Мурожаатномада тиббиёт ходимлари олдида катта масъулиятли вазифа юкланди

07.01.2021, 14:17

Мурожаатномада тиббиёт ходимлари олдида катта масъулиятли вазифа юкланди

Давлатимиз раҳбарининг Парламентга навбатдаги Мурожаатномаси билан танишар эканман, тиббиёт соҳаси ходими ва халқ ноиби сифатида шу азиз юртимнинг фарзанди эканлигимдан, унинг ғам-ташвишларига шерик бўлгандан қалбимда фахр-ифтихор туйғуларини ҳис этдим.

Дарҳақиқат, тарих саҳифаларидан жой олаётган 2020 йил халқимиз учун чиндан-да оғир, синовли ва машаққатли бўлди. Ўзига хос бу синов ҳали ҳам давом этмоқда. Мурожаатномада халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз, дея алоҳида таъкидланганлиги бежиз эмас.
Пандемиянинг дастлабки давридаёқ, қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва барча ҳудудларда ҳамма шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканларининг ташкил этилганлиги, улар зарур дори-дармон, ҳимоя ва энг замонавий диагностика воситалари билан таъминланганлиги, хавфли инфекцияга қарши курашиш учун 200 мингдан зиёд тиббиёт ходими жумладан чет эллик 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассисларнинг жалб этилганлиги ўз кутилган самарасини берганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Синовли ва таҳликали кунларда юртимизнинг энг чекка ҳудудларидаги нафақат шифо масканлари ва улардаги даволанувчилар, балки кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар ҳам доимий эътиборда бўлишди. Жумладан, мамлакатимизда эълон қилинган карантин даврида хусусий корхонамизда МСКТ ва МРТ аппаратларидан ўтган ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларга ушбу даволаш муассасаси томонидан 3 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ҳудуддаги Бештува, Оқработ, Баққоллар, Амиробод, Тошлоқ, Қорабоғ, Айиртом ва бошқа МФЙлар ўрамидаги хонадонларда истиқомат қилувчи аҳолининг кам таъминлаган қатламига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилиб, улар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди. Пандемия шароитига қарамасдан, бир қатор ҳудудлардаги аҳоли томорқа ерлари ва иссиқхоналар фаолиятини жонлантиришга, улардан самарали фойдаланишга эришилди. Бу айниқса Тошлоқ ва Баққоллар МФЙларида аниқ кўзга ташланди.

Президентимиз Мурожаатномасида аҳолининг ижтимоий муҳофазасига алоҳида урғу берилган бўлиб, халқимизни рози қилиш йўлидаги сайъ-ҳаракатлар ва уларнинг кутилажак самараси янги йилда ҳам кўпчиликни хушнуд этиши аниқ. 2021 йилнинг мамлакатимизда ”Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг саломатлигини мустахкамлаш йили“ деб эълон қилинганлиги кўплаб тармоқлар қатори тиббиёт соҳаси ходимларига ҳам, жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатлари зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси билан халқимизни таништирар экан, айниқса, тиббиёт соҳаси ходимларига, барча шифокорларга алоҳида миннатдорлик билдирди, уларга таъзимдаман, — деди. Бундан ортиқ эътибор ва эътироф бўлмаса керак.
Пандемиядан кам талафот билан чиқаётганимиз эса кўп миллатли халқимизнинг сабр-тоқати, матонати ва иродаси маҳсули, қийинчилик ва тўсиқлардан асло чўчимай, эртанги кунга қатъий бир ишонч, пок ва эзгу ният билан янги — 2021 йилга дадил қадам қўяётганимизнинг ҳаётбахш далилидир.

Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномаси юртдошларимиз бахт-саодати ва манфаатлари йўлидаги кундалик фаолиятимизда туб бурилиш ясашга, даволаш-профилактика ишларини янги босқичга кўтаришга, бир сўз билан айтганда, Юртбошимиз ишончи ва эътирофига муносиб бўлишга, меҳнаткаш халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган давлат аҳамиятига молик устувор вазифалар ижросини таъминлашга беминнат ҳисса қўшишга ундайверади.


Гулбаҳор ШАРАПОВА,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати,

“Ғиждувон диагностика маскани”

хусусий корхонаси раҳбари,

“Дўстлик” ордени соҳиби

  • Кўрилди
    858
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+