Кластер бу – мисоли бир аҳил оила

09.02.2021, 15:11

Кластер бу – мисоли бир аҳил оила

Нега бундай деяпман? Негаки, кластер  даладаги деҳқонни, заводдаги ишчини, тўқимачилик фабрикасидаги ип йигирувчини ва тикувчилик корхонасидаги чеварни бошини қовуштиради, бир оила мисоли ишлашга ундайди. Бошқача айтганда, чигитни экишдан тортиб, савдо растасига тайёр кийим-кечак бўлиб боргунга қадар жараён иштирокчилари ўзларини кластер вакили эканини ҳис қилишади.

Энди савол туғилиши мумкин, бу яхшими ёки ёмон? Ахир янгилик ҳаётга энди кириб келаётган пайтда унга қаршилар ҳам, бетарафлар ҳам, қўллаб-қувватловчилар ҳам бўлади-да. “Энди еримиз кластерга ўтди, фермерлик ҳуқуқи қўлдан кетди” деб, янгилик моҳиятини тушунмай гапираётганлар ҳам бўлди. Ҳатто, “кластер фермерга маош бермаяпти, ерлар ҳосилдорлиги пасайиб бормоқда” қабилида орқаваротдан қаршилик кўрсатувчилар ҳам топилди. Аммо кластер тизими бир оиладай ҳамжиҳат бўлиб, ривожланишнинг дастлабки босқичини мардонавор енгиб ўтди.

Бугун кластер тизимига халқнинг ишончи юксалди, бу тизимнинг афзалликларини ҳар биримиз сеза бошладик. Фикрларимга Косон туманида фаолият кўрсатаётган “BUNYODKOR” МЧЖ пахта тўқимачилик кластери фаолиятини мисол қилиб кўрсатишни лозим деб топдим. Чунки бу кластер тизими нафақат туманда балки вилоятда ҳам, мамлакатда ҳам ўз ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. 2018 йилда дастлабки фаолиятини 9,4 минг гектар ерда иш бошлаган кластер 172 нафар ишчига қулай меҳнат шароити яратиб берди ва бугунга келиб, иш билан банд этилганлар сони 240 нафардан ошди. 7 минг  гектар ерда етиштирилган 20 минг 580 тонна пахта хом ашёсини қайта ишлаш учун 2020 йилда яна 210 нафар ишчи ўрни яратилди.

Энг қувонарлиси эса ишлаб чиқарилган 7180 тонна пахта толаси кластернинг текстел фабрикасида ип-калавага айлантирилди. Яъни 5900 тонна ип-калава тайёрланиб, ундан 4500 тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш бошланди. Эндиги вазифа эса 10 миллион дона тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришга қаратилган. Шу ўринда ип-калава маҳсулотини хорижга экспорт қилиш статистикасига ҳам эътиборингизни қаратмоқчиман. 2018 йилда 0,4 миллион АҚШ доллари миқдорида ип-калава хорижга экспорт қилинган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 2,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди. 2020 йилда 2,7 миллион, 2021 йил охиригача умумий экспорт ҳажми 28,7 миллион АҚШ долларига, иш ўрнини эса 1340 тага етказиш кўзда тутилган.  

Шунингдек, кластер таркибидаги пахта заводини модернизация қилиш бўйича ҳам лойиҳалар ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, 2021 йилнинг иккинчи чорагида лойиҳа қиймати 2,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги модернизация ишларига киришилади. Натижада заводда 70 минг тонна пахтани замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш имконияти яратилади. Энг муҳими, 200 та янги иш ўрни очилади. Бундан ташқари 2021 йилнинг учинчи чорагида ёғ-мой заводи ҳам 3,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа асосида модернизация қилиниб, йилига 15 минг тонна сифатли ёғ ишлаб чиқарадиган замонавий технологик ускуналар келтириб ўрнатилади. Модернизациядан сўнг 120 та янги иш ўрни яратилади.

Кўриниб турибдики, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги соҳасини изчил ислоҳ қилишга катта аҳамият қаратилмоқда ва бунинг амалий самаралари кластерлар мисолида яққол намоён бўлмоқда. “BUNYODKOR” МЧЖ пахта тўқимачилик кластери Қашқадарёда фаолият олиб бораётган 10 та кластернинг биттасигина, холос. Ваҳоланки, вилоятда кластер тизимига ўтиб, аҳил бир оиладек, ҳамжиҳатликда экиб, етиштириб, қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқараётган, ҳам ички ҳам ташқи бозорни бойитишга катта ҳисса қўшаётган кластерлар сафи кенгайиб бормоқда. Зеро, кластерлар замон билан ҳамнафас қадам ташлаяпти, уларнинг энг катта ютуғи ҳам шунда.  

Арзиқул Шеров,

O`zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши аппарат

раҳбари, Қарши шаҳар Кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    503
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+