Дональд Трамп: «Мен учун Ўзбекистон етакчиси билан учрашиш катта шарафдир. У ўз мамлакатида ҳам, унинг ташқарисида ҳам катта ҳурмат-эътибор қозонган»

18.05.2018, 11:25

Дональд Трамп: «Мен учун Ўзбекистон етакчиси билан учрашиш катта шарафдир. У ўз мамлакатида ҳам, унинг ташқарисида ҳам катта ҳурмат-эътибор қозонган»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи ва Вашингтонда бўлиб ўтган икки томонлама музокаралар АҚШ оммавий ахборот воситаларининг катта қизиқиши ҳамда диққат-эътиборида бўлди, деб ёзмоқда "Халқ сўзи". 

Хусусан, Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп учрашуви ҳақидаги илк хабарни “Associated Press” ахборот агентлиги тарқатди. Агентлик материалида таъкидланганидек, бу Ўзбекистон раҳбарининг АҚШга илк расмий ташрифидир.

“Шавкат Мирзиёев 33 миллионга яқин аҳоли яшайдиган мамлакатда либераллашув жараёнини йўлга қўйди. Президент ўтмиш сарқитларини улоқтириб ташлаб, сиёсий маҳбусларни озод этди, хорижий валютани алмаштиришга чекловларни бекор қилди, мажбурий меҳнат амалиётига чек қўйди. Ҳукумат таркибида ҳам жиддий ўзгаришларга қўл урилди: эски амалдорлар ўрнини замонавий фикрлайдиган менежерлар эгаллади”, дейилади “Associated Press” тарқатган мақолада.

Нуфузли “The New York Times” газетаси мухбирларининг фикрича, республика табиий ресурсларга бой бўлиб, бугун Россия, Хитой ҳамда Америка Қўшма Штатлари манфаатлари кесишаётган Марказий Осиёда стратегик муҳим ўрин тутади”.

“Афғонистон билан чегарадош бўлгани ҳолда, Ўзбекистон ушбу мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, Ўзбекистон ҳамда АҚШ Президентларининг учрашувида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва “Толибон” ҳаракати билан тинчлик битимини имзолаш масаласи марказий ўрин тутди”, деб ёзади америкалик журналистлар.

АҚШ янгиликлар тармоқлари орасида биринчи ўринда турувчи “CNN” телеканали ўзининг репортажида Ўзбекистон — Америка алоқаларининг ижобий ўсиш суръатини қайд этади. Президент Трамп Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг янги даврини очишга интилаётгани таъкидланиб, республикада сўнгги вақтларда инсон ҳуқуқлари соҳасида салмоқли ўзгаришлар кечаётгани айтиб ўтилади.
“CNN” мухбирлари Дональд Трампнинг “Мен учун Ўзбекистон етакчиси билан учрашиш катта шарафдир. У ўз мамлакатида ҳам, унинг ташқарисида ҳам катта ҳурмат-эътибор қозонган. Биз турли масалалар юзасидан яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз”, деган сўзларини келтиради. “CBS News” телеканали эса Америка раҳбарияти Ўзбекистон билан алоқаларнинг устувор йўналишлари сифатида савдо-сотиқ, сармоялар ҳамда ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратаётганини хабар беради.

“Ўзбекистон Президентининг ташрифи чоғида Американинг етакчи компаниялари билан умумий қиймати 5 миллиард долларга яқин битимлар имзоланди. Мазкур келишувларнинг ҳаётга татбиқ этилиши орқали АҚШда ҳам, Ўзбекистонда ҳам кўплаб янги иш ўринлари яратилади”, дейди “CBS News” журналистлари.

Оқ уйдаги музокаралар жараёнини кузатган “ABC News” телеканали мухбирлари томонларнинг Ўзбекистон — Америка стратегик мулоқотини давр талабларидан келиб чиққан ҳолда янгилашга муштарак интилишини эътироф этдилар. “ABC News”нинг маълум қилишича, Марказий Осиёда давлатлараро кооперациянинг жадаллашиб, бу минтақанинг ягона организм сифатида шаклланишига хизмат қилаётган бир даврда Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги мулоқот минтақавий сиёсатнинг муҳим омилига айланмоқда.

“The Washington Post” газетаси ўқувчиларининг эътиборини Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатда “Америка овози” радиостанциясини аккредитациядан ўтказиш ҳақидаги қарорига қаратади. “Америка овози” АҚШнинг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган илк оммавий ахборот воситаси бўлди. “Республиканинг ташқи дунёга очилиши мамлакатнинг янги йўналишдаги ҳаракатига имконият яратиб, Марказий Осиёнинг чинакам эркинлиги ҳамда барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшади”, деб ёзади газета шарҳловчиси Рейд Стендиш.

“Newsweek” ҳафталик таҳлилий журнали “Президент Трамп “Толибон” ҳаракати билан тинчлик битими имзолашга ёрдам бериши мумкин бўлган Ўзбекистон Президенти билан учрашди” сарлавҳаси остида батафсил мақолани чоп этди.

