Азалий дўстлик — абадий дўстлик

25.04.2019, 10:25

Азалий дўстлик — абадий дўстлик

Вадим ЛИ, O‘zLiDeP Ангрен шаҳар Кенгаши раиси:

Ўзбек ва корейс халқларининг анъаналари азалдан ўхшаш бўлиб келган. Кекса авлодга катта ҳурмат, оила муқаддаслиги, олға интилишдаги қатъият ва ҳалол меҳнатни рағбатлантириш фазилатлари икки халқ тийнатида мужассам. Бундай уйғунлик иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда ҳам қўл келаётир.

Жанубий Корея Президенти Мун Жэ Иннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўтказилган бизнес-форум вақтида “Ангрен” иқтисодий зонаси “Инчхон” эркин иқтисодий зонаси бошқарувига ўтказилиши муҳокама қилингани икки томонлама манфаатли муносабатларни янада тараққий эттиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди, деб ўйлайман. Бу эса янги-янги сармоялар, юзлаб иш ўринлари, аҳоли қатламлари учун барқарор даромад манбаи деганидир.

Мен Ўзбекистоннинг бахтиёр фуқаросиман. Шу заминда дунёга келдим, ўсдим, улғайдим, билим олдим. Тадбиркор сифатида танилдим. Ҳозир 60 киши ишлайдиган “Quvvat” масъулияти чекланган жамияти раҳбариман. Айни пайтда O‘zLiDePнинг Ангрен шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатиман. Буларнинг барчаси Президентимизнинг тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида зарур шарт-шароит, имкониятларни яратишга қаратилган оқилона сиёсати туфайли юз бермоқда. Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичга кўтарилганидан мамнунмиз.

Вячеслав КАН, Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси:

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи давомидаги икки томонлама учрашувларни оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам кузатиб бордим. Юксак илмий-техник, инновацион ва интеллектуал имкониятларга эга Корея Республикаси билан айни йўналишдаги ҳамкорликнинг янада янги босқичга кўтарилаётганидан хурсанд бўлдим.

Фикримиз исботи тариқасида айрим рақамларни келтириш ўринли: 2018 йили Корея Республикаси ялпи ички маҳсулотининг 4,24 фоизини, яъни 79,4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағни илм-фан соҳасига сарфлаб, бу борада дунёда иккинчи ўринни эгаллаганини ҳамма ҳам билмаса керак. Шуларни инобатга олган ҳолда мазкур мамлакат билан инновация соҳасида самарали муносабатларни ўрнатиш ўта муҳим масаладир.

Ўтган йилларда Ўзбекистон ва Корея илмий жамоатчилиги ўртасидаги илмий-техник алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Корея ривожланиш институти, Корея илмий-техник ахборот институти, Корея политехника университети, Корея илм-фан ва техника жамғармаси каби қатор муассасалар билан илмий-тадқиқот ишлар бажарилгани ҳар биримизга мамнуният бағишлайди.

Илмий-техник ҳамкорлик доирасида қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари, соғлиқни сақлаш, физика-кимё, ахборот-коммуникация технологиялари, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликдаги илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар ўзбек олимларининг илмий тадқиқот ишларига Корея инвестицияларини жалб этиш, Корея илмий лабораторияларининг асбоб-ускуналари ва материалларидан фойдаланиш, шунингдек, халқаро илмий журналларида мақолаларини чоп этишга хизмат қилади.

Ишончим комилки, Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистонга ташрифи муҳим воқеа сифатида мамлакатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштиради. Бу жиҳатга бежиз урғу бераётганим йўқ. Юртимизда истиқомат қиладиган 140 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари орасида икки юз мингга яқин корейс миллатига мансуб фуқаролар ҳам яшаб келаяпти.

Мамлакатимизда корейс ҳамда бошқа миллат вакилларига катта имкониятлар яратилган. Бунинг яққол далили сифатида мен 2017 йилда 14-“Сувмаш” сайлов округидан Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши депутати этиб сайландим. 

Пойтахтимизнинг Бектемир туманида жойлашган “Сувчи” даҳаси, “Роҳат”, “Миришкор” каби маҳаллаларида кўплаб корейс миллатига мансуб аҳоли тинч-осойишта ҳаётда кечириб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилишяпти. Бир сўз билан айтганда, бугунги кундаги икки давлат ўртасидаги турли соҳадаги ҳамкорликлар турли миллат вакилларининг аҳил ва тотув турмушининг барқарор кафолатидир.

  • Кўрилди
    3368
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

Носирова Шоира Кармана туман Кенгаши депутати2019-04-29 12:36:22

Ҳақиқатдан ҳам ўзбек ва корейс халқларининг анъаналари азалдан ўхшаш бўлиб келган. Улар ҳақидаги кинолар буни ёрқин далили. Кекса авлодга катта ҳурмат, оила муқаддаслиги, ҳалол меҳнатни рағбатлантириш фазилатлари иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда ҳам қўл келмоқда. Президентимизнинг тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида зарур шарт-шароит, имкониятларни яратишга қаратилган оқилона сиёсати туфайли юз бермоқда. Бундай бирдамлик барчамизни қувонтиради.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+