Ёшлар тараққиётимизнинг чинакам таянчи

15.11.2017, 19:07

Иброхим Саттаров
Иброхим Саттаров

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари

Президентимизнинг Наманганга ташрифлари вилоятимиз аҳолисининг айниқса, биз ёшларнинг шижоатига-шижоат, кучига-куч қўшди, шу билан бирга улкан масъулият юклади. Давлатимиз раҳбари ўз ташрифини маърифатпарвар аждодимиз Исҳоқхон Ибратга атаб қурилаётган мажмуа билан танишишдан бошлаб, мазкур мажмуани мазмунан янада такомиллаштириш, тил ўргатиш бўйича махсус мактаб ташкил этиш, бу ерда ёшлар хорижий тилларни ўрганишини, уларга пойтахтимиздаги университетлар ўқитувчилари, чет эллик мутахассислар келиб дарс беришлари лозимлигини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга ёшлар тарбияси ҳақида гапирганда, шошмасдан, бу борадаги ишларни ёшлар ва ота-оналарнинг талаб-истакларидан келиб чиқиб, ҳар томонлама пухта ўйлаган ҳолда амалга ошириш керак деди Президентимиз. Юртбошимизнинг вилоятдаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари ва ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш ҳамда фуқаролар билан учрашувлар ва нуроний оқсоқоллар билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида ҳам ёшлар тарбияси, бошланғич таълим тизимини такомиллаштириш, ёшларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бир сўз билан айтганда Президентимиз бутун ташрифлари давомида барча саъйи-харакатларни ёшлар мамлакатимиз тараққиётининг ҳақиқий таянчига айланишига сафарбар этилиши лозимлигига алоҳида урғу бердилар. Албатта, биз ёшлар бундан нафақат руҳландик, куч-қувват олдик, елкамизда ватанимиз равнақи йўлида улкан масъулият борлигини яна бир бор ҳис қилдик. Биз партия “Ёшлар қаноти” вакиллари вилоятда ёшлар йўналишида олиб бораётган ишларимизни танқидий, таҳлилий қайта кўриб чиқиб, ёшлар билан ишлашда асосий эътиборни уюшмаган ёшларга, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда фаол мехнатга жалб этишга қаратилган “Ватан келажаги учун барчамиз масъулмиз”, “Билим ва меҳнатимиз билан юртимиз равнақига муносиб ҳиссамизни қўшамиз” каби мақсадли лойиҳаларни ва тизимли ишларни амалга оширишга қаратамиз. Шу билан бирга ёшлар, айниқса уюшмаган ёшлар муаммоларини ҳал этишда қуйидаги таклифларни амалиётга киритилишини олға сурамиз. Биринчидан, уюшмаган ёшлар билан ўтказилган учрашувлар ва суҳбатлар натижасида таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, уюшмаган ёшларнинг 20-25 фоизи тадбиркорлик фаолиятини бошлашни, қолган 75-80 фоизи эса эгаллаган касби ёки ҳунари бўйича корхона ва ташкилотларда ишлашни хоҳлашади. Бунда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган ёшларнинг истиқболли лойиҳаларига тижорат банклари томонидан 9 фоиздан ортиқ бўлмаган фоизда имтиёзли кредитлар ажратиш; Уюшмаган ёшларни ишга қабул қилган корхона ва ташкилотларга ягона ижтимоий тўловларни тўлашда уюшмаган ёшлар қисмига имтиёзлар бериш. Иккинчидан, ҳудудларда уюшмаган ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Бунда уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини унумли ўтказишлари учун жойлардаги маданий, маърифий ва спорт объектларини қайта таъмирлаш, янгиларини ташкил этиш, бу объектларга хориждан олиб кирилаётган жиҳозларга божхона имтиёзларини бериш мақсадга мувофиқ бўлади.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!


  • Кўрилди
    355
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш