1 мартдан нималар ўзгаради?

28.02.2022, 17:20

1 мартдан нималар ўзгаради?

Миллий қонунчиликдаги 2022 йил 1 мартдан кучга кирадиган асосий ўзгаришлар ҳақида Norma.uz портали маълумот берди.

Ўзбекистонда ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилинади

Республика махсус комиссиясининг 23 февралдаги қарорига мувофиқ, 1 мартдан Ўзбекистонда ниқоб тақиб юриш мажбурияти талаби бекор қилинади. Жамоат транспорти, бозорлар, таълим муассасалари, театр, музейлар, масжидларда ниқоб тақиш тавсиявий характерга эга бўлади. Ушбу қарор ниқоб тақмаганлик учун фуқароларни жаримага тортишни ҳуқуқий жиҳатдан тўхтатиш учун зарурлиги билан изоҳланди.

Яна 5 турдаги давлат хизмати my.gov.uz портали орқали онлайн кўрсатилади

Ҳукумат қарори билан қуйидаги хизматлар ЯИДХП (my.gov.uz) орқали электрон шаклда кўрсатилади:

  • Ўзбекистонга чет давлат фуқаросини таклиф қилиш;
  • чет давлатда Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ва маълумотномалар олиш;
  • судланганлик (судланмаганлик) ҳақидаги маълумотлар олиш;
  • автотранспорт воситаларида тақиқ мавжудлигини текшириш;
  • жазони ижро этиш муассасалари ва манзил колонияларида сақланаётганларни уларнинг яқин қариндошлари билан учрашув вақтини белгилаш.

Ёнида биометрик паспорт ёки ID-карта мавжуд ҳайдовчидан «права», техпаспорт, ишончнома ва суғурта полиси талаб этилмайди

Президент 2021 йил 30 ноябрда имзолаган қонунга асосан ҳайдовчи ёнида паспорти ёки ID-картаси бўлганида қуйидаги ҳужжатларни олиб юриши талаб этилмайди:

  • транспортни бошқариш, рўйхатдан ўтказганликка оид ҳужжатлар;
  • ишончнома;
  • суғурта полиси.

Бунда, ушбу ҳужжатлар мавжудлиги ЙПХ ходими томонидан электрон тизим орқали мустақил текширилади.

УЖК хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига ойлик компенсация тўловлари жорий этилади

Ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга компенсация тўлови жорий этилади. Бунда, ҳар ойлик компенсация тўлови — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45 фоизи (130 050 сўм) миқдорида тўланади.

Ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи (289 минг сўм) миқдорида қўшимча тўлов белгиланади. Бунда, қўшимча тўлов пенсия ва нафақа тайинланган ташкилот орқали республика бюджети ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар берилади

Президентнинг 2021 йил 21 декабрдаги қарорига биноан Солиқ кодексининг 380-моддаси биринчи қисмига мувофиқ болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади.

2024 йил 1 мартга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.

Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади.

Кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари мулкдорларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади

Президентнинг 2021 йил 31 декабрдаги қарорига мувофиқ, давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига улар эгалигидаги бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) бўлган ер участкалари қуйидаги шарт ва мажбуриятлар билан уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади:

  • ер участкаларини обод ҳолда сақлаш;
  • дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни парвариш қилиш ва суғориш;
  • йиғиштириш-тозалаш ишларини амалга ошириш ва чиқинди қутиларини ўрнатиш;
  • болалар майдончалари, ўтириш жойлари (скамейкалар), тунги ёритиш тизимини ўрнатиш, таъмирлаш ва сақлаш;
  • аҳоли учун пиёда йўлакларини барпо этиш, таъмирлаш ва лозим даражада сақлаш.

Доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб бериладиган ер участкаларида бино, иншоот, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш ҳамда енгил конструкцияли объектларни ўрнатиш ва қуриш тақиқланади.

Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоалар аъзоларига саёҳатларда чегирмаларни тақдим этилади

Ваколатли органларга 2024 йил 1 сентябрга қадар Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоалар аъзоларининг спорт мусобақалари ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этишларини таъминлаш учун ҳудудлараро йўналишлар бўйича транспорт (темир йўл ва ҳаво) харажатларида чегирмалар тақдим этиш топширилди.

Ер участкаларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишда жамоатчилик назорати кучайтирилади

Президентнинг 2022 йил 21 февралдаги қарорига биноан ер участкаларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини кучайтирилади:

  • аҳоли ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича Бош прокуратура (1007 қисқа рақами) ва Кадастр агентлигига (1097 қисқа рақами) юборилган фотосурат ва видеоёзувлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиларига (кейинги ўринларда — ҳоким ёрдамчилари) ўз ҳудудида қурилиши бошланган ҳар қандай бино ёки иншоотларнинг қонунийлигини аниқлаш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, қурилиш ва кадастр органларига сўров юбориш ҳуқуқи берилади.
  • Кўрилди
    1805
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+