Ҳоким ва эксперт баҳси: туманни боқимандаликдан қандай чиқариш мумкин?

20.04.2018, 11:44

Ҳоким ва эксперт баҳси: туманни боқимандаликдан қандай чиқариш мумкин?

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ишлаб чиқилган лойиҳалар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини жойларда бўлаётган ўзгаришлар мисолида кўришимиз мумкин. Аммо зўр диққат талаб қиладиган томон шундаки, ана шу ижобийлик билан биргаликда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бош устқурмаси – субвенциядан қутулиш масаласи ҳали-ҳалигача энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб турибди. Фикримиз тасдиғини юртбошимиз жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида қайсики туман, шаҳар, қишлоққа бормасин, субвенцияга алоҳида эътибор қаратаётганида ҳам кўрамиз.

Бу жиддий мавзу хусусида гап кетар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили Фарғона вилоятига қилган ташрифи мобайнида видеоселектор йиғилишида айтган  қуйидаги сўзларини келтириш ўринлидир: “Субвенция – оддий тилда айтганда, ўзимизни ўзимиз боқишни ўрганишимиз керак дегани!”.

Англашилмоқдаки, субвенциядан чиқиш билан боғлиқ жараёнлар осон кечаётгани йўқ. Бундай саъй-ҳаракатларда давлат ташкилотлари билан бир қаторда сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этмоқда. Биргина мисол тариқасида O‘zLiDeP ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ҳамда Ўзбекистон иқтисодчилар уюшмаси билан Самарқанднинг бир қатор субвенцияда бўлган туманларидаги кенг кўламли ўрганишлари, натижаларига бағишланган катта илмий-амалий конференцияни эслаш кифоя. “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини ошириш ва субвенциядан чиқаришнинг долзарб масалалари” мавзусида ташкил этилган анжуманда иштирокчилар томонидан вилоятнинг бир қанча туманларини боқимандаликдан қутқазиш бўйича ўринли таклифлар ва олимлар томонидан илмий мулоҳазалар, истиқболли лойи­ҳалар ўртага ташланган эди.

Айтиш ўринлики, етакчи партиянинг Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Банк – молия академияси ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан тузган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимлари доирасида ташкил этилаётган субвенцияга оид тадбирлари жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотаяпти. Партия электорати, илмий соҳа вакиллари бу борада ўз муносабатларини билдиришмоқда. Улар таклиф этаётган ечим ва назарий қарашлар турлича. Яъни, ҳудудни субвенциядан чиқариш, ҳар бир туманнинг ўз-ўзини боқиши биринчи навбатда маҳаллий ички имкониятларга боғлиқ бўлса-да, бошқа объектив сабаблар ҳам йўқ эмасга ўхшайди...

Қуйида кўп йиллар республикамиз банк тизимида фаолият кўрсатган иқтисод фанлари доктори, профессор Ашур Қодиров ва дотациядаги туманлардан бирининг ҳокими ўртасида кечган, ҳудудларни субвенциядан чиқаришга бағишланган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.

Мақолани ўқир экансиз, давлатимиз раҳбари томонидан янграган “Субвенциянинг қони – банк!”таъкиди нечоғлик ўринли эканига яна бир карра амин бўласиз.

Яна шуни эътироф этамизки, соҳа мутахассиси ва амалиётчи раҳбар – ҳокимнинг мунозара-гурунги газетамизда илк бор эълон қилинмоқда. Мақолада келтирилган айрим ­фикр-мулоҳазалар мунозара характеридан холи эмаслигини инобатга олиб, бу йўналишда олимлар ва амалиёт ходимларини ҳамкорликка чорлаймиз. Билдирилган таклиф-фикрларингиз “Туманларни боқимандаликдан қандай чиқариш мумкин?” рукнида эълон қилиб борилади.

...Яқинда тақдир тақозоси билан сафарга чиқадиган бўлдим. Омадни қарангки, қўшним – йўлдошим республикамиздаги бир туманнинг ҳокими эди. Узоқ йўлни гурунг қаритади нақлига амал қилиб яқиндан дардлашиб кетдик. Хуллас, мавзу туманни иқтисодий ривожлантириш масалаларига келганда суҳбатимиз анча жиддийлашди. Ҳоким ўзи бошқариб турган ҳудудини боқимандаликдан чиқариш учун барча тадбирлар кўрганини ва якунда туман фақат республика бюджети ёрдами билан яшаши мумкин деган фикрга келганини айтиб, суҳбатни тўхтатмоқчи бўлди. Шундан сўнг мунозара бошланди.

– Туманингизда тижорат банклари филиаллари бўлса керак, нега уларнинг маблағларидан фойдаланмайсиз?

– Сиз тижорат банкларининг марказлашиб кетганидан бехабарсиз, шекилли. Филиал раҳбаридан нима сўраманг, “Республикадан рухсат олишим керак” ёки “Республика маблағ бериши керак” қабилида жавоб қайтаради. Тўғри, улар туманда хизмат кўрсатишади, лекин...

– Хабарингиз бор, шу йил 23 мартда Президентимизнинг “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори чиқди. Айтмоқчиманки, ушбу ҳуқуқий ҳужжат сиз айт­ган муаммони узил-кесил ҳал этмайдими? Яна қандай тўсиқ бўлиши мумкин?

– Тўғри қарор чиқди. Унга мувофиқ, тижорат банклари кредит бериш тартибини филиал даражасида ҳал этишади. Аммо кредитни беришдан ташқари уни расмийлаштириш жараёни ҳам бор-да! Яъни, филиал шу масала юзасидан бир неча бор юқори ташкилотга мурожаат этишга тўғри келмоқда. Мижозларга туғдирилаётган бу ноқулайлик, балки яқинда бартараф этилар ҳам. Бироқ асосий муаммо бунда ҳам эмас. Яшириб нима қилдик, банк кредитлари фоизининг юқорилиги тадбиркор ишини ривожлантириш, маҳаллий бюджетга солиқ базасини кўпайтириш ўрнига уни мумкин қадар солиқдан қочиб, фақат кредит қарзини тўлашга мажбур этиб қўймоқда. Мен ҳоким бўлиб, туман банкининг пулини кўпайтирай десам, омонат фоизи чегараланган ёхуд корхоналарнинг ҳисоб-рақамларидаги пуллари ҳам туман фойдасига ишламайди. Улар банкларнинг ягона вакиллик ҳисоб-рақамига тушиб, маблағ ҳар замонда республика банки ихтиёри билан тақсимланади. Бундай ҳолатда, албатта, субъективизм ҳолатлари учрамаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Буниси-ку майли, энг даҳшатлиси, ҳатто баъзи банкларимиз фаолиятидан қилган фойдасига ҳам эга чиқолмайди. Энг ёмони, банк ходимларининг барчасини ҳам саводли деб бўлмайди. Улар туман иқтисодий ҳаётини таҳлил қилиб, жон куйдирмайдилар. Ахир ўйлаб қаранг, молия тизими ўзича бир марказий корхона бўлса, солиқ ва банк ташкилотлари фикрини юқори ташкилот белгиласа, ҳокимга ким ёрдам беради?..

– Банк тизимини худди ичидан билгандек таҳлил қилдингиз. Хўш, сизнингча, туманни субвенциядан чиқариш учун банк тизими қандай ислоҳотга муҳтож?

– Мен шу пайтгача банк тизимини ўзгартириб бўлмайди, пул билан боғлиқ ташкилот фақат марказлашган ҳолда бошқарилиши керак, деб ўйлаган эканман. Сизнинг кўмагингизда банкларни ислоҳ этиш юзасидан ўз фикрларимни билдирсам.

– Фақат бир илтимос. Дастлаб туманни субвенциядан чиқариш учун банкларнинг фаолиятини қандай ўзгартиришимиз зарурлиги тўғрисида гаплашсак. Чунки фанда оддийликдан мураккабликка қараб фикрлаш мезони бор. Шунга риоя этсак. Қолаверса, сизнинг шароитингизда фақат қўлимиздан келадиган иш тўғрисида гапирсак яхши бўлармиди...

– Яхши. Масалан, туманимизда бешта тижорат банкининг филиаллари фаолият юритади. Биз улардан биттасига тўхталамиз.

– Демак, суҳбатимиз “Банк” деб аталмиш субъект тўғрисида. Айтинг-чи, бу ташкилот тасаввурингизда қандай бўлиши керак?

– Аввало, филиал бўлса ҳам, ўз фаолиятига ўзи жавобгар бўлганидек, қарор қабул қилишда ҳам мустақил бўлиши керак. Дейлик, аҳоли ва корхона-ташкилотларнинг бўш турган маблағларини банк фаолиятига жалб этишда талаб ва таклифдан келиб чиқиб, филиал ўзи фоиз ўрнатса. Тўғри, банк ҳам даромад кўриши керак. Лекин кўр-кўрона юқорини кўрсатмаси билан эмас-да. Қисқаси пул топиб, унинг эвазига кредит берсин, олган фойдасини ҳам ўз қаричи билан тақсимласин, дейман-да.

