“Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этилади

06.12.2017, 17:23

“Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этилади
 
“Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Тошкент вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш ҳамда ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ҳудудга хорижий ва маҳаллий туристларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, замонавий инфратузилмани жадал ривожлантиришни таъминлаш, кўрсатилаётган туристик, меҳмонхона ва транспорт хизматларини кенгайтириш ва сифатини ошириш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг (кейинги ўринларда – Ўзмиллийбанк): 

Тошкент вилоятининг Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси чегараси доирасида “Чорвоқ” эркин туристик зонасини (кейинги ўринларда – эркин туристик зона) ташкил этиш; 

эркин туристик зона ҳудудида замонавий меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектлар қуриш, шунингдек, замонавий муҳандислик инфратузилмаси объектларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин. 

2. Қуйидагилар эркин туристик зонанинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин: 

эркин туристик зонада замонавий туризм инфратузилмаси объектлари (меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектлар)ни, туристларга хизмат кўрсатиш учун зарур шароитларни таъминлаган ҳолда махсус функционал ва мавсумий рекреацион дам олиш зоналарини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг инвестицияларини жалб қилиш; 

ҳудуднинг экомуҳити имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ўзига хос туристик йўналишларни ташкил этиш; 

транспорт воситаларининг арзонлигини таъминлаш, ҳудудда транспорт ҳаракатининг янги (поезд, электропоезд, автобус), шу жумладан, муқобил энергия манбаларида ҳаракатланувчи турларини жорий этиш, йўловчи транспорти йўналишларини кенгайтириш, унинг тўхтовсиз ҳаракатини ташкил этиш, тегишли транспорт инфратузилмасини ривожлантириш; 

туристлар хавфсизлигининг қўшимча шароитларини, шу жумладан, туристик инфратузилма объектларини видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш, огоҳлантириш тизимларини ташкил этиш, минтақа ҳудудига келувчи туристлар ҳақида ягона маълумотлар базасини, фавқулодда ҳолатларда тез ёрдам бериш тизимини жорий этиш йўли билан яратиш; 

эркин туристик зона ҳудудида лойиҳаларни амалга ошираётган ва фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда инвесторлар (шу жумладан, хорижий инвесторлар) учун белгиланган алоҳида божхона ва солиқ режимларини таъминлаш; 

энергиянинг муқобил ва қайта тикланадиган манбаларини қўллаган ҳолда янги замонавий энергия тежовчи тизимлар ва технологияларни синов тариқасида жорий қилиш асосида ўзига хос экологик тизимни яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш. 

3. Белгилансинки: 

эркин туристик зона эркин иқтисодий зона ҳисобланади; 

эркин туристик зона ва эркин туристик зона иштирокчилари сифатида рўйхатга олинган тадбиркорлик субъектларига эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидалари, шу жумладан, эркин иқтисодий зоналар ва улар иштирокчилари учун назарда тутилган барча имтиёз ва преференциялар татбиқ этилади; 

эркин туристик зонанинг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади. 

4. Тошкент вилоятининг эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда – маъмурий кенгаш) зиммасига эркин туристик зона бўйича маъмуриятчилик функциялари юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш департаменти директори маъмурий кенгаш таркибига киритилсин. 

5. Тошкент вилояти ҳокимлиги маъмурий кенгаш, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда ташкил этилаётган эркин туристик зонанинг аниқ чегараларини белгиласин. 

Белгилансинки, эркин туристик зона Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси доирасида яхлит ҳудуд кўринишида, шунингдек, алоҳида ҳудудлар кўринишида белгиланиши мумкин. 

6. Вазирлар Маҳкамаси икки ойлик муддатда эркин туристик зонага кирувчи ҳудудлар чегараларини белгилаш, шунингдек, “Чорвоқ” эркин туристик зонаси Дирекциясини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин. 

7. Қуйидагилар: 

эркин туристик зонанинг бош режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича буюртмачи этиб – Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси; 

энергиянинг қайта тикланадиган манбаларидан (қуёш, шамол, геотермал) фойдаланган ҳолда муҳандислик инфратузилмаси объектларини ташкил этиш, шунингдек, эркин туристик зонанинг экологиясини сақлаш учун замонавий тозалаш иншоотлари ва иссиқлик билан таъминлаш объектларини қуриш бўйича бош лойиҳа, бош пудратчи ва фойдаланувчи ташкилот этиб – “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ; 

эркин туристик зонанинг бош режаси ва ҳудуднинг батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳа ташкилоти этиб – “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК белгилансин. 

8. “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК олти ой муддатда халқаро маслаҳатчиларини жалб қилган ҳолда эркин туристик зонанинг бош режаси ва ҳудуднинг батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда маъмурий кенгаш билан келишилган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги: 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига Эркин туристик зона ҳудудида йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини ривожлантириш дастурини тасдиқлаш учун киритсин; 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда ҳар йили келгуси йил учун Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурлари параметрларини шакллантиришда эркин туристик зонанинг бош режаси ва ҳудуднинг батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун ҳақ тўлаш, эркин туристик зонанинг ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган бош режаси асосида эркин туристик зонанинг транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун капитал қўйилмалар лимитларини ҳамда зарур марказлаштирилган инвестициялар ажратилишини назарда тутсин; 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, маъмурий кенгаш билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига эркин туристик зонада амалга ошириш ва жойлаштириш учун лойиҳаларни танлаш мезонлари бўйича таклифлар киритсин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) эркин туристик зонада амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит линияси очилишини таъминласин. 

Белгилансинки: 

Жамғарма томонидан ажратиладиган кредит линияси маблағларини қайта молиялаштириш Ўзмиллийбанк, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асака” АТБ томонидан амалга оширилади; 

кредит линияси доирасида хорижий валютадаги кредитлар 2 йиллик имтиёзли давр, 2 фоиз қўшилган 6 ойлик ЛИБОР ва банкнинг 0,5 фоиз миқдоридаги маржасига тенг бўлган фоиз ставкаси билан 7 йилгача муддатга тақдим этилади; 

Жамғарма кредит линияси маблағлари замонавий импорт жиҳозлари ва технологияларини харид қилиш учун инвестиция лойиҳаси қийматининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган суммада ажратилади. 

11. Ўзмиллийбанк, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асака” АТБга: 

эркин туристик зона ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларида 100 фоизгача банк улуши билан, шу жумладан, банкларнинг тегишли инвестиция компаниялари орқали иштирок этиш; 

амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда халқаро молиявий институтлар, хорижий банклар ва бошқа инвесторлар – юридик ва жисмоний шахслар (шу жумладан, хорижий), давлат ва нодавлат жамғармалар, корхона ва ташкилотларнинг грантлари, кредит линиялари ва инвестицияларини, беғараз молиявий ёрдамларини ҳамда тижорат банкларининг кредитларини жалб қилиш ҳуқуқи берилсин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда эркин туристик зона ҳудудида интеллектуал транспорт, геоинформация тизими ва бошқа шу кабиларни назарда тутувчи хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини жорий этиш бўйича таклифлар киритсин. 

13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ойлик муддатда туристларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, шу жумладан, тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин, бунда эркин туристик зонанинг тиббиёт муассасалари, хусусан соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини муассасалари билан таъминланишига, уларнинг замонавий жиҳозлар ва юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишига алоҳида эътибор қаратсин. 

14. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ойлик муддатда Вазирлар Маҳкамасига Тошкент – Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси (ва ортга) йўналиши бўйича, зарур ҳолда янги қулай йўналишларни жорий этган ҳолда, комбинациялашган йўловчи ташиш тизимини янада ривожлантириш бўйича таклифлар киритсин. 

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги ПҚ–2916-сон қарори билан ташкил этилган Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш бўйича Республика комиссияси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда маиший чиқиндиларни эркин туристик зона ҳудудидан энг яқин чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарига олиб чиқиб кетишни тизимли равишда ташкил этиш бўйича чоралар кўрсин. 

16. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзмиллийбанк билан биргаликда икки ой муддатда: 

Чорвоқ эркин туристик зонасини янада ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ва уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ҳамда уларни маъмурий кенгаш ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритсин; 

қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш 
ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

17. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмурадов зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 5 декабрь 

 * * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чорвоқ” эркин
туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига
Ш А Р Ҳ


Ўзбекистон Республикасида иш ўринлари яратиш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, ҳудудларни жадал ривожлантириш, валюта тушумларини кўпайтириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш каби энг муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифаларни яқин истиқболда ҳал қилиш учун кенг салоҳиятга эга бўлган туризм соҳасини ривожлантириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Тошкент вилояти улкан туристик салоҳиятга эга. Чунончи, ҳудудда экстремал ва тоғ туризмини, яъни чаналарда учиш, сноубординг, парапланда ва дельтапланда учиш, велоспорт, мотоспорт ва экстремал спорт турлари, ҳамда экологик ва қишлоқ хўжалик туризми ривожлантиришга табиий шароитлар бор. 

Хусусан, Тошкент вилояти тоғларида Чорвоқ сув омбори мавжуд бўлиб, унинг соҳилида кўплаб пансионатлар, дам олиш зоналари ва болалар спорт соғломлаштириш лагерлари жойлашган. Муҳташам ғарбий Тянь-Шань тоғлари кўплаб туристик йўллар ва йўлаклар, шаршаралар, ғорлар, чуқурликлар, ёнғоқзорлар ва боғлар 2016 йили ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, “Угом-Чотқол” миллий боғи 230 турдаги ҳайвонлар, 1800 ўсимлик турлари ва 4 та табиий кўлларни (Урунгач, Бодак, Шовури, Ихнож) ўз ичига олади. 

Бугунги кунда вилоятда маҳаллий ва хорижий туристларга хизмат кўрсатувчи жами 120 та корхона фаолият кўрсатмоқда: улардан 15 таси туристик операторлар, кунига 2440 та туристга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган 45 меҳмонхона, 71 санаторий ва дам олиш масканлари. Туризм хизматлари экспортнинг жами 44,6 миллион АҚШ долларини ташкил этади, бу эса ўсишнинг 109,2 фоизини ташкил этади. 

Шунга қарамай, минтақанинг йирик туристик салоҳияти ва табиий ресурслари ҳисобга олинса, бу кўрсаткични қониқарли деб бўлмайди, яъни турар жойлар, санаторийлар ва дам олиш масканларини жойлаштириш учун етарлича маблағлар мавжуд эмас, туристик инфратузилмалар ривожланиш ва туристларга кўрсатилаётган хизматлар сифати паст, шунингдек, уларнинг турлари сони чекланган. 

Шу билан бирга, Тошкент вилоятидаги туризм соҳаси бугунги ҳолатининг таҳлили туристларнинг арзон ва сифатли дам олиш эҳтиёжларини тўлароқ қондириш учун мазкур соҳани янада ривожлантириш бўйича самарали чораларни қабул қилиш лозимлигини кўрсатмоқда. 

Шу муносабат билан Тошкент вилоятининг туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва ривожлантириш, транспорт-коммунал инфратузилма объектлари комплексини ва янги туристик йўналишларни шакллантирилган ҳолда Чимён-Чорвоқ рекреация ҳудудида замонавий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўли билан дам олиш ва туризм учун шароитларни яхшилаш, шунингдек, туристик хизматлар сифатини ошириш, унинг асосида янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг даромадлари ўсишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг мантиқий давоми ҳисобланади ва Тошкент вилоятининг туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ривожлантириш ва оширишга қаратилган. 

Тошкент вилоятининг ўзига хос курорт-рекреация шароитларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан замонавий меҳмонхона мажмуаларини, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектларни қуриб, шунингдек, замонавий муҳандислик инфратузилмасини яратган ҳолда Чимён-Чорвоқ рекреация ҳудудида “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш назарда тутилмоқда. 

Ўзбекистоннинг потенциал фойдали туризм саноати ҳозирги вақтда меҳмонхоналар қурилиши ва деярли барча замонавий инфраструктура учун инвестицияларнинг етишмовчилиги, шунингдек, туристларни жалб қилиш ва чет элда дам олишни афзал кўрадиган фуқароларни ички туристик бозорга қайта йўналтириш учун зарур бўлган хизмат кўрсатиш даражасининг пастлиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётганлиги сабабли эркин туристик зонани яратиш давлат аҳамиятидаги масалага кўтарилди. 

Ташкил этилаётган “Чорвоқ” эркин туристик зонаси Ўзбекистондаги шу каби зоналар ичида биринчи ва ягоналиги боис, эркин туристик зоналар мамлакатимиз учун инновация характерига эга ҳисобланади. 

Фармон билан “Чорвоқ” эркин туристик зонасининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланмоқда: 

эркин туристик зонада замонавий туризм инфраструктураси объектлари (меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектлар)ни, туристларга хизмат кўрсатиш учун зарур шароитларни таъминлаган ҳолда махсус функционал ва мавсумий рекреацион дам олиш зоналарини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ва мамлакатимиз инвесторларининг инвестицияларини жалб қилиш; 

ҳудуднинг экомуҳити имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ўзига хос туристик йўналишларни ташкил этиш; 

транспорт воситаларининг арзонлигини таъминлаш, ҳудудда транспорт ҳаракатининг янги (поезд, электропоезд, автобус), шу жумладан муқобил энергия манбаларида ҳаракатланувчи турларини жорий этиш, йўловчи транспорти ҳаракатининг йўналишларини кенгайтириш, уларнинг тўхтовсиз ҳаракатини ташкил этиш, тегишли транспорт инфраструктурасини ривожлантириш; 

туристлар хавфсизлиги қўшимча шароитларини, шу жумладан, туристик инфратузилма объектларини видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш, огоҳлантириш тизимларини ташкил этиш, зона ҳудудига келувчи туристлар ҳақида ягона маълумотлар базасини, фавқулодда ҳолатларда тез ёрдам бериш тизимини жорий этиш йўли билан яратиш; 

эркин туристик зонада лойиҳаларни амалга ошираётган ва фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар (шу жумладан, хорижий инвесторлар) учун белгиланган алоҳида божхона ва солиқ режимларини таъминлаш; 

муқобил ва қайта тикланадиган манбаларни қўллаган ҳолда янги замонавий энергия тежовчи тизимлар ва технологияларни синов тариқасида жорий қилиш асосида ўзига хос экологик тизимни яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш; 

Туризм инфратузилмаси объектларини, дам олишни ва туристик хизматларни ривожлантириш учун ташкил этиладиган эркин туристик зоналар эркин иқтисодий зоналарнинг бир тури эканлигини ҳисобга олиб: 

“Чорвоқ” эркин туристик зонасининг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йил этиб белгиланди; 

эркин туристик зонага ва зона иштирокчилари сифатида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектларига эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонунчилик қоидалари, жумладан эркин иқтисодий зоналар ва уларнинг иштирокчилари учун назарда тутилган барча имтиёз ва афзалликлар татбиқ этилди. 

Эркин туристик зонанинг яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 октябрдаги ПҚ–3356-сон “Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган Тошкент вилоятида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши таркибига Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вакили ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш департаментининг директори киритилди. 

Фармонда ваколатли вазирлик ва идораларга эркин туристик зонани ривожлантириш бўйича қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган бир қатор топшириқлар назарда тутилган: 

эркин туристик зона ҳудудида хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини, шу жумладан, интеллектуал транспорт, геоахборот тизими ва бошқаларни жорий этиш бўйича таклифларни киритиш; 

эркин туристик зонани тиббиёт муассасалари билан таъминлашга, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини муассасалари, уларнинг замонавий жиҳозлар ва юқори малакали кадрлар билан таъминланганлигига асосий эътибор қаратган ҳолда туристларга сифатли тиббий хизмат, шу жумладан, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш; 

Тошкент – Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси маршрути (ва ортга) бўйича комбинациялашган йўловчи ташув тизимини янада ривожлантириш, зарурат бўлганда янги қулай йўналишларни жорий этиш бўйича таклифларни киритиш; 

эркин туристик зона ҳудудидан маиший чиқиндиларни тизимли асосда уларни қайта ишлайдиган яқин корхоналарга олиб чиқиб кетиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш; 

“Чорвоқ” эркин туристик зонасини янада ривожлантириш Концепцияси лойиҳасини, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини киритиш. 

Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири унинг эркин иқтисодий зона ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилганлиги ҳисобланади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига кредит ва фоизларни узишнинг қулай шартларини тақдим этишни ўз ичига олувчи 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит линиялари очишни таъминлаш топширилган. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асака” АТБга: 

эркин иқтисодий зона ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларида банкларнинг, шу жумладан банкларнинг тегишли инвестиция компаниялари орқали 100 фоизгача иштирок этиш; 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда халқаро молия институтлари, хорижий банклар ва бошқа инвесторларнинг – юридик ва жисмоний шахсларнинг (шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахсларнинг), давлат ва нодавлат фондларнинг, корхона ва ташкилотларнинг грантлари, кредит линиялари ва инвестициялари, беғараз молиявий ёрдамларини, шунингдек, амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банкларининг кредитларини жалб этиш ҳуқуқи берилмоқда. 

Фармоннинг қабул қилиниши замонавий инфратузилмани изчил ривожлантириш, тақдим этиладиган туристик, меҳмонхона ва транспорт хизматлари сифатини ҳамда Чимён-Чорвоқ рекреация ҳудудига ташриф буюраётган хорижий ва маҳаллий туристлар учун хизматлар даражасини яхшилаш мақсадида хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича масалаларни ҳал этишни тезлаштиришга имкон беради. 

ЎзА
  • Кўрилди
    1835
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+