Жорий йилда Олот туманига ёшлар ва оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун 21 миллиард сўм маблағ ажратилади

27.01.2021, 08:52

Жорий йилда Олот туманига ёшлар ва оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун 21 миллиард сўм маблағ ажратилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 21-22 январь кунлари Бухоро вилоятида бўлди. Ташриф жараёнида кўплаб лойиҳалар билан танишиб, уларни амалга ошириш, ташаббусларни рўёбга чиқариш, аҳоли турмуши фаровонлигини таъминлаш бўйича масъуллар олдига аниқ вазифаларни қўйди.

Давлатимиз раҳбари ишсизлик муаммосига алоҳида тўхталиб, янги иш ўринлари очиш ва ўз-ўзини банд қилувчиларга шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Оилавий тадбиркорлик, ёшлар бизнес лойиҳаларига 390 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланди. Бухоро вилоятида аҳоли томорқаларидан бир йилда икки-уч мартагача ҳосил олишни йўлга қўйиш, хонадонлар даромадини оширишга катта эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Бугунги кунда Бухоро вилоятида уч юз мингга яқин томорқа эгалари мавжуд. Уларнинг ихтиёрида 40 минг гектар унумдор ер бор. Шу боис, эндиликда бу ерлардан йилига икки-уч марта ҳосил олиш, даромадни кўпайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов Бухоро вилоятидаги   учрашувлари доирасида Олот тумани “Ҳосабўйи” МФЙ ҳудудидаги деҳқон Орзигул момо хонадонида бўлди.

Орзигул ая шахсий томорқасининг 10 сотихида иссиқхона ташкил қилган. Шундан 2 сотихида лимон маҳсулотлари етиштиради. Қолган қисмида эса булғор қалампири парваришламоқда. Орзигул момонинг айтишича, у иссиқхонадан йилига 50-55 миллион сўм даромад қилади. 8 сотих майдондан йилига икки марта ҳосил олади.

Спикер ўринбосари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан туманда ташкил қилинган кооперацияга бориб, бу ерда ишсиз ёки чет элдан қайтиб, ҳозирда рўзғор тебратишда қийналаётган 16 та оилага 2.5 сотихдан ажратилган иссиқхонани кўздан кечирди. Бу ерда экилган булғор қалампирларининг ҳолати, ўсиш суръати билан танишди.

Парламент қуйи палатаси Спикери ўринбосари А.Ҳаитов шунингдек, Олот туман ҳокимлигида ўтказилган амалий семинарда ҳам иштирок этди.

Тадбирда сўз олган халқ вакили жойлардаги муаммолар ва уларни ҳал этишдаги мавжуд имкониятларни маҳалла даражасида ўрганиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳозирги пайтда ғоят муҳимлигини билдирди. Маҳаллабай ишлаш, уйма-уйма уй юриб, муаммоларни ҳал қилиш тизимининг афзаллиги ҳақида сўз юритди.  

Томорқаларда экспортбоп маҳсулотларни экиш масаласига тўхталиб, олотликларга ўзи уруғини бериб, кўкатлар ҳосилга киргач уни ўзи сотиб оладиган тадбиркорни таништирди.

– Бу йил ёшлар ва оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун Олот туманига 21 миллиард сўм маблағ ажратилади, – деди А.Ҳаитов. – Шунингдек, 2021-2022 йилларда туманда 42 та лойиҳа амалга оширилиб, кўплаб доимий иш ўринлари яратилади. Лойиҳа қиймати 20 миллион доллар бўлган логистика маркази ишга туширилиб, кичик саноат зоналари ташкил этилади. Эътиборли жиҳати, жорий йилда 18 километр мелиорация тармоқлари қурилиб, Жанубий Олот хўжаликлараро коллектори реконструкция қилиниши натижасида фойдаланишдан чиққан ерлар қайта ўзлаштирилиб, бозорбоп маҳсулотлар етиштирилади.

Йиғилишда вилоятнинг 6 та, яъни Ромитан, Жондор, Олот, Қоракўл, Бухоро ва Когон туманларида томорқа кластерлари ташкил этилиши, бунинг натижасида 12 хил фаолият тури ташкил қилиниб, 10-12 минг хонадон ишли бўлиши қайд этилди.

  • Кўрилди
    929
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+