– Гапларингиздан англашилаяптики, сизга банк филиали ўрнига мустақил банк кераг-ов?

– Айтмаганмидим! Биздаги мавжуд банклар фаолиятини ўзгартириб бўлмайди, деб. Ўзингиз ҳам шу фикрга келиб қолмадингизми?

– Йўқ. Асл моҳият мунозарада аниқланади-да. Келинг, саволни бошқачароқ қўямиз: амалдаги банк тизими иш фаолияти қандай ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўларди?

– Туман ҳокимларининг юзлаб вазифа ва мажбуриятлари ичида аҳолини доимий иш билан таъминлаш ҳамда маҳаллий бюджет даромадини ошириш ҳисобига боқимандаликдан қутулиш энг асосий шарт ҳисобланади. Шундан келиб чиқсак, банкнинг туман филиали айни шу йўлда ҳокимнинг энг яқин кўмакдоши бўлиши керак. Бунинг учун мазкур молиявий ташкилот етарли даражада маблағ билан таъминланиши ва уни бировдан сўрамай тақсимлаши, аҳоли, корхона ва ташкилотлар ҳамда бошқа банклар ва молия муассасаларидан маблағ жалб қилганда устама фоизларини ўзи келиша олиши, фао­лиятдан олинадиган фойдани мустақил, яъни йил якунини кутмай – ҳар чоракда тақсимлаши ва шу йўл билан янги-янги инвесторларни туманга жалб этиб бориши керак.

– Банк тизими фаолияти қонун ва қонун­ости ҳужжатлари билан тартибга солиб борилади. Тижорат банкларининг ташкилий тузилмаси “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосланса, фаолиятини бошқариш “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикасида банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунларга асос­ланади. Демак, тизимдаги бир корхонанинг фаолиятида эксперимент ўтказиш учун камида Вазирлар Маҳкамасининг қарорини чиқариш зарур бўлади. Шунда қарор лойиҳасида нималар ёзилишини истардингиз?

– Ҳа, вазифа жиддий. Менимча, тумандаги банк филиалини бошқаришда республика банки фаолиятини чеклаш...

– Узр, фикрингизни бўлдим. Тўғри айтасиз, чеклаш. Яъни, тизимни бошқариш, Марказий банк ва ҳукумат олдида ҳисобот бериш, давлат томонидан ажратилган ва қўшимча жалб этилган маблағларни филиаллар ўртасида тақсимлаш каби бошқа функцияларни республика банкида қолдириш зарур. Марҳамат, фикрингизни давом эттирсангиз.

     – Банкнинг устав жамғармасидаги ва давлат томонидан фоизсиз ёки паст фоизли берилган маблағларда филиал улушини аниқ белгилаб, уни тўлиғича, қўшимча фоизларсиз филиалнинг ҳисоб-варағига ўтказиб бериши, ягона вакиллик ҳисоб-рақамидаги маблағни ҳар бир амалиёт куни бошланишида қайтариб бериши, филиал кредит маблағлари манбаларини мустақил ташкил этиб, жамланган пулдан ўзи мустақил фоиз белгилаб, актив амалиётларни бажариши лозим. Шунингдек, ссуда олувчи шахснинг маълумотларини банк тизимининг марказлашган маълумотлар базасига ва гаровга қўйилган мол-мулк­ни гаров реестрига мустақил, тўғридан-тўғри туманда туриб кирита олиши, фойдасини ҳар чоракда акциядорларнинг ялпи йиғилишини кутмай, ўзининг қарори билан тақсимлаши каби саволларга ижобий ечим берилса, ўйлайманки, филиал мисолида туман ҳокимларининг молиявий ёрдамчиси пайдо бўларди.

– Раҳмат. Барча қулайликлар яратилишини айтмаган бўлсангиз-да, лекин асосийларини санаб чиқдингиз. Ушбу қарор чиқди ва туманингиздаги банк филиали айтилган даражада ишни ташкил этди ҳам дейлик. Шунда сиз қандай қилиб боқимандаликдан чиқмоқчисиз?

– Албатта, янги иш ўринлари яратиб ва солиқ тўловчилар таркибини кенгайтириш орқали.

– Бундай тадбир билан неча йилда субвенциядан чиқасиз?

– Бир йилда бўлмаса ҳам, икки йилда чиқсам керак.

