Нуруллоҳ Камолхўжаев, Вусонг университети талабаси (Жанубий Корея):

26.01.2018, 18:41

Нуруллоҳ Камолхўжаев
Нуруллоҳ Камолхўжаев

Вусонг университети талабаси (Жанубий Корея)

– Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг иқтисодиётни ривожлантиришга тааллуқли қисми илғор қарашлар кўплиги билан, айниқса, эътиборимни тортди.

Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга икки йилгача мораторий қўйилаётгани, инновацион лойиҳаларни молиялаштириш учун венчур фондлар имкониятларини жалб қилиш кўзда тутилаётгани, инвесторлар учун солиқ тизими аниқ ва тушунарли бўлишига алоҳида эътибор қаратилаётгани бугун Ўзбекистонда иқтисодиётга энг замонавий механизмлар жорий этилаётганидан далолат беради. Худди шундай ижобий қадамлардан бири маҳаллий ва хорижий инвесторларни керакли статистик ахборотлар билан таъминлайдиган, бизнес юритиш учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берадиган “Инвестиция портали” очиш таклифининг илгари сурилгани бўлди. Бундай янгиланишлар яқин келажакда мамлакатимизни дунёдаги энг инвестицион жозибадор давлатлардан бирига айлантириши шубҳасиз.

Таҳсилим давомида аксарият ривожланган давлатлар айнан мана шундай илғор усулларни қўллаш орқали катта ютуқларга эришганини кўплаб мисолларда кўрганман. Хусусан, мен таълим олаётган Вусонг университети Жанубий Кореянинг Дайжонг шаҳрида жойлашган бўлиб, ушбу шаҳарни АҚШнинг “Силикон водийси”га қиёслашади. Бу ерда иқтисодиёт учун янги ёндашувлар, инновацион технологиялар яратиладики, уларнинг фурсатни бой бермасдан тўхтовсиз амалиётга тезда жорий этилаётгани бугун Жанубий Кореядаги кескин ижобий ўзгаришларда алоҳида ўрин тутади.

Ўйлайманки, Президентимиз ташаббуси билан иқтисодиётга татбиқ этилаётган янгича ёндашувлар юртимизни ҳам яқин йилларда мана шундай замонавий иқтисодиётга эга давлатлар қаторига қўшади.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!


  • Кўрилди
    99
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш