“Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ташқи сиёсатида юксалиш рўй бермоқда”

29.01.2019, 12:23

“Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ташқи сиёсатида юксалиш рўй бермоқда”

Иқтисодиёт ва молия бўйича нуфузли “El Mundo Financiero.com” (Испания) халқаро журналида шундай сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унинг муаллифи қирол Хуан Карлос номидаги университет профессори Карлос Уриартедир. Олимнинг қайд этишича, Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришганидан сўнг Ўзбекистонда мамлакатни фаол ривожлантириш ва модернизация қилишга қаратилган улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ташқи сиёсатда ҳам туб ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. К. Уриартенинг айтишича, Ўзбекистон қўшнилар билан муносабатларда янги йўналиш ташаббуси билан чиқди. Тинчлик, яхши қўшничилик, ҳамкорлик ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш унинг ­асосини ташкил этади.

Ўзбекистон етакчисининг 2018 йилда АҚШ ва Франция ҳамда бошқа давлатларга амалга оширган ташрифлари унинг нафақат яқин ­хориждаги, балки ғарбдаги йирик иқтисодий илғор мамлакатлар билан ҳам икки ­томонлама шерикликни ­кенгайтириш истаги борлигидан далолат беради.

Ўтган йил июнь ойида Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммити доирасида ХХР Раиси Си Цзиньпин билан учрашди. 2018 йилнинг 30 сентябрь — 1 октябрь кунлари Ўзбекистон Президенти ­Ҳиндистонга давлат ташрифи билан борди. Октябрь ойида Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистонга келди. Бинобарин, ­муаллиф ўтган йиллардаги муҳим ­воқеаларни санаб ўтади.

Экспертнинг фикрича, Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 9 июнь куни ­Остонада бўлиб ўтган ШҲТ саммитидаги иштироки ­доирасида Испания Қироли Филипп VI билан учрашуви икки томонлама алоқалар равнақига хизмат қилди.

Охирги уч йилда Ўзбе­кистон халқаро майдонда алоҳида эътирофга сазовор бўлди. Карлос Уриарте ­АҚШнинг Ўзбекистонни “алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар рўйхати”дан чиқариш тўғрисидаги қарорини муҳим муваффақиятлардан бири сифатида эътироф этган. Ўз навбатида, диний эркинлик соҳасида эришилган ютуқлар ҳам таъкидлаб ўтилган. “Ўзбекистон фаолият кўрсатиш, интеграция қилиш ва ҳамжиҳатлик борасида намуна бўладиган кўп миллатли ва кўп конфессияли республикадир”, дея урғу беради муаллиф.

Шавкат Мирзиёевнинг янги сиёсати дунё кун тартибига ижобий ғоялар олиб кирганини таъкидлайди ­муаллиф. Улар муваффа­қиятли амалга ошириляпти.

Жумладан, 2018 йил 27 ноябрь куни БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди тақдимоти бўлиб ўтди. У Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яратилди.

Орол денгизи дунёда катталиги бўйича қачонлардир тўртинчи ўринда турарди. Бироқ собиқ иттифоқ даврида сув ресурсларидан ­нооқилона фойдаланиш оқибатида сув ҳажми 80 фоиздан зиёдга камайиб кетди. Натижада бу минтақада экологик ҳалокат ва ижтимоий муаммоларга олиб келди.

Ўзбекистон нафақат ўзи ўрнак бўлган ва ­ташаббус кўрсатган ҳолатда кўплаб молиявий ресурсларни тақдим этди, балки БМТга аъзо бошқа давлатларни глобал экологик инқироз оқибатларини юмшатиш йўлида бирлашиш ҳамда унда иштирок этишга чақирди.

2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди. Бу ҳам Ўзбекистон етакчиси томонидан илгари сурилган ташаббуснинг амалий натижасидир. ­Элликдан зиёд давлатлар мазкур резолюциянинг ҳаммуаллифи бўлди. Уни БМТга аъзо ­барча мамлакатлар бир овоздан қўллаб-қувватлади. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва интеграцияни илгари суришга қаратилган ташаббусларининг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишидир. Бинобарин, бундан кўзланган мақсад ­диний эркинликни таъминлаш, бу ­борадаги ҳуқуқларни ҳимоя қилишдир.

“Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ­мустаҳкамлаш” резолюциясининг қабул қилиниши Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Марказий Осиёдаги ижобий жараёнларнинг ­халқаро ҳамжамият томонидан эътирофига ­айланди.

Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлганига қарийб икки йилдан ортиқ вақт ­ўтганига қарамасдан, ҳам миллий, ҳам халқаро муносабатлар соҳасида муҳим ислоҳотлар рўёбга чиқарилди, дея тўхталиб ўтади муаллиф. Профессор Карлос Уриарте Испания ва Ўзбекистон ҳамкорликни фаоллаштиришига умид билдиради. Бу эса Испанияда навқирон, барқарор ва тўлиқ имкониятларга эга мамлакат элчихонаси очилишига хизмат қилади.

"Халқ сўзи"

  • Кўрилди
    1985
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Azizbek2019-05-12 19:09:39

Kanal ijodkorlariga katta raxmat!!! Bitta taklifim bor edi. Prezidentimizning davlat tashriflari haqida to'liq ma'lumotlar berilsa, o'zimizga ozmoz bo'lsa ham yaxshi ma'lumotlarni olgan bo'lar edik. Ishlaringizga rivoj tilayman.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+