Илмий салоҳият, тафаккурни чархлайдиган муқаддас даргоҳ

19.02.2021, 16:47

Илмий салоҳият, тафаккурни чархлайдиган муқаддас даргоҳ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизда қад ростлаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мамлакатимизда диний қадриятлар, азалий анъаналаримизни илмий, маърифий асосда ўрганишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда, десак асло янглишмаймиз. 

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказишга доир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган тадбирларни ташкиллаштириш бўйича Ишчи гуруҳи аъзолари сифатида қадимий меъморчилик ечимлари ва замонавий дизайн уйғунлаштирилиб барпо этилаётган ушбу марказда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишиб, бунга яна бир карра амин бўлдик.

7,5 гектар майдоннинг 2 гектари Ҳазрати имом мажмуаси қаторида марказнинг маҳобатли биноси қад ростлаяпти. Моҳир қурувчи ва усталар меҳнати эвазига кўкка бўй чўзаётган уч қаватли мўъжизанинг биринчисида 300 та автомобилга мўлжалланган майдон, иккинчи қаватдан асрлар қаъридан ўзлаштирилиб, жон ато этилган нодир санъат кўргазма асарлар акс этган медиа марказ, музей ҳамда экспонатлар ўрин олади. Учинчи қаватга ўқув корпуси жойлаштирилади. Бу ерда илму толиблар Ислом академиясининг магистр ва докторантлари илмий изланишлар олиб боришлари мумкин бўлади. Жаҳон миқёсида нуфузга эга халқаро ташкилот ва машҳур олимлар шу чорраҳада тўпланиб, дунё фанларидан баҳсга киришадилар. Ушбу мунаввар даргоҳда тафаккурлар чархланади.

Президентимиз таъбири билан айтганда, марказ “ҳақиқий ақл маркази” мақомига эга бўлади. Бинобарин, лойиҳага кўра, ушбу марказда академия, 200 минг турли китобларни ўз жавонига жойлаш имкони яратилган кутубхона, архив ва қўлёзмалар фонди ташкил этилади. Уларни бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ва уламолар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео ва фото ҳужжатлар билан бойитиш, 350, заруратга қараб 500  ўринли конференция зали барпо этиш кўзда тутилган. Бир сўз билан айтганда, ушбу марказ исломшунос олимларнинг ўз илмий салоҳиятларини оширишлари ва янги изланишларини рўёбга чиқаришлари учун нурли манзил сифатида фаолият юритади.  

Унинг тўртинчи қавати ҳам бўш турмайди. У ерда миллий анъаналаримиз акс этган яшил боғ, дам олиб тафаккурни чархлаш учун шароит яратилади.

Бунёдкорлик ишлари давом этаётган объектда иш қизғин. Муқаддас даргоҳ ҳали битмаган бўлса-да, аллақачон мозийдан сўзлаётир. Бу мўъжизавий қадамжодаги муҳит бизни бир зум хаёллар оламига, эзгулик гулшанига етаклайди. Қалбингиздан ажиб туйғулар жунбушга келади, руҳиятингиз тиниқлашади. 

Ўйга толамиз... Қадимдан қолган ибора бор: “Таянч нуқтаси топилса, Ерни қўлда кўтариш мумкин”. Диний-маърифий илм нурлари энди шу нуқтадан таралади. Эндиликда ўзбек халқи ўз аждодлари меросидан баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлса, кўплаб илму толиблар ўз иқтидорларини дунёга машҳур қилишга эришадилар. Ахир бундан қувонмай бўладими?

Давлатимиз раҳбари марказнинг ташқи кўриниши, бу ерда ишлатиладиган қурилиш материалларига ҳам эътибор қаратиш лозимлигига урғу бериб, янги шакл ва дизайн топишимиз кераклигини таъкидлаган эди.

Шу боис, марказда бу борада олиб борилаётган ишлар кўлами ниҳоятда кенгайган. Биз, депутатларнинг марказ раҳбарияти, илмий ходимлари билан мулоқотимиз жуда қизғин кечди. Олимлар зарур  маъумотларни бизга тақдим этдилар. Самимий суҳбатдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳаларда амалга оширилаётган ишлар чин маънода, эътирофга сазовор. Шу нуқтаи назардан айтганда, Ислом цивилизацияси маркази ҳам буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, ёш илм толибларининг илмий изланишларини дунёга танитишда катта ўрин тутади.

Наврўз РИЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    538
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+