гектар шундай ер ижарага берилган. Бу ишларни давом эттириб, қўшимча ерларни оборотга киритиш ҳамда тадбиркорларга ижарага беришни кенгайтириш вазифаси қўйилди.

Соҳага хусусий сектор фаол жалб қилишнинг афзалликлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бунинг натижасида ўрмон фонди ерларида асаларичилик, чорвачилик ва паррандачилик лойиҳаларини амалга ошириш, бандликни таъминлаб, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш имконияти кенгаяди.

Қолаверса, мамлакатимизда янги тизим ўрмон ҳудудларида туризмни ривожлантириш бўйича жуда катта захиралар мавжуд. Бу борада ҳам тадбиркорлик имкониятларидан тўғри фойдаланиш яхши самара беради. Мисол учун, ўтган йили экотуризм ва ов туризмидан жами 1 миллиард сўм тушган. Шундан келиб чиққан ҳолда давлатимиз раҳбари томонидан бу соҳани хусусий шериклик асосида янада ривожлантириш бўйича зарур топшириқлар берилганди. Ҳозирда “Бурчмулла” ўрмон хўжалигида хусусий шериклик асосида 300 ўринли экотуризм маскани барпо этилмоқда. Яқин йилларда Шаҳрисабз, Китоб, Бойсун, Боботоғ, Зомин, Бахмал, Оҳангарон, Бекобод, Далварзин, Поп, Қўқон, Қозоқдарё ўрмон ва ов хўжаликларида ҳам хусусий шериклик асосида ана шундай экотуризм масканлари ташкил этилиши белгиланган. 

Бир сўз билан айтганда, табиатнинг бебаҳо мўъжизаси, инсониятга минг йиллардан бери хизмат қилиб келаётган ўрмонларни асраб-авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз керак. Зеро, табиатга қандай муносабатда бўлсак, у ҳам бизга шундай жавоб қайтаради.

Бобур Ғафуржонов,

Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот

институти докторанти,

Ёшлар академияси аъзоси,

O'zLiDeP фаоли

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    920
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+