Вашингтонда ҳукм сураётган атмосфера ҳақида фикр юритаркан, журнал шарҳловчилари Оқ уйдаги манбалар “Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи тарихий аҳамиятга эга. Биз савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириб, инсон ҳуқуқлари соҳасида биргаликда ишлашни мақсад қилганмиз. Республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар бизда оптимизм уйғотмоқда”, дея сўзлаганини таъкидлайди.

Журналда қайд этилишича, Америка бошқарув доиралари Ўзбекистон афғон масаласида ўзининг фаоллигини янада оширишига умид қилаётир. Шу маънода, нашрда жорий йил март ойида Тошкентда Афғонистон бўйича йирик халқаро конференция бўлиб ўтгани ва унда қатнашган йигирмадан ортиқ давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари Афғонистон ҳукуматининг толиблар билан музокараларни бошлаш бўйича саъй-ҳаракатларини бирдек қўллаб-қувватлашларини билдиргани эслатиб ўтилади.

“Бу мамлакат ўз йўлига нисбатан аниқ қарашга эга бўлиб, нафақат иқтисодий эркинлаштириш, балки давлатнинг сиёсий, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий тизимини ўзгартиришни назарда тутадиган ислоҳотларни амалга ошириш йўлини танлади”, дея Ўзбекистон ҳақида фикр билдиради “Newsweek” таҳлилчилари.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2580
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Ismoilov Umidjon2018-05-18 18:16:21

Yangibozor tumani Chöbolonchi Boshlanğich partiya tashkiloti. AQSH Prezidentining Muxtaram Prezidentimiz Shavkat Mirziyoyev haqida xurmat bilan gapirishlari bizga gurur bagishladi.


Қобил Астонов O'zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири2018-05-18 17:03:40

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кенгаяётгани қувонарли ҳол. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда имзоланган янги шартномалар иқтисодиётимизнинг янада ривожланишида ўз самарасини беради.


Жасур Рустамов (Навоий шаҳар бўлими ижрочи котиби)2018-05-18 15:18:00

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп учрашуви жуда ҳам самимий бўлиб ўтди.


Халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгаши депутати Г.Матмуратова 2018-05-18 15:15:12

Оқ уйдаги музокаралар жараёнида томонларнинг Ўзбекистон — Америка стратегик мулоқотини давр талабларидан келиб чиққан ҳолда янгилашга муштарак интилишини эътироф этдилар. Президентларининг учрашувида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва “Толибон” ҳаракати билан тинчлик битимини имзолаши бу дунё тинчлиги учун мухим ахамият касб этади.


Шоира Хасанова Жиззах вилояти Аёллар қаноти2018-05-18 14:24:16

Ўзбекистон ва АҚШ президентиларининг учрашувини хаяжон билан кузатдик. Хамкорлик шартномалари дўстлик занжирига айланишига тилакдошмиз. Зеро, жаннатмакон Ўзбекистон ва сеҳрли АҚШ ўртасида ўзаро дўстлик ва ишонч муносабатлари бардавом бўлсин!


Акбар Якубов, Жиззах вилояти2018-05-18 14:12:54

Оқ уйдаги музокаралар жараёнини кузатган “ABC News” телеканали мухбирлари томонларнинг Ўзбекистон — Америка стратегик мулоқотини давр талабларидан келиб чиққан ҳолда янгилашга муштарак интилишини эътироф этганликлари бизни жуда қувонтирди


Тошкент ЁШЛИК ТШ Миралимова Г.2018-05-18 12:18:58

Икки давлат президентларининг самимий ,дўстона учрашувларини ўзбек халқи қувонч билан кузатиб борди.Бундай хамкорлик вардавом бўлсин.Биз хам ўз навбатида юртимиз тинчлигига ,юксалиб боришига ўз хиссамизни қўшишга кучимизни аямаймиз.


Тешабоев Акмалдин Багдод туман Фибрадиагностика МЧЖ БПТ етакчиси2018-05-18 12:13:38

Ушбу учрашувда Узбекистон “Афғонистон билан чегарадош бўлгани, Ўзбекистон ушбу мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этишлигини хамда Ўзбекистон ва АҚШ Президентларининг учрашувида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва “Толибон” ҳаракати билан тинчлик битимини имзолаш масаласи куриб чикилганлиги кушни давлатларда хам тинчлик, ахоли фаровонлигини оширишга яна бир кадам булди.


O’zLiDeP Хива туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари - аппарат раҳбари2018-05-18 11:55:05

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп учрашуви жуда ҳам самимий бўлиб ўтди. Д.Трамп бизнинг Президентимизнинг инсон ҳуқуқларини мухофаза қилиш ва мамлакатни иқтисодий ривожлантириш соҳасидаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳо бериб ўтгани бежиз эмас албатта. Бу бизнинг Ўзбекистонга бўлган ишончни янада ортишига имкон яратади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+