– Муддат кўп эмасми? Давлатимиз раҳбари ушбу масала ечимини барчамиздан бугун ҳал этилишини сўрамоқда. Шундай экан, фикр ва таҳлилимизни давом эттиришимизга тўғри келади.

– Мени маъзур тутасиз. Манзилга ҳам яқинлашиб қолдик. Шунинг учун ўзингиз қолган ҳолатларни тушунтириб берсангиз?

– Биринчидан, сиз кредит ҳисобидан янги иш ўринлари яратмоқчи бўлаяпсиз-да, лекин кредит олувчида унинг таъминоти борми ва қарзни вақтида қайтара оладими, деган саволга унчалик эътибор қаратмаяпсиз. Бизнингча, тадбиркор билан ҳокимлик биргаликда яратувчанлик жараёнида қатнашиши керак. Бунинг учун қарор лойиҳасида туман ҳокимлиги қошида банк кредити ҳисобидан янги иш жойлари яратишга мўлжалланган “Инвест қурилиш” ташкилоти ташкил этилиши лозим. Унга ҳокимлик кафиллигида банкдан кредит олиб, тадбиркор билан шерикчиликда ёки ўзи алоҳида ҳолда корхона очиб, акциядор ташкилотга айлантириб, акциясини қимматбаҳо қоғозлар бозорида сотишни йўлга қўйиш вазифаси юклатилиши керак. Шунда акцияни номинал баҳоси кредитни қайтаришига кетса, бозор баҳоси ўртасидаги фарқ маҳаллий бюджет даромадига тушади.

Иккинчидан, туман банк филиалига рес­публика банкидан ўтказиб берилган устав жамғармасини 90-95 фоизи Молия вазирлигига тегишли бўлиб, ҳар чоракда фойда тақсимланса, асосий дивиденд давлат бюджетига ўтиб кетади, натижада сизга оз сумма қолади. Яъни, бойликни сиз яратяпсизу, лекин даромадни юқори ташкилот олиб кетмоқда, оқибатда банк акцияси жозибадорлиги паст бўлиб, янги инвесторларни жалб эта олмайсиз.

Демак, филиал Молия вазирлигига тўланиши керак бўлган дивиденд суммасидан озод этилса, келажакда олинган фойда охирги акциядорлар улушига қараб тақсимланади. Бу дегани ҳар бир акциянгизга камида 50 фоиз даромад тўлайсиз. Айнан шу ҳолатда қарор лойиҳасида четдан жалб этилган инвесторларга йиллик 20 фоиздан кўп бўлмаган дивиденд тўлаб, қолган тақсимланмаган фойдадан республика банки билан туман ҳокимлиги тенг шерикчиликда ҳиссадор бўлиши кўрсатилса, ўйлаймизки, маҳаллий бюджетингизга тушадиган маблағ ҳиссаси анча ортади. Ана шунда сизнинг саъй-ҳаракатингиз орқали банкда янги акциядорлар пайдо бўлиб, давлат улуши озайиб боради. Лекин ёдда тутиш керакки, бунда Молия вазирлиги улушини 50 фоиздан кама­йтирмаслиги керак. Маҳаллий бюджет ҳимояси учун банкнинг устав жамғармасида давлат улуши қанча бўлиши кераклигини алоҳида ҳисоб­лаб беришимиз мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқсак, хулосаларимиз қуйидагича:

1. Гарчи Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бир нечта қонун ва қонуности ҳужжатларга ўзгартириш киритиш қийин бўлса-да, шу орқали иқтисодиётда туб бурилишга эришардик, шу кунгача “Ягона” бўлиб келган банк тизимини иқтисодиётдаги муаммоларнинг ҳал этилишига жалб этган бўлардик;

2. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун чекловларини йўқотиб, мулкга эгалик қилишни эркинлаштириш ва “муниципал акциялар”ни муомалага чиқариш орқали қимматли қоғозлар бозорининг ривожланишига асос бўлар эди;

3. Республика иқтисодиётида пул-кредит муносабатларининг самарали бошқарилиши асосида маблағ тақчиллиги бартараф этилиб, жамиятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтирилган тадбирларнинг унумдорлиги оширилиши таъминланарди;

4. Туман ҳудудида амалга ошириладиган тадбирларни эксперимент сифатида кўрсатиб, ижобий натижалар маъқулланганда, илмий таклифларимизни макроиқтисодиётга татбиқ этиш орқали пул массаси самарали бошқарилиб, инфляция даражаси белгиланган кўрсаткичларда бўлиши таъминланар эди.

 Ашур ҚОДИРОВ,

иқтисод фанлари доктори, профессор

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1511
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+