Европа дарвозасининг янада кенг очилишини таъминлайдиган алоқалар

01.04.2021, 15:28

Европа дарвозасининг янада кенг очилишини таъминлайдиган алоқалар

Венгрия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим шерикларидан бири ҳисобланади. Биргаликдаги интилиш ва амалий ишлар натижасида бу шериклик йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Айниқса, сўнгги тўрт йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми салкам уч баробарга ўсди. Мураккаб пандемия шароитига қарамай, ўтган йили ҳам бу ижобий динамика сақлаб қолинди.

Ишбилармонлар ва ҳудудлар ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилгани бунда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, жорий йил февраль ойида Будапештда иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес-форум ўтказилган эди.

Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг шу йил 29 март куни мамлакатимизга ташрифи доирасида бўлиб ўтган икки мамлакат Ишбилармонлар кенгашининг биринчи мажлисида икки томонлама ҳамкорлик бобида ҳали ишга солинмаган жуда катта имкониятлар борлиги таъкидланди. Асосий эътибор савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий алоқаларни янада ривожлантириш масалаларига қаратилди.

Саноат кооперацияси — ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналишидир. Венгриянинг илғор тажрибаси асосида Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, кимё ва машинасозлик соҳаларида янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.

Ҳудудлар ўртасидаги алоқалар ҳам ривожланмоқда. Самарқанд ва Жиззах вилоятларида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни модернизация қилиш, жумладан, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш борасида Венгрия тажрибасини татбиқ этиш мўлжалланмоқда.

Давлатимиз раҳбари икки мамлакат ҳудудлари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш, ҳар йили Минтақалар форумини ўтказиш таклифини билдирди. Венгрия қишлоқ хўжалиги, меваларни сақлаш ва қайта ишлаш, балиқчилик ҳамда уруғчилик соҳаларидаги илғор тажриба ва технологиялар билан алмашишга тайёрлигини билдирди.

Очиқ ва амалий руҳда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон —Венгрия муносабатларининг деярли барча йўналишлари атрофлича муҳокама қилиниб, биринчи навбатда, иқтисодий ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратилди. Охирги тўрт йилда товар айирбошлашни деярли уч баробарга ўсгани айтилиб, бу кўрсаткични келгусида бир неча баробарга ошириш лозимлиги қайд этилди.

Бу борада икки мамлакат бозорларига маҳсулотлар етказиб беришни кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, балиқчилик, картошкачилик ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олингани айни муддаодир.

Ўзбекистон бизнес соҳаси вакилларининг фикрича, ташриф давомида  Венгрия билан бўлиб ўтган икки томонлама Ишбилармонлар кенгашининг биринчи мажлисини муваффақиятли ва самарали, деб баҳолаш мумкин. Чунки унда кўплаб келишув ва шартномалар тузилди. Бу форматдаги тадбирнинг самарадорлиги — унда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинганидир. Очиқ мулоқот ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун ўзаро манфаатдор соҳаларини аниқ белгилаш имконини берди.

Жорий йилнинг февраль ойида Будапештда Ўзбекистон — Венгрия бизнес форуми ўтказилгани ҳаммамизга яхши маълум. Унда икки мамлакат  ишбилармонлик доира вакиллари йиғилди. Форум якунида паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик, ва озиқ-овқат саноати соҳалари бўйича Ўзбекистоннинг турли вилоятларида 12 та инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга оид қатор икки томонлама келишувлар имзоланган эди. Қолаверса, 76 та янги истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда ўрганишга келишиб олинган, уларнинг 26 таси бўйича Ўзбекистон ва Венгрия томонидан шериклар аниқланиб, ҳозирда музокаралар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон ишбилармон доиралари маҳсулот етказиб беришни кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, балиқчилик, картошкачилик ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш орқали Венгрия билан товар айланмаси ҳажмини янада оширишдан манфаатдор эканликларини алоҳида қайд этиш жоиз.

Музокаралар якунида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон Республикаси билан Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни ҳамда кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳужжатни имзолаши давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариши муқаррар.

Ўз навбатида, икки мамлакатнинг барча ҳудудларини фаол жалб қилган ҳолда, ҳар йили Минтақалар форумини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингани эътиборга молик.  

Ташриф доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида ташкил этилган Ўзбекистон — Венгрия Картошкачилик илмий марказида ҳам бўлишди. Ушбу илмий муассаса Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети билан ҳамкорликда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими негизида ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари бу тармоққа алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Картошка аҳолининг кундалик истеъмол маҳсулотларидан биридир. Унинг сифатли ва арзон бўлиши ҳар бир оила фаровонлигига таъсир қилади. Картошкага бўлган ички бозор талабини қондириш учун катта миқдорда уруғлик зарур. Ўзбекистонда йилига ўртача 80-90 минг гектар майдонда уруғлик экилиб, 2,9 миллион тонна картошка етиштирилади. Шунга қарамай, йилига истеъмол учун 200-300 минг тонна, уруғлик учун 15-17 минг тонна картошка четдан келтирилади.

Энди янги марказ Венгриядан келтирилган касалликка чидамли навларни синовдан ўтказиш ва уруғлик картошка ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бу ерда маҳаллий ва хорижий навларни чатиштириш орқали картошка етиштиришнинг барча босқичларида сифатни таъминлашга қаратилган комплекс тизим ишлаб чиқилади. Энг муҳими, 50 дан ортиқ навлар маҳаллийлаштирилиб, картошкачилик генофонди яхшиланади.

Эътиборли жиҳати, инновацион усуллар самарасида 2021 — 2023 йилларда ҳосилдорликни 30-50 фоизгача ошириш мўлжалланган бўлиб, 2024 йилга бориб 21 минг тонна уруғлик картошка етиштириш, бу борадаги импорт ўрнини тўлиқ қоплаш мақсад қилинган. Шунингдек, бакалавр ва магистрлар амалиёти, илмий кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик, мутахассис ва фермерлар ўртасида малака ошириш амалиёти йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Хулоса ўрнида айтганда, халқаро ва минтақавий масалалар бўйича икки мамлакатнинг қараш ва ёндашувлари ўхшаш. Венгрия томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш режаларини қўллаб-қувватлайди. Шундан келиб чиқиб, фаол ривожланиб сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилган Ўзбекистон ва Венгрия муносабатлари истиқболли стратегик ва самарали ҳамкорликнинг бошида турибди, десак муболаға эмас.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

 Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    706
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+